Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 34 / Солиқ солиш

Қизилмия – олтин илдиз

«LanExtrakt» МЧЖ ўзбек-хитой қўшма корхонаси (СТИР 206285980, ХХТУТ бўйича коди 19310) Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида жойлашган. Унинг асосий фаолият тури экстракт олиш учун яланғоч қизилмия илдизини чуқур қайта ишлаш ҳисобланади. Табиийки, асосий хом ашё яланғоч қизилмия илдизидир.

Вазирлар Маҳкамасининг 1.03.2013 йилдаги 61-сон Қарори 1-бандида шундай деб кўрсатилган: «Юридик ва жисмоний шахсларга, улар томонидан Ўзбекистон Республикасининг яланғоч қизилмия илдизи экстракти ишлаб чиқарадиган қайта ишловчи ташкилотлари билан ғамланган яланғоч қизилмияни етказиб бериш юзасидан шартномалар тузилган тақдирда, махсус фойдаланиш учун рухсатнома олмасдан яланғоч қизилмияни ғамлаш (тўплаш)га рухсат этилсин».

Яланғоч қизилмия илдизи экстрактини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун биз юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар (бундан кейин – хўжалик юритувчи субъектлар) ва жисмоний шахслар (фуқаролар) билан унинг илдизини етказиб бериш шартномаларини тузиш ниятидамиз.

Хўжалик юритувчи субъектлар фермер хўжаликларига тегишли бўлган қишлоқ хўжалиги ерларини бегона ўтлар ва ёввойи ўсимликлардан тозалаш хизматларини кўрсатиб, улардан илдиз олишни режалаштиряптилар.

Туманимиз деярли қишлоқ жойда жойлашган. Унинг аҳолиси (жисмоний шахслар) деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Ўз чек ерларини тозалаётганда улар бегона ўтларни, шу жумладан қизилмия ва бошқа ўсимликларни илдизи билан олиб ташлайдилар. Бунда ўзларининг ва қўшниларнинг чек ерларидан йиғилган қизилмияни улар қайта ишловчи ташкилотларга топширадилар.

Фермер хўжаликлари янги ерларни ўзлаштириш, далаларни ҳайдашга тайёрлаш ва тозалаш чоғида, қишлоқ хўжалиги экинларидан ташқари, илдизи билан олиб ташланган ёввойи ўтлар ва бошқа ўсимликларни ўз ходимлари ёки ҳамқишлоқлари йиғиб олишига рухсат берадиган ҳоллар учраб туради. Жисмоний шахслар қизилмия илдизини тўплаб, уни қайта ишловчи ташкилотларга етказиб беришлари мумкин. Улар учун қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкинлигини аниқлаш учун қуйидаги саволларга жавоб беришингизни сўраймиз.

Жисмоний шахсларнинг бундай даромадлари СКнинг 171-моддасида кўрсатилган даромадларга кирадими?

Улар СКнинг 179-моддаси 12-бандига кўра солиқ солишдан озод қилинадими?

Ушбу даромадларга даромад солиғи солинадими (қандай ставка бўйича)? Улардан ШЖБПҲга (1%), Пенсия жамғармасига (6,5%) мажбурий бадаллар, Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов (25%) ҳисобланадими?

Даромадларни тўлаш манбаи ушбу тўловлардан даромад солиғи ушлаши шартми? Агар биз даромад солиғи ушлашимиз керак бўлса, ШЖБПҲга мажбурий бадалларни (1%) нима қилиш керак? Зеро илдиз етказиб берувчи жисмоний шахсларнинг сони жуда кўп бўлиши мумкин, уларнинг кўпчилиги қизилмияни бир марта топширади.

Агар хўжалик юритувчи субъектлар олдиндан «LanExtrakt» МЧЖ ҚК билан қизилмия илдизини етказиб бериш шартномасини тузиб, уни йиғиш ва тўплаш билан шуғуллана бошлашса, улар учун қандай оқибатлар юзага келади?

Қишлоқ хўжалиги ерларида юридик шахслар қизилмия илдизини йиғадиган ва тайёрлайдиган фермер хўжаликлари учун ерларни ёввойи ўтлар ва бегона ўсимликлардан тозалаш жараёнида қандай оқибатлар юзага келиши мумкин?

Ўзларининг ёки бошқа жисмоний шахсларнинг чек ерларидан, шунингдек фермер хўжаликларида уларнинг рухсати билан тўпланган қизилмия илдизини етказиб берувчи жисмоний шахслар учун қандай оқибатлар юзага келиши мумкин?

Яна қандай саволлар ва солиқ оқибатлари бўлиши мумкин?

Гао Ченгву,

ижрочи директор.

