Меҳр – кўзда. Инсон инсонга малҳам. Халқимизнинг ҳаёт тарзига айланиб улгурган бу каби эзгу нақллар айниқса 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида янада теран бўй кўрсатади. Зеро, марҳумларни, уларнинг хайрли ишлари-ю, жасоратини ёдга олмоқ, фахрийларимизни эъзозлаб, қадрламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардандир.
Давлат божхона қўмитасида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда Хотира ва қадрлаш кунининг маънавий ҳаётимиздаги муҳим аҳамияти ҳақида Тошкент вилояти Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти доценти, «Нақшбандия» журнали бош муҳаррири Султонмурод Олимов атрофлича маъруза қилди.
Қайд этилганидек, мана ўн олти йилдирки, 9 май мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонлаб келинмоқда. Ўтган йиллар давомида бу сана юртимизда умумхалқ байрамига айланиб улгурди.
Дарҳақиқат, уруш арафасида мамлакатимизда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиони урушда бевосита иштирок этган. Жанг майдонларида эса қарийб 500 минг юртдошимиз ҳалок бўлган.
Президентимиз таъкидлаганидек, «Ишончим комил, бизнинг ота-боболаримиз суронли уруш майдонларида қандайдир номаълум тепаликни эгаллаш, унга қизил байроқ ўрнатиш учун эмас, хаёлида авваламбор ўз ота-онаси, болалари, севимли ёри учун, уларнинг келажаги ва тинч ҳаёти учун жон фидо қилган».
Тадбир давомида йиғилганлар мавзу юзасидан кўплаб саволларга атрофлича жавоблар олишди.
* * *
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Давлат божхона қўмитаси ва унинг таркибий тузилмалари томонидан божхона хизмати фахрийларига иззат-икром кўрсатилиб, юртимиз осойишталиги ва иқтисодий хавфсизлиги йўлида жон фидо қилган божхоначилар хотираси ёдга олинди.
Анъанага кўра Давлат божхона қўмитасининг таркибий тузилмалари ва Божхона фахрийлари уюшмаси ҳамкорлигида божхона тизимида узоқ йиллар меҳнат қилган, айни пайтда қариялик гаштини сураётган 1,5 минг нафардан ортиқ божхона фахрийларининг ҳам ҳолидан хабар олинмоқда.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида қўшни давлатлардаги мураккаб вазият туфайли чегараларимизда божхона назорати кучайтирилди, гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғлар контрабандасига, божхона қонунбузилишларига қарши қақшатқич кураш олиб борилди. Ана шундай курашларда божхона хизматининг 11 нафар жасур зобитлари қаҳрамонларча ҳалок бўлди.
Бугунги кунда барча мардонавор ҳалок бўлган божхоначиларнинг оиласи мунтазам эътиборда – ота-онаси, аёли ва фарзандлари ҳолидан доимо хабар олиб турилади. Бу каби учрашувлар айниқса, ёш божхоначиларда касбига нисбатан меҳр-садоқат ва масъулиятни кучайтиришда ўрнак ва ибрат вазифасини ўтамоқда.
Яқинда Давлат божхона қўмитаси ҳовлисида барпо этилган мўъжаз хиёбонда хизмат вақтида ҳалок бўлган, шунингдек тизимда ўрнак кўрсатиб хизмат қилган марҳум божхоначилар хотирасига ёдгорлик монументи қад ростлади.
9 май – Хотира ва қадрлаш кунида Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти ва шахсий таркиби монумент қошида саф тортиб, ёдгорлик пойига гулчамбар қўйишди. Шунингдек, тадбирда Олий ҳарбий божхона институти, Миллий кинология маркази, «Тошкент-Аэро» ИБК, Тошкент шаҳри ва вилояти божхона бошқармалари вакиллари ҳам иштирок этиб, гулчамбар қўйиш орқали ўтганлар хотирасига ҳурмат бажо келтиришди.
Бу каби тадбирлар республикамизнинг барча божхона хизмати тизимларида бўлиб ўтди.
Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.