Юридик аутсорсинг тўғрисида эшитдим. Бунинг ўзи нима, уни ким ва қандай амалга оширади, ушбу хизмат учун ҳисоб-китоб қилишнинг қандай афзал жиҳатлари ва шартлари бор?
А.Пайзимуҳамедов, бошловчи тадбиркор.
Тошкент вилояти.
– Бизнесда амалда ҳар куни битимлар тузилади ва унинг учун аҳамиятли юридик ҳаракатлар амалга оширилади. Контрагентлар тақдим этадиган ҳужжатлар ва тузиладиган шартномалар малакали юристнинг синчиклаб текширишини тақозо этади. Акс ҳолда муаммолар вужудга келиши мумкин – ишончсиз ҳамкор билан шартнома тузилади, дебиторлик қарзи ошади ва ҳоказо. Бизнес тузилмаси ёки хусусий тадбиркор фаолиятини комплекс юридик кузатишгина ҳуқуқий хатоларга йўл қўйишнинг олдини олади.
Тадбиркорлик фаолиятининг юридик кузатуви ёки ҳуқуқий аутсорсинг – бизнесда ихтисослашган юристнинг фуқаролик, солиқ, меҳнат, хўжалик соҳасида ва зарур ҳолларда, жиноят ҳуқуқи соҳасида ташкилотлар ва хусусий тадбиркорлар учун кўрсатадиган хизматлари.
Ушбу хизматдан ўз тажрибали юристларини тутиб туриш оғирлик қиладиганлар ёки ўз мутахассиси бўлса-да, янги вазифалар вужудга келадиган ва ишлар ҳажми ошадиган ҳолларда фойдаланадилар. Бунда, биринчи ҳолда, юрист учун иш ҳажми, мисол учун, ҳафтасига 40 соатдан камни ташкил қилганда ташқи аутсорсингдан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Иккинчи ҳолда – айрим янги ва ностандарт масалаларни ташқи мутахассисга топшириш ва мавжуд ички юридик фаолиятни мувофиқлаштириш тақозо этилади.
Юридик аутсорсингда қуйидагилар амалга оширилади:
фуқаролик, солиқ, меҳнат ва хўжалик қонунчилиги нормаларини қўллаш масалалари бўйича тезкор ҳуқуқий маслаҳатлар;
юридик оқибатлар ва хатарларни аниқлаган ҳолда амалдаги миллий қонунчиликка мувофиқлиги борасида ҳуқуқий тусдаги ҳужжатларнинг мониторинги, ижро иши юритилишини назорат қилиш;
устав ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш, уларга ўзгартиришлар киритиш, барча турдаги шартномалар, битимлар, шаклларни, уларга доир келишмовчиликлар баённомаларини тузиш;
контрагентлар билан музокараларда иштирок этиш, даъво-эътирозларни тайёрлаш ва таҳлил қилиш;
меҳнат аудити, жамоавий меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларни тузиш, ички меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
судларда ҳимоя қилиш, низоларни судгача ҳал қилиш, ҳокимият ва бошқарув органлари, манфаатдор тузилмаларда вакиллик қилиш;
назорат қилувчи органлар текширувларини ҳуқуқий кузатиш.
Бундай хизматнинг афзаллиги нимада? Юрист билан ходим сифатида эмас, балки контрагент билан ишлагандек ишлаб, бизнес тузилмаси ёки хусусий тадбиркор миллий меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ижтимоий мажбуриятлардан (мажбурий ижтимоий суғуртани амалга ошириш, ҳақ тўланадиган йиллик таътил бериш, ишдан бўшатиш чоғидаги кафолатлар ва ҳоказо) озод бўлади. Юридик аутсорсинг хизматлари харажатлари солиқ солиш базасида ҳисобга олинади.
Мазкур хизмат тури учун ҳақ ишбай ёки абонентлик ҳақи кўринишида бўлиши мумкин.
Биринчи ҳолда ҳақ миқдори кўрсатилган хизматларнинг амалдаги ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади.
Доимий иш ҳажми бўлганда тўловнинг иккинчи шакли қўлланади.
Ҳақ тўлашнинг аралаш тизими қўлланиши ҳам истисно этилмайди.
Қисқаси, баён этилганлар ва ўз имкониятларингизни ҳисобга олган ҳолда қандай хизматдан фойдаланишни ўзингиз танлайсиз.
Маъруф УСМОНОВ.