 

СОЛИҚҚА ОИД МАЖБУРИЯТЛАРИНГИЗ

 

– Қайта ишловчи ташкилот билан меҳнат муносабатларида бўлмаган жисмоний шахс муайян илдиз миқдорини йиғиш ёки уни йиғиш даври учун фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган (пудрат ёки пулли хизматлар кўрсатиш) шартнома доирасида йиғилган қизилмия илдизини топшириши керак. Бажарилган ишларга ҳақ тўлаш чоғида жисмоний шахсда меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромад вужудга келади (Солиқ кодексининг (СК)172-моддаси), унинг суммасидан тўлов манбаида белгиланган ставкаларда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушланади (СКнинг 186-моддаси). Бундан ташқари, ушбу тўловларга ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари солинади (СКнинг 306-моддаси).

Бунда жисмоний шахс доимий яшаш жойидаги ДСИга кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай жами йиллик даромад тўғрисида декларация тақдим этиши керак (СКнинг 192-моддаси). Агар у бухгалтерияга ўз даромадидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини энг юқори ставкада ушлаб қолиш бўйича ариза берса, даромад тўлаётган юридик шахслар ЖШДСни имтиёзларни қўлламаган ҳолда энг юқори ставкада ушлайдилар, бунда декларация топшириш шарт эмас.

Ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси жисмоний шахсларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган ҳар ойлик мажбурий бадаллар суммасига камайтирилади.

Агар тадбиркорлик фаолиятини юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор – жисмоний шахс билан шартнома тузилган бўлса, у солиқларни қатъий белгиланган солиқ ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тарзида тўлайди (СКнинг 370, 373-моддалари). Бунда суғурта бадали суммаси ойига энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда бўлиши керак (СКнинг 311-моддаси).

Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан юридик шахсни ташкил этмасдан шуғулланувчи фуқаролар, юридик шахсни ташкил этмаган деҳқон хўжаликларининг аъзолари, шунингдек вақтинча меҳнат фаолияти билан банд бўлмаган шахслар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрийлик асосида иштирок этадилар.

 

Ноила МУҚМИНОВА,

экспертимиз.

 

ШАРТНОМА БИЛАН РУХСАТ ЭТИЛГАН, У ТУЗИЛМАГАН ҲОЛДА ЖАЗО БЕРИЛАДИ

 

– «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонун (26.12.1997 йилдаги 543-I-сон, бундан кейин – Қонун) 6-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ ўсимлик дунёси объектлари махсус фойдаланишга ишлаб чиқариш фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга ошириш учун ҳақ эвазига юридик ва жисмоний шахсларга рухсатномалар асосида бериб қўйилади. Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш, уларни Ўзбекистон  Республикасига олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш тартиби тўғрисида низом1 (бундан кейин – 508-сон Низом) 7-бандининг учинчи хатбошисига кўра, унинг 1-иловаси «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланганлик учун тўлов миқдорлари»да саналган ўсимлик дунёси объектлари (шу жумладан, яланғоч қизилмия)дан фойдаланиш махсус фойдаланиш ҳисобланади ва ҳақ тўланадиган рухсатномалар бўйича амалга оширилади (тайёрланган 1 кг яланғоч қизилмия илдизи учун ҳақ Ўзбекистон юридик ва жисмоний шахслари учун – энг кам иш ҳақининг 0,008 баравари, хорижий шахслар учун – 0,1 АҚШ долларини ташкил этади).

МИСОЛ. Фермер хўжалиги ерларини бегона ўтлардан тозалаш бўйича агротехника ишларини ўтказиб, хўжалик юритувчи субъект 2 000 кг ёввойи ҳолда ўсувчи қизилмия илдизини тўплади. Уни реализация қилиш учун йиғувчи Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига 1 537 680 сўм (0,008 х 96 105) х 2 000) киритиши керак.

Агар йиғувчи чет эллик шахс бўлса, 2 тонна тайёрланган хом ашё учун тўлов суммаси 200 АҚШ долларини (0,1 х 2 000) ташкил этади.

Доривор ва озиқбоп ўсимликларнинг ёввойи турларини ҳамда ўсимликлар техник хом ашёсини тайёрлаш учун квоталарни ҳар йили Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Фанлар академияси билан келишиб тасдиқлайди (Қонуннинг 9-моддаси иккинчи хатбошиси). Яланғоч қизилмиядан махсус фойдаланишга рухсатномани Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, давлат ўрмон фонди ҳудудида эса Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси беради (508-сон Низомнинг 9-банди).

Шуни ҳам назарда тутиш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг «Яланғоч қизилмияни қайта ишлайдиган ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (1.03.2013 йилдаги 61-сон) 1-бандига кўра юридик ва жисмоний шахсларга, улар томонидан Ўзбекистоннинг яланғоч қизилмия илдизи экстракти ишлаб чиқарадиган қайта ишловчи ташкилотлари билан ғамланган яланғоч қизилмияни етказиб бериш юзасидан шартномалар тузилган тақдирда, махсус фойдаланиш учун рухсатнома олмасдан яланғоч қизилмияни ғамлаш (тўплаш)га рухсат берилган. Яланғоч қизилмия, шунингдек уни қайта ишлаш маҳсулотларини тайёрлаш (йиғиш) ва олиб чиқиш чизмаси 1.1-бандининг «б» кичик бандида ҳам худди шундай меъёр мавжуд (ВМнинг 61-сон Қарорига 1-илова ва 508-сон Низом 7-бандининг учинчи хатбошиси).

Шуни ҳисобга олган ҳолда қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг рухсатномасини олмасдан яланғоч қизилмия илдизини тайёрлаш (йиғиш) билан шуғулланадиган, бироқ ўзингиз таъкидлагандек яланғоч қизилмия илдизи экстрактини ишлаб чиқарадиган қайта ишловчи ташкилот ҳисобланадиган сизнинг корхонангиз билан тузилган уни етказиб бериш шартномаси мавжуд бўлганда юридик ва жисмоний шахслар учун маъмурий ёки жиноий-ҳуқуқий оқибатлар юз бермайди;

сиз кўрсатган йиғувчилар бундай шартномани тузмасдан, фақат бунинг учун Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг рухсатномасига эга бўлган ва тегишли ҳақни киритган ҳолда, яланғоч қизилмия илдизини тайёрлаш (йиғиш) билан шуғулланишга ҳақлилар. Қонун ҳужжатларининг ушбу талабларига ерларни ана шу ёввойи ўтлардан тозалаш мақсадида ўзларининг қишлоқ хўжалиги ерлари, чек ерларини илдиз йиғувчиларга бериб турадиган шахслар (фермер ва деҳқон хўжаликлари, фуқаролар ав бошқалар) ҳам риоя этишлари керак.

Ушбу талабларга риоя этмаслик қуйидаги оқибатларга олиб келиши мумкин:

табиатни муҳофаза қилиш бўйича давлат инспекторлари томонидан ноқонуний тайёрланган маҳсулотларни белгиланган тартибда олиб қўйиш ҳамда тайёрлов ва савдо ташкилотларига бериш (508-сон Низомнинг 31-банди олтинчи хатбошиси);

улар томонидан Қонун ҳамда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш бўйича бошқа қонун ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолда амалга оширилаётган ишларни тўхтатиб қўйиш (508-сон Низомнинг 31-банди тўққизинчи хатбошиси);

юридик ва жисмоний шахслар ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида етказилган зарарни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда қоплашлари шарт (508-сон Низом 36-бандининг иккинчи хатбошиси);

қонун билан белгиланган интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарлик (зарарни қоплаш айбдорларни ундан озод қилмайди).

Айбдор шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖТК) 60-моддаси бўйича ўсимлик дунёсидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ёхуд табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бевосита ёки яширин шаклда бузувчи битимлар тузиш ёки бошқа ҳаракатлар содир этиш, табиатдан махсус фойдаланиш ҳуқуқини бошқаларга бериш қисмида маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Мазкур қилмиш учун фуқароларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Агар ёввойи ҳолда ўсадиган доривор ўсимликларни йиғиш ёки тайёрлашнинг белгиланган тартиби ёки шартлари бузилиб, анча миқдорда зарар (ЭКИҲнинг 100 бараваридан 300 бараваригача) етказилса, жиноий жавобгарлик вужудга келиши мумкин. Жиноят кодексининг 202-моддаси биринчи қисмига кўра ушбу қилмиш ЭКИҲнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача қамоқ билан жазоланади. Ушбу модданинг иккинчи қисмида ўша қилмишлар: 2 ; б) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда; в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, ЭКИҲнинг 50 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Худди шу модданинг учинчи қисмида эса ўша қилмишлар: а) хавфли рецидивист томонидан; б) шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб; в) ер, сув ёки ҳавода ишлатиладиган механизациялаштирилган воситалардан фойдаланиб; г) портлаш қурилмалари, заҳарли кимёвий моддалар ёки бошқа ялпи қириб юборадиган ёки нобуд қиладиган усулларни қўллаган ҳолда; д) уюшган гуруҳ томонидан; е) жуда кўп миқдорда (ЭКИҲнинг 500 баравари ва ундан кўп) зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, ЭКИҲнинг 75 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

1ВМнинг 28.10.2004 йилдаги 508-сон Қарорига 1-илова.

2Яланғоч қизилмия йўқ қилиниши модданинг кўрсатилган қисми «а»-бандида келтирилган қилмиш билан боғлиқ Қизил китобга киритилган ўсимликлар гуруҳига кирмаслиги боис биз ушбу кичик бандга ҳавола қилмадик.

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

эксперт-юристимиз. 

Прочитано: 9204 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика