Инвентаризацияни ўтказишдан ташқари*, ходимларнинг ўртача йиллик сонини ҳисоб-китоб қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унга асосан хўжалик юритувчи субъект микрофирмалар (кичик корхоналар) сирасига кириш-кирмаслигини аниқлай олади. Ушбу мақом солиқ солиш тизимини танлашда, имтиёзлар ва преференцияларни қўллашда муҳимдир. Унинг молиявий, солиқ ва статистика ҳисоботлари таркибига ва уларни тақдим этиш муддатларига ҳам таъсири бўлади.
Корхона мақомини аниқлашда Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификациясига1 (кейинги ўринларда – 439-сон Классификация) таяниш мумкин. Унда ходимлар сони ва корхона асосий фаолият тури асос қилиб олинади. Эслатиб ўтамизки, ҳисобот даври якунлари бўйича умумий реализация ҳажмидаги соф тушум улуши устунлик қиладиган фаолият асосий фаолият ҳисобланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси). Ходимлар сони ҳисобот даврида ходимларнинг ўртача йиллик сонидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади.
ХОДИМЛАРНИНГ ЧЕКЛАНГАН ЎРТАЧА ЙИЛЛИК СОНИ ОШДИ
Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон) билан 2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб енгил, озиқ-овқат саноати ҳамда қурилиш материаллари саноати корхоналарини кичик корхоналар сифатида тан олиниши учун ишчиларнинг чекланган ўртача йиллик сони оширилди. ВМнинг 3.07.2014 йилдаги 178-сон Қарори билан 439-сон Классификацияга тегишли ўзгартиришлар киритилди: халқ хўжалигининг айрим тармоқларидаги кичик корхоналар ходимларининг чекланган сони 50 кишидан 100 кишига ва 100 кишидан 200 кишига оширилди. Асосий ўзгаришлар қурилиш материаллари, чарм, мўйна, пойабзал ва тўқимачилик саноати ишлаб чиқаришига дахл қилди. Масалан, цемент (ХХТУТ бўйича коди – 16112), асбест-цемент буюмлари (ХХТУТ бўйича коди – 16120), девор блоклари (ХХТУТ бўйича коди – 16151), ғишт ва сопол черепица (ХХТУТ бўйича коди – 16152) ишлаб чиқарувчи корхоналар уларда ходимлар сони 200 кишигача бўлганда корхоналар кичик корхоналар сирасига киритилади (илгари уларда ходимлар сони 100 кишигача бўлганда кичик корхоналар саналган).
ЧЕКЛАНГАН МИҚДОРНИ ОШИРИБ, КИЧИК КОРХОНА МАҚОМИДА ҚОЛИШ
Айрим ҳолатларда корхона белгиланган ходимларнинг чекланган сонини ошириб, кичик бизнес субъекти мақомини ҳамда уларга бериладиган имтиёзлар, преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқларни сақлаб қолиши мумкин.
«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг2 5-моддасида ходимларнинг белгиланган ўртача йиллик сонини қуйидагича ошириб юборилган тақдирда, ходимлар сонини ошириб юборишга йўл қўйилади:
Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар коллежларининг, академик лицейларининг ва олий таълим муассасаларининг битирувчилари ўқишни тугаллаган кунидан бошлаб кўпи билан 3 йил ўтган бўлса, микрофирма ва кичик корхона улар билан меҳнат шартномалари тузган тақдирда, банд бўлган ходимларнинг белгиланган ўртача йиллик сони кўпи билан 20% ошадиган бўлса;
кичик корхона уйда ишлаётган фуқаролар (касаначилар) билан меҳнат шартномалари тузган тақдирда, кўпи билан 30% ошадиган бўлса.
Яъни кичик корхона мақомини сақлаган ҳолда ходимлар сонининг оширилишига қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:
● ходимларнинг ўртача йиллик сони битирувчи ходимларни ва (ёки) касаначиларни ҳисобга олмаган ҳолда белгиланган мезонларга мувофиқ келганда;
● ходимларнинг белгиланган чекланган меъёрий сонига нисбатан битирувчи ходимлар сони 20%дан, касаначилар сони – 30%дан ошмаган тақдирда.
МИСОЛ. Кичик корхонанинг асосий фаолият тури – аҳоли буюртмаси бўйича мебель ишлаб чиқариш. Ходимларнинг чекланган сони – 100 киши (439-сон Классификациянинг 236-банди). Агар:
а) ходимларнинг ўртача йиллик сони 124 кишини ташкил қилса, шу жумладан касаначилар 26 киши бўлса, у кичик корхона ҳисобланади, чунки касаначиларни ҳисобга олмаганда ходимларнинг ўртача йиллик сони – 98 киши 100 кишидан иборат чекланган миқдордан ошмайди, касаначилар сони – 26 киши белгиланган меъёрий миқдорнинг 30%идан, яъни 30 кишидан (100 х 30%) ошмайди;
б) ходимларнинг ўртача йиллик сони 120 кишини ташкил қилади, шу жумладан касаначилар 15 кишидан иборат, касаначиларни ҳисобга олмаган ҳолда ходимлар сони 105 кишини (120 – 15) ташкил қилади, бу эса 100 киши деб белгиланган чекланган миқдордан юқоридир, бу ҳолатда касаначилар сони (15 киши) чекланган миқдорнинг (30 киши) 30%идан ошмаган бўлса ҳам корхона кичик корхона тоифасига мувофиқ келмайди;
в) ходимларнинг ўртача йиллик сони 145 киши ташкил қилади, шу жумладан касаначилар 50 кишидан иборат бўлганда ҳам корхона кичик корхона мезонига мувофиқ келмайди. Касаначиларни ҳисобга олмаган ҳолда ходимларнинг сони 95 кишини (145-50) ташкил қилади, яъни 100 киши деб белгиланган мезондан ошмайди, бироқ касаначилар ҳисобига ходимларнинг чекланган миқдорнинг ошиши 30%дан юқорини ташкил қилади.
Агар корхонада касб-ҳунар коллежларининг, академик лицейларининг ва олий таълим муассасаларининг битирувчилари ҳам, касаначилар ҳам ишлашса, у ҳолда йўл қўйиладиган ходимлар сонининг ошиши 439-сон Классификацияда белгиланган ходимларнинг чекланган сонидан 20% – битирувчилар ва 30% – касаначилар бўйича алоҳида-алоҳида ҳисобга олинади. Бироқ ходимларнинг бир қисмини тузилган меҳнат шартномалари бўйича уйда ишлайдиган битирувчилар ташкил қилганда, йўл қўйиладиган ходимлар сонининг ошишини ҳисоб-китоб қилишда уларни касаначилар сифатида ҳисобга олиш мумкин.
МИСОЛ. Корхонанинг асосий фаолият тури бадиий буюмларни ишлаб чиқариш ҳисобланади. Кичик корхоналар сирасига киритиш учун ходимларнинг чекланган сони 50 кишини ташкил қилади (439-сон Классификациянинг 371-банди). Корхонада касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари ишлайди. Касаначилар билан ҳам меҳнат шартномалари тузилган.
2014 йил якунлари бўйича корхона кичик корхона мақомини қуйидаги ҳолларда сақлаб қолади:
битирувчилар ва касаначиларни ҳисобга олмаган ҳолда ходимларнинг ўртача йиллик сони 50 кишидан ошмаганда;
белгиланган чекланган миқдордан (50 киши) ошадиган ходимлар сонидан битирувчи ходимлар сони – 20%дан ошмаса (10 киши (50 х 20%)), касаначилар – 30%дан ошмаса, яъни 15 кишидан (50 х 30%) ошмаса.
