Norma.uz

Ҳакамлар кимлар?

Тадбиркорлар низоларни ҳал этиш учун ҳакамлик судларига борган сари кўпроқ мурожаат қилмоқдалар. Улар қарорларининг ижроси судьялар таркибига боғлиқ. Ҳакамлик судлари таркибини шакллантириш масалалари тўғрисида «BIMO’M» («Biznes va investitsiya muammolarini o’rganish markazi») ННТ раҳбари Абдуғани МУҲАММАДБОЕВ ҳикоя қилади.

 

– «BIMO’M» ННТ нафақат ишбилармонлик ва бизнес алоқаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш, ҳаракатларнинг бирдан-бир тўғри ва мақбул алгоритмини аниқлаш, минтақа ва умуман Ўзбекистондаги бизнесга кўмаклашиш ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш имконини берадиган профессионал мулоқот учун платформа сифатида, балки ҳакамлик муҳокамасини амалга ошира олувчи алоқа боғлаш маркази сифатида иш юритяпти.

Биз юридик ва жисмоний шахсларнинг молия-хўжалик фаолиятини юритиши билан боғлиқ хатарларни камайтиришга олиб келадиган ресурс бўлиш мақсадини олдимизга қўйганмиз. Шу сабабли айни тадбиркорлик субъектлари ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилиш устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Низоларни ҳакамлик судларига бериш умуман олганда назарий жиҳатдан қулай, хусусан бизнес вакиллари ва инвесторлар учун амалиётда молиявий жиҳатдан мақбул ечимдир.

«Norma» нашрларининг ишбилармонларга хос ва воситачи аралашмаган муҳити ҳар доим муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари тўғрисида сўзлашга ундайди, шу боис бизнес ҳамжамиятлари, амалиётчи ҳуқуқшунослар, турдош йўналишлар вакиллари эътиборини доимий амал қилувчи ҳакамлик судларида суд таркибини шакллантириш масаласига қаратмоқчи эдим.

«Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонуннинг (16.10.2006 йилдаги ЎРҚ-64-сон, бундан кейин – Қонун) 15-моддасида белгиланишича, ҳакамлик судьялари низо тарафлари томонидан сайланиши ёки мазкур ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс томонидан тасдиқланган ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилган доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди раиси томонидан тайинланиши мумкин. Ҳакамлик битими тарафлари ушбу Қонун доирасида ҳакамлик судьяларининг сонини ўз хоҳишларига кўра белгилашлари, суд таркибини шакллантириш тартибини келишиб олишлари мумкин.

Амалиётда хабардорликни, шунингдек процессуал қулайликни ҳисобга олган ҳолда доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судлари тарафларга ҳакамлик битими лойиҳасини тавсия қиладилар, унда тарафлар суд таркибини тайинлаш ҳуқуқини низо кўриб чиқиш учун бериладиган ҳакамлик суди раисига топширадилар.

Ҳакамлик суди таркибини шакллантириш таомилига қонунда алоҳида ўрин ва аҳамият берилган. Бу бежиз эмас: унинг тўғри шакллантирилиши ҳакамлик судининг қарорини мажбуран бажариш имкониятини белгилайди.

Хусусан, низонинг ҳакамлик суди томонидан Қонунга мувофиқ келмайдиган таркибда кўрилиши Қонуннинг 47-моддасига кўра унинг қарорини бекор қилиш ёки Қонуннинг 53-моддаси билан тартибга солинадиган уни мажбурий бажаришга ижро варақаси беришдан бош тортиш учун асос ҳисобланиши мумкин. Бу эса жамиятимиз учун ғоятда муҳим ҳисобланган, поймол этилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш механизмига бўлган ишончни йўқ қилади.

Бундай ҳолат низо тарафлари учун, ҳуқуқий ва маънавий жиҳатлар билан бир қаторда, иқтисодий тусдаги нохуш оқибатларга ҳам эга, улар кейинчалик доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахсга қаратилиши мумкин.

Амалиётда ҳакамлик судининг қонунга зид таркибини шакллантириш эҳтимоли бир нечта доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судларини ташкил этган юридик шахслар фаолиятида кўпроқ учрайди.

Малакали юристларнинг етишмаслиги, кадрларнинг тез-тез алмаштирилиши, ҳакамлик судининг ҳисоб маълумотларига ўз вақтида ўзгартиришларни киритмаслик бундай ҳуқуқбузарликнинг сабаби ҳисобланади.

Ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 30.10.2008 йилдаги 235-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – Низом) 6-бандига мувофиқ доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ташкил этган юридик шахс унинг ҳисобини рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш учун рўйхат билан белгиланган ҳужжатлар билан бир қаторда рўйхатдан ўтказувчи органга ҳакамлик судьялари рўйхатини тақдим этади.

Низомнинг 14-бандига мувофиқ эса ҳакамлик суди таркиби ўзгартирилган тақдирда доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ташкил қилган юридик шахс бу тўғрида адлия органига Низомда кўрсатилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда хабарнома юборади.

