Ўзбекистон корхоналари жорий йилнинг биринчи чорагида юқори ишбилармонлик фаоллигини намоён этди. Бу товар ва хизматларга бўлган ички талабнинг ошиб бораётгани, ишбилармонлик муҳитининг тобора яхшиланаётгани билан боғлиқ.
Бу Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Иқтисодий тадқиқотлар маркази ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистон бизнес форуми» лойиҳаси мутахассислари томонидан мамлакатимизнинг юзлаб корхоналари раҳбарлари ўртасида ўтказилган навбатдаги бизнес-сўров натижасидир. Тошкентда бўлиб ўтган «Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги ва муҳити индекслари» мавзусидаги медиа-брифингда 2014 йилнинг биринчи чорагидаги маълумотлар таҳлил этилиб, иккинчи чорак прогнозлари муҳокама қилинди.
Ишбилармонлик фаоллиги ва ишбилармонлик муҳити индексларини ҳисоб-китоб қилиш тадбиркорларнинг кайфияти ва ишбилармонликнинг жорий аҳволини аниқлаш, мониторинг тартибида ишбилармонлик фаоллигини кузатиш, бу борадаги тенденциялар ва келажакдаги прогноз кўрсаткичларни белгилаш имконини беради. Бунинг учун саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт, алоқа, савдо, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш соҳаларида бизнес-сўров ўтказилаётир.
Иқтисодий тадқиқотлар маркази маълумотларига кўра, 2014 йилнинг дастлабки чорагида ишбилармонлик фаоллиги индекси плюс 25,5 даражани ташкил қилган ва бу ўтган 2013 йилги кўрсаткичдан 7,3 даража яхшидир. Айниқса, Андижон, Бухоро ва Навоий вилоятлари корхоналарида юқори ишбилармонлик муҳити кузатилмоқда. Тақдим этилган олти соҳа орасида саноат, савдо, умумий овқатланиш, транспорт ва алоқа тармоқлари етакчилик қилаётир.
Мамлакатимиз корхоналари раҳбарлари ҳам ўз бизнес муҳитини баҳолади. Жорий йилнинг январь-март ойларида ишбилармонлик муҳити индекси плюс 24,7 даражани ташкил этди. Қонун ҳужжатлари ва замонавий технологиялар ҳақидаги ахборотдан эркин фойдаланиш, маҳаллий ҳокимият органлари ва солиқ идоралари томонидан қўллаб-қувватлаш бизнесни ривожлантириш учун энг қулай омиллар сифатида қайд этилди. Таъкидлаш жоизки, жорий йилдан бошлаб ишбилармонлик муҳити индексини баҳолаш учун яна икки таркибий қисм – йўллар сифати ва рақобат муҳити қўшилди.
Мутахассисларнинг фикрича, ишбилармонлик фаоллиги индекси ва ишбилармонлик муҳити индекси кўрсаткичлари бозор ислоҳотлари изчиллик билан амалга оширилаётгани ва иқтисодиёт эркинлаштирилаётгани, ишбилармонлик муҳити яхшиланаётгани, рақобат кучайиб, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик жадал ривожланиб бораётганидан далолат беради.
Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 7 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ва 15 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришга хизмат қилаётир.
ЎзА.