Қуйидаги ҳолларда:
а) ходимларнинг ўртача йиллик сони 66 кишини ташкил қилса, шу жумладан битирувчилар 8 кишини ва касаначилар 12 киши бўлса, корхона кичик корхона бўлиб қолаверади, чунки ходимлар сони чекланган миқдордан ошмайди: битирувчилар ва касаначиларни ҳисобга олмаган ҳолда ходимларнинг ўртача йиллик сони – 46 киши, битирувчилар (8 киши) ва касаначилар (12 киши) йўл қўйиладиган оширилиш миқдоридан кам;
б) ходимларнинг ўртача йиллик сони 72 кишини ташкил қилади, шу жумладан битирувчилар 6 киши ва касаначилар 12 кишидан иборат, корхона кичик корхона тоифасига мувофиқ келмайди, чунки битирувчилар ва касаначиларни ҳисобга олмаган ҳолда ходимлар сони (54 киши) битирувчилар ва касаначилар сони ошиқ бўлмаганда ҳам, белгиланган чекланган миқдордан (50 киши) ошмайди;
в) ходимларнинг ўртача йиллик сони 73 киши ташкил қилади, шу жумладан битирувчилар 13 киши ва касаначилар 10 кишидан иборат бўлганда ҳам корхона кичик корхона мезонига мувофиқ келмайди. Битирувчилар ва касаначиларни ҳисобга олмаган ҳолда ходимларнинг сони 50 киши бўлганда, касаначилар (10 киши) 15 киши деб белгиланган чекланган миқдордан ошмади, бироқ битирувчилар сони йўл қўйиладиган 10 кишига нисбатан 13 кишини ташкил қилади;
г) ходимларнинг ўртача йиллик сони 75 киши ташкил қилади, шу жумладан битирувчилар 25 кишидан иборат, бунда битирувчилардан 10 киши цехда ишлайди, 15 киши эса ишларни уйда бажарадилар (касаначилар), бу ҳолда корхона кичик корхона ҳисобланади, чунки ходимларнинг ўртача йиллик сони, шунингдек битирувчилар ва касаначилар ҳисобига ходимлар сонининг ошиши, умуман олганда, ишга қабул қилинган битирувчилар сони ортиқ бўлганлигига қарамай, белгиланган чекланган миқдордан ортиқ эмас.
ДИҚҚАТ! 2015 йилда битирувчилар билан меҳнат шартномаларини тузган микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ходимларнинг йўл қўйиладиган сони 20 кишидан 50 кишига оширилди. Бу меъёр «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунда (4.12.2014 йилдаги ЎРҚ-379-сон) назарда тутилган ва 2015 йил 1 январдан кучга кирди. Тегишинча, мазкур преференция 2015 йил якунлари бўйича ходимларнинг ўртача йиллик сонини аниқлашда ҳисобга олинади.
БИЗ ҚАНЧАМИЗ?
Ҳисобот даври учун ходимларнинг ўртача йиллик сони ҳисобот даврининг ҳар бир ойи учун ходимларнинг ўртача ойлик сонини қўшиб, йиғиндини 12 га бўлиш орқали ҳисоб-китоб қилинади. Ҳисоб-китоб қилишда ўриндошликда, пудрат шартномаси ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишлайдиган, унитар (шуъба) корхоналарида, шохобчалар ва ваколатхоналарда ишлайдиган ходимларни ҳам ҳисобга олиш керак (Солиқ кодексининг 350-моддаси). Фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишга қабул қилинган шахслар шартнома тузилган санадан бошлаб унинг тугаш санасигача ходимлар сонида ҳисобга олинади. Унитар корхоналар ходимлари сони эса ушбу корхоналар томонидан бош ташкилотларга тақдим этилган маълумотлар (маълумотномалар, ҳисоботлар) асосида қабул қилинади.
