Мен Ўзбекистон фуқаросиман, 4 йилдан бери Россия Федерациясида вақтинча яшаяпман, РФда вақтинча яшаш ва ишлашга рухсатномам бор, РФ меҳнат дафтарчаси, шунингдек иш ҳақи суммаси тўғрисида маълумотномага эгаман. Яқинда Россияда олинган даромадимга ўша ернинг ўзида РФ рақам белгиси бўлган, хорижда (Германия) ишлаб чиқарилган автомобиль сотиб олдим. Ўзбекистон божхона чегараси орқали олиб ўтиш чоғида шахсий фойдаланиш учун олинган автотранспорт воситамга божхона тўловлари солинадими? Уни сотмоқчи эмасман, илгари Ўзбекистонга автомобиллар олиб кирмаганман. Бирор-бир чекловлар, масалан, қийматга оид чекловлар борми?
Ўзбекистонга валютада қанча суммани солиқ солинмасдан олиб келишим мумкинлигини ҳам билмоқчи эдим.
М.Ҳатамов.
АВТОМОБИЛНИ ОЛИБ КИРИШ
– Жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб ўтиш Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг (БК) 14-моддаси билан тартибга солинади. Ўзбекистонга жисмоний шахс томонидан кейин сотиш учун ёки шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган, олиб кирилаётган автомобилнинг божхона расмийлаштирувида деярли фарқ мавжуд эмас. Шу сабабли божхонадан ўтказиш умумбелгиланган тартибда амалга оширилиб, тегишли божхона тўловлари ундирилади. Амалдаги қонун ҳужжатларида жисмоний шахс томонидан Ўзбекистонга автотранспорт олиб кирилганда божхона тўловлари бўйича имтиёзлар назарда тутилмаган, қийматга оид бирор-бир чекловлар белгиланмаган. БКнинг 103-моддасига кўра товарлар ва транспорт Ўзбекистонга олиб кирилганда бож, акциз солиғи, қўшилган қиймат солиғи, божхона расмийлаштируви учун божхона йиғими ундирилади.
Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бож олинмайдиган товарларни олиб киришнинг чегараланган меъёрлари1 жисмоний шахсларга ўз эҳтиёжлари учун чегарадош бўлмаган давлатлар (уларга РФ ҳам киради) ҳудудидан умумий қиймати эквивалентда 1 000 АҚШ долларидан ошмайдиган товарларни божхона тўловларини тўламасдан олиб келишга рухсат беради. Юқорида кўрсатилган меъёрдан ортиқча товарлар олиб кирилганда ошган суммадан қуйидаги божхона тўловлари тўланади:
1) Президентнинг «Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори (5.08.2009 йилдаги ПҚ-1169-сон) билан тасдиқланган ставкаларда импорт божи;
2) Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарорига (25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон) 12-2-илова билан тасдиқланган ставкаларда акциз солиғи;
3) Солиқ кодексининг 206-моддасига мувофиқ белгиланадиган солиқ солиш базасининг 20%и миқдорида қўшилган қиймат солиғи (Президентнинг ПҚ-2099-сон Қарори 3-банди);
4) товарнинг божхона расмийлаштируви учун йиғим, божхона қийматининг 0,2%и миқдорида, бироқ 25 АҚШ долларидан кам ва 3 000 АҚШ долларидан ортиқ эмас (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги «Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида»ги 204-сон Қарори).
Божхона расмийлаштируви чоғида автомобилни олиб кирувчи шахс божхона юк декларациясини расмийлаштириши керак. Агар автомобиль ўз фойдаланиши учун олиб кирилса ва «Эркин муомала учун чиқариш (импорт)» божхона режимида жойлаштирилса, Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисида йўриқномага2 кўра қуйидаги ҳужжатларни БЮДга илова қилиш керак:
транспортга оид ва товарга илова қилинувчи ҳужжатлар (инвойс);
«Бож тарифи тўғрисида»ги Қонун (29.08.1997 йилдаги 470-I-сон) билан белгиланган ҳолларда товарнинг келиб чиқиш сертификати;
экологик сертификат (Президентнинг 14.12.2006 йилдаги 531-сон Қарори ва Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган, бензин ва дизель моторлари билан жиҳозланган «М2», «М3» ва «N2» тоифаларидаги янги автотранспорт воситаларини «Евро-2» экологик даражасидан кам бўлмаган талабларга мувофиқлиги бўйича экологик сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик йўриқнома3).
ВАЛЮТА
– Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага4 мувофиқ Ўзбекистонга нақд хорижий валютани олиб кириш барча тоифадаги шахслар учун чекланмаган, лекин уни албатта ёзма декларация қилиш шарт. 5 000 АҚШ долларигача миқдордаги нақд хорижий валюта ёки унинг бошқа хорижий валютадаги эквиваленти суммаси божхона декларацияси мажбурий тўлдирилган ҳолда ўтказилади, бундан кўпроқ миқдордаги валюта олиб кирилганида божхона органлари ТС-28 шаклидаги гувоҳномани берадилар.
1МВ ва БББ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 10.09.1996 йилда 279-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
2ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
3«Ўзстандарт» агентлиги ва Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг АВ томонидан 7.04.2007 йилда 1670-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
4МБ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 7.05.1999 йилда 716-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.