Ўз эҳтиёжлари учун мўлжалланган, биргина ТИФ ТН коди билан классификацияланадиган, бироқ турли номлар, товар белгилари, русумлар, моделлар ва техник тавсифларга эга бўлган ноистеъмол товарларини олиб киришда ҳақиқатан ҳам уларни қўшимча варақлардан фойдаланган ҳолда турли товарлар сифатида декларациялаш керакми?
Декларантлик фирмаси.
– Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – Йўриқнома) 1.10-бандида таъкидланишича, ўз эҳтиёжлари учун мўлжалланмаган, биргина ТИФ ТН коди билан классификацияланадиган, бироқ турли номлар, товар белгилари, русумлар, моделлар ва техник тавсифларга эга бўлган олиб кириладиган истеъмол товарлари қўшимча варақлардан фойдаланган ҳолда турли товарлар сифатида декларацияланади.
Шуни ҳам эътиборга олиш лозимки, Йўриқноманинг 1.8-бандига мувофиқ фақат БЮДнинг асосий варағидан фойдаланган ҳолда товарлар декларацияланганда декларацияда бир ном, тур ва русумдаги, ТИФ ТНга мувофиқ битта 10 белгили код билан классификацияланадиган, бир мамлакатдан келиб чиққан ёки келиб чиқиш мамлакати номаълум бўлган, бир хил божхона тўловлари солинадиган товарлар тўғрисидаги маълумотларни, агар ДБҚнинг меъёрий ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, эълон қилиш мумкин.
Унинг 1.9-бандига кўра эса бир нечта номдаги товарлар декларацияланганида БЮДнинг таркибий қисми ҳисобланган қўшимча варақлардан (ТД2 шакли) фойдаланилади. Битта қўшимча варақда 3 номдаги, тур ва русумдаги, ҳар бири ТИФ ТНга мувофиқ битта 10 белгили код билан классификацияланадиган ва бир мамлакатдан келиб чиққан ёки келиб чиқиш мамлакати номаълум бўлган ва бир хилдаги божхона тўловлари солинадиган декларацияланадиган товарлар тўғрисидаги маълумотлар, агар ДБҚнинг меъёрий ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, эълон қилиниши мумкин.
Ушбу меъёрлардан қуйидагича хулоса чиқариш мумкин: ўз эҳтиёжлари учун мўлжалланган ва биргина ТИФ ТН коди билан классификацияланадиган, бироқ турли номлар, турлар ва русумларга эга бўлган ноистеъмол товарларини ҳам қўшимча варақлардан фойдаланган ҳолда турли товарлар сифатида декларациялаш зарур.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.