МИСОЛ. Консалтинг хизматларини кўрсатувчи корхоналарда (ХХТУТ бўйича коди – 84500) йил бошидан бошлаб йил якунига қадар 30 киши ишлайди. 2014 йил 10 апрелда 3 нафар ўриндош (ташқи) ишга қабул қилинди. 1 июндан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича 4 ходим ишга жалб қилинди. 1 сентябрда улардан бири билан тузилган шартнома бекор қилинди, қолганлари эса ҳисобот йили якунига қадар ишлашди. ХХТУТ бўйича коди 84500 бўлган корхоналар учун улар кичик корхона тоифасига киришлари учун ходимларнинг чекланган сони 50 киши деб белгиланган (439-сон Классификациянинг 522-банди). Ходимларнинг ўртача йиллик сонини аниқлашда аввало ўртача ойлик миқдор ҳисобланиши лозим. Кейинги ойлар учун унинг ҳисоб-китобида ўриндошлар апрель-декабрь ойлари учун, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишловчилар: 3 нафар ходим – июнь-декабрь ойлари ҳамда 1 нафари – июнь-август ойлари учун ходимлар сонида ҳисобга олиниши керак. Шу тариқа, ходимларнинг ўртача ойлик сони қуйидагига тенг:
апрель ойи учун – 32 киши (30 + 3 х 21 / 30);
май ойи учун – 33 киши;
июнь, июль, август ойлари учун – 37 киши;
сентябрь, октябрь, ноябрь ва декабрь ойлари учун – 36 киши.
Ходимларнинг ўртача йиллик сони – 34 киши (30 + 30 + 30 + 32 + 33 + 37 + 37 + 37 + 36 + 36 + 36 +36) / 12) – белгиланган талабдан (50 киши) ошмайди, тегишинча, корхона кичик ҳисобланади.
МИСОЛ. Кичик дорихона ташкилотлари учун ходимлар сони меъёри 25 кишини ташкил қилади (439-сон Классификациянинг 486-банди).
2014 йилнинг I ярим йиллиги якунлари бўйича (ҳар бир ой учун) дорихона ташкилотлари ходимларининг ўртача ойлик сони 20 кишини ташкил қилди, яъни корхона кичик ҳисобланади. Июль ойида у III чоракда 5 та дорихона очиб, савдо тармоғини кенгайтирди. Шу муносабат билан июлда қўшимча 30 киши, октябрь ойида – 5 киши ишга қабул қилинди. Барча ходимлар йил охиригача ишлашди.
Ходимларнинг ўртача йиллик сони – 36 киши (6 ой х 20 киши + 3 ой х (20 киши + 30 киши) + 3 ой х (20 киши + 30 киши + 5 киши) / 12) белгиланган меъёрдан ошади. 2014 йил якунлари бўйича корхона кичик ҳисобланмайди.
Бир нечта фаолият билан шуғулланадиган корхоналар кичик корхона сирасига кириш мақсадида йил якунлари бўйича асосий фаолият турини аниқлаб олишлари керак. Асосий фаолият турини ва унга тегишли ходимлар сони меъёрини ҳисобга олган ҳолда корхона мақоми аниқланади.
МИСОЛ. Корхона чакана савдо, умумий овқатланиш ва маиший техникани таъмирлаш билан шуғулланади. 2014 йил якунлари бўйича ялпи тушум (84 600 минг сўм) қуйидагича тақсимланади:
чакана савдо – 49 200 минг сўм;
умумий овқатланиш – 12 800 минг сўм;
маиший техникани таъмирлаш – 22 600 минг сўм.
Ходимларнинг ўртача йиллик сони 45 кишини ташкил қилади.
2014 йил якунлари бўйича асосий фаолият тури савдо ҳисобланади, чунки реализациянинг умумий ҳажмида унинг улуши 58%ни (49 200 / 84 600 х 100%) ташкил қилади.
Чакана савдо корхоналари ходимларнинг ўртача йиллик сони 25 кишидан ошмаганда кичик корхоналар ҳисобланади (439-сон Классификациянинг 495-сони). Мазкур меъёр оширилганлиги сабабли корхона 2014 йил якунлари бўйича кичик корхона ҳисобланмайди.
ТИЗИМНИ ЎЗГАРТИРАМИЗ
Агар ЯСТ тўловчиси бўлган кичик корхоналар жорий йил якунлари бўйича ходимларнинг белгиланган меъёрига мувофиқ келмаса, 2015 йилдан улар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишлари лозим (савдо ва умумий овқатланиш корхоналари бундан мустасно). Белгиланган шаклдаги солиқ солиш тартибини қўллаш тўғрисида хабарномани (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 13-илова) ДСИга 2015 йилнинг 15 февралига қадар тақдим этиш керак (Солиқ кодексининг 351-моддаси тўртинчи қисми). Бунда ЯСТ тўлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлган корхона 2014 йил учун умумбелгиланган солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар асосида ЯСТ бўйича қайта ҳисоб-китобни амалга оширади. Агар умумбелгиланган солиқлар суммаси тўланган ЯСТ суммасидан юқори бўлса, у ҳолда ортиқча сумма бюджетга тўланади. Агар ЯСТ суммаси юқори бўлса, бюджет билан қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилмайди.
Савдо ва умумий овқатланиш корхоналари учун ходимлар сони ва асосий фаолият тури ўзгарган тақдирда ўзига хос ёндашув белгиланган. Мазкур солиқ тўловчилар учун бир неча усулларни кўриб чиқамиз. Агар 2014 йил якунлари бўйича:
а) ходимларнинг сони чекланган меъёрдан ортиқ бўлиб, бироқ асосий фаолият тури сифатида савдо ёки умумий овқатланиш сақлаб қолинганда – корхона ЯСТ тўловчиси бўлиб қолади (Солиқ кодексининг 350-моддаси биринчи қисмининг 2-банди);
б) ходимлари сони чекланган меъёрдан ортиқ бўлиб, асосий фаолият тури ўзгартирилганда (савдо ёки умумий овқатланиш эмас) – 2015 йил бошидан корхона умумбелгиланган тартибда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашга ўтиши лозим ҳамда умумбелгиланган солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар асосида 2014 йил учун ЯСТ бўйича қайта ҳисоб-китобни амалга ошириши лозим (Солиқ кодексининг 352-моддаси бешинчи қисми);
в) ходимлар сони бўйича корхона кичик корхоналар сирасига киради, бироқ асосий фаолият тури ўзгарган – бунда корхона умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши ёки ЯСТ тўловчиси бўлиб қолавериши мумкин. 2015 йилнинг 1 февралидан кечиктирмай ДСИга солиқ солиш тартиби танланганлиги тўғрисида билдириш тақдим этиш шарт. Билдиришнинг белгиланган муддатда тақдим этилмаганлиги унинг умумбелгиланган солиқларни тўлашга берилган розилиги деб ҳисобланади (Солиқ кодекси 352-моддасининг олтинчи қисми).
Солиқ солиш тартибини танлаш ҳуқуқи ягона ер солиғини (ЯЕС) тўловчи микрофирмалар ва кичик корхоналарда сақлаб қолинди. 2014 йил якунлари бўйича «қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар» атамасига (Солиқ кодексининг 362-моддаси) мувофиқ келинмаган ҳолларда улар ЯЕС тўлаш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар, бироқ ЯСТ ёки умумбелгиланган солиқларни тўлашни танлаш ҳуқуқи сақланиб қолади (Солиқ кодексининг 363-моддаси). 2015 йилда ЯСТни тўлаш тартибини қўллаш учун 1 февралдан кечиртирмай ДСИга билдиришнома тақдим этиш керак. Акс ҳолда 2015 йилда корхона умумбелгиланган солиқларни тўлайди.
ОҚИБАТЛАР ТЎҒРИСИДА ҲИСОБ БЕРАМИЗ
Агар 2014 йил якунлари бўйича корхона ходимлар сони меъёри бўйича кичик корхона тоифасига жавоб беролмай қолса, мазкур йил учун 2015 йилнинг 15 февралидан кечиктирмай, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар (ХИИК) эса – 25 мартидан кечиртирмай қуйидаги молиявий ҳисоботлар топширилади:
бухгалтерия баланси (1-сон шакл);
молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл);
пул оқимлари тўғрисида ҳисобот (4-сон шакл);
ўз сармояси тўғрисида ҳисобот (5-сон шакл).
Бундан ташқари, кичик корхона талабига жавоб бермайдиган ушбу корхоналар бухгалтерия ҳисоботини ва молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботни ҳар чоракда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25 санасига қадар тақдим этишлари керак («Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларнинг3 3-банди).
Микрофирмалар ва кичик корхоналар, аввалгидек, фақат йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этадилар. Яъни 2014 йил учун фақат бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботни 2015 йилнинг 15 февралидан кечиртирмай (ХИИК – 25 мартидан кечиктирмай) топширадилар.
Кичик корхона мақомини сақлаб қолган, ягона солиқ тўлови тўловчилари ҳисобланган корхоналар 2015 йилда 2014 йил якунлари бўйича ЯСТ бўйича солиқ ҳисоботини, аввалгидек, ҳар чоракда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этиладилар (Солиқ кодексининг 360-моддаси тўртинчи қисми).
ҚҚС тўловчилар шуни ҳисобга олишлари керакки, 2015 йил 1 январдан улар учун ҳисобот даври ва тегишинча, солиқ бўйича ҳисоботни топшириш даври ҳам ўзгаради. ҚҚС тўловчиси бўлган микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан ҚҚС бўйича ҳисоб-китоб йилнинг ҳар чорагида ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, қолган солиқ тўловчилар эса ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай; йил якунлари бўйича эса барча корхоналар йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади (ЎРҚ-379-сон Қонун таҳририда Солиқ кодексининг 225-моддаси биринчи қисми).
Солиқларни тўлашнинг умумбелгиланган тизимига ўтган корхоналар 2015 йилда қуйидаги солиқларни: фойда, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, мол-мулк солиғи ва бошқа солиқлар ҳамда мажбурий тўловлар бўйича Солиқ кодексида белгиланган таркибда ва тартибда ҳисобот топширадилар.
Шунингдек таъкидлаш жоизки, 2015 йилнинг 1 январидан тадбиркорлик субъектлари солиқ ҳисоботини танлаш ҳуқуқисиз электрон ҳужжат тарзида тақдим этадилар (ЎРҚ-379-сон Қонун билан Солиқ кодексининг 45-моддасига бешинчи қисм киритилди).
Корхона мақомининг ўзгариши тақдим этиладиган статистика ҳисоботи шакли таркибининг ўзгаришига олиб келади. Чунончи, кичик корхона мақомини йўқотган корхоналар жорий йил якунлари бўйича 2014 йил учун топширилаётган статистика ҳисоботи таркибини қайта кўриб чиқишлари лозим. Улар «Микрофирмалар ва кичик корхоналар ҳисоботи» 1-КБ йиллик шаклини топширмасдан, бошқа белгиланган ҳисоботларни топширадилар (ҳисоботларнинг шакллари ва уларни топшириш даврийлиги тўғрисида маълумотларни статистика органларидан оладилар).
Микрофирмалар ёки кичик корхоналар мақомини сақлаб қолган корхоналар 2014 йил якунлари бўйича «Микрофирмалар ва кичик корхоналар ҳисоботи» 1-КБ йиллик шакли бўйича ҳисобот топширадилар. 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб, кичик тадбиркорлик субъектлари статистика ҳисоботларини йилда бир маротаба тақдим этадилар, бунда статистика органлари ҳар чоракда фаолиятнинг тегишли йўналишлари ва соҳалари бўйича танланма асосдаги ўрганишларни ўтказиб борадилар (Президентнинг ПФ-4609-сон Фармонининг 8-банди).
1ВМнинг 11.10.2003 йилдаги 439-сон Қарори билан тасдиқланган.
*«Ҳаммасини ҳисоблаймиз» материалига қаралсин (30.12.2014 йилдаги 52 (1064)-сони).
225.05.2000 йилдаги 69-II-сон, 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда.
3Молия вазирининг АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғига 7-илова.
Байрам тадбирлари бухгалтерияси бўйича тавсияларни
«Norma Ekspert» Қорқизлари тайёрладилар.