Юридик шахс қошида бир нечта доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судларини ташкил этиш мумкинлигига қарамай, Қонун ва Низом маъносидан келиб чиқишича, юридик шахс ташкил этган ҳар бир доимий фаолият юритувчи ҳакамлик суди рўйхатдан ўтказиш таомилидан алоҳида ўтади ва тилга олинган меъёрий ҳужжатларнинг талаблари уларга нисбатан алоҳида-алоҳида қўлланади.

Ана шу талаб судьялар рўйхатига ҳам тааллуқли.

 

Мисол учун, Ўзбекистон ҳакамлик судлари уюшмасининг Тошкент шаҳар филиали ҳузурида 10 дан ортиқ доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судлари ташкил этилган, улар ҳисоб рўйхатига кўра шаҳарнинг ҳар бир туманида жойлашган. Филиал ҳузурида Тошкент шаҳрининг доимий фаолият юритувчи ҳакамлик суди ҳам ишлайди. Ушбу ҳолда ҳакамлик судларини одатдагидек судлар деб (туман, шаҳар ва бошқа ҳакамлик суди) тақдим этишга интилиш кўзга ташланади, бу эса ҳаммани чалғитади, аввало ҳакамлик муҳокамасининг моҳияти хусусида хато тасаввур туғдиради, бевосита Ўзбекистон ҳакамлик судлари уюшмасининг ўзига ҳам, ҳакамлик судининг иш юритиши фалсафаси ва ғояларига ҳам зарар етказади.

 

Ўзбекистон ҳакамлик судлари уюшмасининг тузилмаси шу тарзда қурилганки, унинг минтақавий ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган ҳакамлик судлари мамлакатимизнинг барча туманларида фаолият юритади. Бироқ жойлардаги алоҳида ваколатхона ҳузурида бир нечта доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судларининг ташкил этилиши уларнинг географик ўзига хослиги билан оқланса, нисбатан ихчам, мукаммал транспорт ва бошқа инфратузилмага эга бўлган Тошкент шаҳрида, назаримизда, бу маъмуриятчилик нуқтаи назаридан ҳам, унинг ресурс ва бошқа хил тузилиши нуқтаи назаридан ҳам мақсадга мувофиқ эмас.

Ҳакамлик судларининг фаолиятини назорат қилишдан ташқари мураккаб ва зарур квалификацияни талаб қиладиган низоларни ҳал этишда иштирок этиш ҳуқуқи берилган «мутасаддилар» («куратор»)ни тайинлаш амалиёти баҳсли масаладир. Бундай «мутасаддилар»нинг низоларни ҳал этишда иштирок этиши кам деганда шубҳа туғдиради.

 

Мисол учун, Тошкент шаҳар хўжалик суди ҳакамлик судининг қарорини мажбурий бажаришга ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризани кўриб, уни қондиришдан бош тортди. Бунга Ўзбекистон ҳакамлик судлари уюшмасининг Тошкент шаҳар филиали ҳузуридаги доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судида низо қонунга зид таркибда кўрилганлиги асос бўлди. Хусусан, Қонуннинг 14-моддасини бузган ҳолда ҳакамлик суди таркибига унинг рўйхатларида бўлмаган, бироқ филиал ходимлари ҳисобланган шахслар киритилган эди.

 

Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари жорий этиляпти, тўлақонли электрон ҳукумат ва ҳужжатлар айланиши шакллантириляпти, виртуал тижорат ривожланяпти, хизматларнинг ягона портали барпо этилди ва ҳоказо. Ҳакамлар ҳамжамиятида нима гап? Ҳакамлик битимининг бўлғуси тарафи ҳисоб маълумотлари ва доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судлари судьяларининг рўйхати билан танишиш имкониятига эга бўладиган ягона порталнинг йўқлиги далили замон билан ҳамнафас бўлишни мушкуллаштиряпти.

Ҳакамлик судлари уюшмаси мамлакатимизда ҳакамлик иши юритилишини фаоллаштиришдан манфаатдорлигини изҳор этяпти. Шу сабабли ўринли ва катта истиқболга эга бўлган, амалга оширса бўладиган таклиф киритиб, Ўзбекистон ҳакамлик судлари уюшмасининг uzarbitration.uz сайтида ҳакамлик судларининг (доимий фаолият юритувчи ва вақтинчалик) ҳисоб маълумотларини, шунингдек ҳакамлик судьялари рўйхатларини чоп этиш (эҳтимол, такрорлаш) мақсадга мувофиқдир деймиз.

Ҳакамлик судлари тўғрисидаги ахборотнинг ошкоралиги ҳакамлик суди таркибини шакллантириш таомили қонуний амалга оширилишини таъминлайди. Бу эса ўз навбатида тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар кенг доирасининг ишончини оширишга ҳамда мурожаатларининг кўпайишига имкон беради.

 

Маъруф УСМОНОВ
ёзиб олди.

Прочитано: 3195 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика