Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 1 / Солиқ солиш

2015 йилги солиққа оид янгиликлар

2014 йил 4 декабрда «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-379-сон Қонун ва Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2270-сон Қарори қабул қилинди, ушбу ҳужжатлар 2015 йил 1 январдан кучга кирди.

Бугун биз ресурс тўловлари ва мол-мулк солиғига дахлдор янгиликларни кўриб чиқамиз.

 

СУВ РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНГАНЛИК УЧУН СОЛИҚ

Солиқ кодексининг (Кодекс) мазкур солиқни тартибга солувчи Х бўлимида ЎРҚ-379-сон Қонун билан 264-«Солиқ тўлаш тартиби» моддаси янгиланди. Бундан ташқари, 349-«Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилганда айрим умумбелгиланган солиқларни тўлашга доир мажбуриятлар» моддасига қўшимча киритилди.

2015 йилда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинди. Бунда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича мажбуриятлари солиқ даври мобайнида юзага келган солиқ тўловчилар солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани топширишлари шарт бўлган муддат аниқлаштирилди. Кодекснинг 264-моддасига киритилган аниқлаштиришда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича мажбуриятлари солиқ даври мобайнида юзага келган солиқ тўловчилар сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани солиқ мажбурияти юзага келган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай тақдим этишлари назарда тутилган.

Кодекснинг 349-моддасига киритилган қўшимча 2015 йил 1 январдан солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимидаги қонун ҳужжатларида белгиланган айрим турдаги товарларни ишлаб чиқарувчи солиқ тўловчилар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни бюджетга тўлашга оид мажбуриятлар сақланиши ҳам назарда тутилган.

Президентнинг ПҚ-2270-сон Қарорига 14-иловада сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича мажбуриятлар сақлаб қолинган ишлаб чиқариш корхоналарининг тоифалари белгиланди ва 2014 йилда амал қилган ставкалар 1,2 баравар индексацияланди. Шунингдек 2015 йил 1 январдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ солиш тизимидан (солиқ солишнинг умумбелгиланган ёки соддалаштирилган тартиби) қатъи назар алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқарувчи корхоналар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари тасдиқланди.

 

ЕР ҚАЪРИДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАР УЧУН СОЛИҚЛАР ВА МАХСУС ТЎЛОВЛАР

2015 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, қўшимча фойда солиғи, имзоланадиган бонус ва тижоратбоп топилма бонусини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинди (Кодекснинг 247, 251, 253 ва 254-моддалари).

Президентнинг ПҚ-2270-сон Қарори билан қуйидагилар бўйича 2014 йилги даража сақлаб қолинди:

а) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари (15-илова);

б) имзоланадиган бонуснинг энг кам ставкалари – фойдали қазилмаларни қидириш ва разведка қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун энг кам иш ҳақининг 100 бараваридан 10 000 бараваригача (16-1-илова);

в) тижоратбоп топилма бонуси ставкаси – солиқ солинадиган базага нисбатан 0,1% (16-2-илова). Молия вазирлиги тижоратбоп топилма бонуси тўлови бўйича, агар унинг суммаси ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг йиллик суммасидан ошса, 3 йилгача узайтирилган муддатни тақдим этиши мумкин;

г) айрим турдаги маҳсулотлар бўйича қўшимча фойда солиғи ставкаси – солиқ солинадиган базанинг 50%и (17-илова). Бунда қуйидагилар бўйича 1 тонна учун ҳисоб-китоб нархлари оширилди: катодли мис (4 600 АҚШ долларигача), полиэтилен гранулалар (1 700 000 сўмгача), цемент (125 000 сўмгача), клинкер (95 000 сўмгача). Табиий газнинг ҳисоб-китоб нархи 2014 йилги даражада сақлаб қолинди ва 1 000 куб м учун 160 АҚШ долларини ташкил қилади.

Қўшимча фойда солиғи оқ цемент, шунингдек муқобил ёқилғи – кўмир асосида ишлаб чиқарилган цемент ва клинкер ишлаб чиқаришга татбиқ этилмайди.

 

ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ МОЛ-МУЛКИГА СОЛИНАДИГАН СОЛИҚ

ЎРҚ-379-сон Қонун билан Кодекснинг қуйидаги моддалари янгиланди: 79-«Солиқ тўловчини ҳисобга қўйиш», 81-«Солиқ тўловчини объектлар бўйича ҳисобга қўйиш» ҳамда 271-«Солиқни ҳисоблаб чиқариш, солиқ ҳисоб-китобларини тақдим этиш ва солиқни тўлаш тартиби».

2015 йил 1 январдан кўчмас мулк объектлари қисмида солиқ тўловчини ҳисобга қўйиш, солиқ ҳисоб-китобларини тақдим этиш ва мол-мулк солиғини тўлаш мазкур кўчмас мулк жойлашган жой бўйича амалга оширилади. Мол-мулк солиғини тўловчи солиқ бўйича ҳисобга қўйиш жойида жойлашмаган кўчмас мулкка эга бўлган тақдирда, кўчмас мулк объекти жойлашган жойда объектлар бўйича ҳисобга қўйилиши лозим. Кўчмас мулк объектларини объект жойлашган жойда ҳисобга қўйиш Кодекснинг 79 ва 81-моддаларига мувофиқ амалга оширилади.

Шу муносабат билан Кодекснинг 271-моддаси иккинчи қисмига ҳам аниқлаштириш киритилди. Унда назарда тутилишича, агар кўчмас мулк солиқ тўловчининг солиқ бўйича ҳисобга қўйиш жойида жойлашмаган бўлса, ҳисоб-китоб кўчмас мулк жойлашган ердаги солиқ органларига тақдим этилади. Мазкур ҳолатда кўчмас мулк жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоб-китобини тақдим этишда у фақат кўчмас мулк объектлари қисмида тўлдирилади. Бунда солиқ ҳисобига қўйиш жойи бўйича ҳисоб-китоб тақдим этилганда мазкур кўчмас мулк ҳисобга олинмайди.

Мол-мулк солиғи бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотнома ҳам шундай тўлдирилади.

Эслатиб ўтамизки, Кодекснинг 113-моддасига мувофиқ объект жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органида ҳисобга туришдан бўйин товлаган солиқ тўловчига, шу жумладан солиқ органида ҳисобга туришдан бўйин товлаган Ўзбекистон норезидентига, агар белгиланган ҳисобга олиш муддатидан:

30 кундан ошмаган бўлса – ЭКИҲнинг 50 баравари;

30 кундан ошган бўлса – ЭКИҲнинг 100 баравари миқдорида жарима солинади.

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича мажбуриятлари солиқ даврида юзага келган солиқ тўловчилар томонидан солиқ бўйича жорий тўловлар суммаси тўғрисидаги маълумотнома тақдим этиладиган муддат аниқлаштирилди.

Кодекснинг аниқлаштирилган 271-моддасига мувофиқ бундай солиқ тўловчилар юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани солиқ мажбурияти юзага келган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай тақдим этадилар.

Президентнинг ПҚ-2270-сон Қарорига 18-иловада солиқ солинадиган базага нисбатан 4%лик мол-мулк солиғи ставкаси сақлаб қолинди. Меъё­рий муддатларда ўрнатилмаган ускуналар учун солиқ икки баравар ставкада тўланади.

Экспорт қилувчи корхоналар учун 2014 йилда амал қилган эркин алмаштириладиган валютада ўзи ишлаб чиқарган товарлар, ишлар, хизматлар (бажарилган ва кўрсатилган жойидан қатъи назар) экспорти улушига боғлиқ равишда солиқ солинадиган шкала сақлаб қолинди (рўйхати Президентнинг 10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон Фармони билан тасдиқланган хом ашё товарлари бундан мустасно). Белгиланган солиқ ставкаси экспорт улушига қараб пасайтирилади:

умумий реализация ҳажмида 15%дан 30%гача бўлганда – 30%га;

30% ва ундан юқори бўлганда – 50%га.

Тугалланмаган қурилиш ва белгиланган (меъёрий) муддатларда ишга туширилмаган ускуналар қийматига пасайтирувчи коэффициентлар қўлланилмайди.

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ МОЛ-МУЛКИГА СОЛИНАДИГАН СОЛИҚ

2015 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинди (Кодекснинг 277-моддаси).

Президентнинг ПҚ-2270-сон Қарорига 19-иловада 2015 йил учун солиқ солинадиган базага нисбатан 1,3%лик солиқ ставкаси белгиланди. Бунда шаҳарларда жойлашган, умумий майдони 200 кв.м дан ошиқ ва 500 кв.м гача бўлган турар жойлар ва квартиралар бўйича ставка – 1,6%, майдони 500 кв.м дан ошиқ бўлганда – 2,2%ни ташкил қилади.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланадиган инвентаризация қиймати бўлмаганда, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 20 328 минг сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда – 8 833 минг сўм миқдоридаги мол-мулкнинг шартли қиймати қўлланилади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган янги барпо этилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулк шартли қийматининг 2 бараваридан келиб чиқиб ундирилади.

Солиқ солинадиган мол-мулкка эга бўлган 10 нафар ва ундан ортиқ болалари бор аёллар, пенсионерлар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари учун солиқ солинмайдиган 60 кв.м майдон сақланиб қолди.

Шунингдек, солиқ солиш объектларидан жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилган ёхуд улар юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилган тақдирда, шунингдек турар жой фондлари нотурар жой фондларига ўтказилган ёки улар томонидан нотурар жой объектлари (бинолар, бинолардаги хоналар) мулк қилиб харид қилинганда юридик шахслар учун белгиланган ставка (4%) қўлланишини назарда тутувчи норма сақлаб қолинди.

 

ЮРИДИК ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН ЕР СОЛИҒИ

2015 йилда юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинди.

Бунда ЎРҚ-379-сон Қонун билан ягона ер солиғини тўлашга ўтмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари учун ер солиғини тўлаш муддатларига ўзгартишлар киритилди (Кодекснинг 286-моддаси). Тўлашнинг 3 та муддати ўрнига 2 та муддати жорий қилинди:

ҳисобот йилининг 1 сентябрига қадар – йиллик солиқ суммасининг 30%и;

ҳисобот йилининг 1 декабрига қадар – қолган солиқ суммаси.

2015 йил 1 январдан янги ташкил этилган деҳқон хўжаликлари учун ер солиғи бўйича имтиёз бекор қилинди (Кодекснинг 282-моддаси).

Президентнинг ПҚ-2270-сон Қарорига 20-илова билан 2014 йилда амал қилган ер солиғи ставкалари 1,15 баравар индексацияланди. Бунда суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларидан ундириладиган ер солиғи ставкаси суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларига ер солиғи базавий ставкасидан ва ер участкасининг сифат характеристикаси (балл-бонитети)ни ҳисобга оладиган тузатиш коэффициентидан келиб чиқиб аниқланади.

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН ЕР СОЛИҒИ

ЎРҚ-379-сон Қонун билан Кодекснинг 290-«Имтиёз» моддасига ўзгартишлар киритилди.

2015 йил 1 январдан қуйидаги тоифалардаги жисмоний шахслар учун ер солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинди:

кўчириб келтирилган фуқаролар – келиб жойлашган ер участкалари бўйича, ер участкалари берилган пайтдан эътиборан 5 йилгача;

шахслар – уларга деҳқон хўжалиги юритиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида берилган ер участкалари бўйича, ер участкаси берилган ойдан кейинги ойдан эътиборан 2 йил муддатга.

Президентнинг ПҚ-2270-сон Қарорига 20-илова билан 2014 йилда амал қилган, шу жумладан жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари 1,15 баравар индексацияланди.

Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини ҳисоблаб чиқаришда қуйидаги ер участкалари нормативлари қўлланилади:

Тошкент ш., Нукус ш. ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар – 0,06 га;

бошқа аҳоли пунктлари (деҳқон хўжаликлари бундан мустасно) – 0,1 га.

Базавий ставкалар белгиланган нормативлар доирасидаги ер участкаларига қўлланилади, базавий ставкаларга нисбатан белгиланган нормалардан ортиқча ер участкаларига 1,5 оширувчи коэффициенти қўлланилади.

 

ЯГОНА ЕР СОЛИҒИ

2015 йилда ягона ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинди (Кодекснинг 369-моддаси).

ЎРҚ-379-сон Қонун билан солиқни тўлаш муддатларига ўзгартишлар киритилди. Тўлашнинг 3 та муддати ўрнига 2 та муддати жорий қилинди:

ҳисобот йилининг 1 сентябрига қадар – йиллик солиқ суммасининг 30%и;

ҳисобот йилининг 1 декабрига қадар – қолган солиқ суммаси.

2015 йил 1 январдан янги ташкил қилинган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғи бўйича имтиёз бекор қилинди, имтиёз давлат рўйхатига олинган ойнинг бошидан 2 йилга тақдим этилар эди (Кодекснинг 367-моддаси).

Президентнинг ПҚ-2270-сон Қарорига 21-илова билан ягона ер солиғи ставкаси қишлоқ хўжалиги ерларининг меъёрий қийматига нисбатан 6% даражасида сақлаб қолинди. Ҳар бир хўжалик бўйича қишлоқ хўжалиги ерларининг меъёрий қиймати Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан белгиланади.

 

2015 ЙИЛНИНГ 1 ЯНВАРИДАН БЕКОР ҚИЛИНАДИГАН ИМТИЁЗЛАР РЎЙХАТИ

 

Т/р

 

Солиқ номи

 

Бекор қилинган имтиёзлар

 

1

 

Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи (Кодекснинг 282-моддаси биринчи қисми)

 

Янги ташкил қилинган деҳқон хўжаликларини солиқ тўлашдан 2 йил муддатга озод қилиш

 

2

 

Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи (Кодекснинг 290-моддаси)

 

Қуйидагиларни солиқ тўлашдан озод қилиш: кўчириб келтирилган фуқароларни келиб жойлашган ер участкалари бўйича – ер участкалари берилган пайтдан эътиборан 5 йилгача; шахсларни – уларга деҳқон хўжалиги юритиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида берилган ер участкалари бўйича – ер участкаси берилган ойдан кейинги ойдан эътиборан 2 йил муддатга

 

3

 

Ягона ер солиғи (Кодекснинг 367-моддаси)

 

Солиқ тўлашдан озод қилиш: янги ташкил қилинган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини давлат рўйхатига олинган ойнинг бошидан 2 йил муддатга

 

 

Зарема МЕНАЛИЕВА,

Молия вазирлиги Солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармасининг ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи сектори мудири.

Прочитано: 6421 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика