Кичик корхонамиз 2009–2014 йилларда режали текширувлардан озод қилинган эди. Маълумки, солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича даъво муддати 5 йилни ташкил қилади. Айтайлик, 2007 йилда жисмоний шахснинг даромади кўрсатилмаган, ундан солиқлар ва тўловлар ушланмаган ҳамда ҳисоботда акс эттирилмаган.
Ушбу далил аниқланганда жисмоний шахс ёки корхонага бирор-бир санкциялар қўлланадими?
– Солиқ кодексининг (СК) 38-моддаси солиқ мажбурияти бўйича даъво муддати – солиқ даври тугаганидан кейин беш йилни белгилайди. Бу даврда солиқ органлари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаши ёки уларнинг ҳисобланган суммасини қайта кўриб чиқиши мумкин.
Солиқ мажбуриятлари бўйича даъво муддатлари тугагандан кейин шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш мумкин эмас (СКнинг 110-моддаси). Шу сабабли жисмоний шахснинг 2007 йилдаги даромадини яширганлик, унга доир маълумотлар ва аниқлаштирилган ҳисоб-китоб тақдим этмаганлик, солиқларни тўламаганлик учун юридик ва (ёки) жисмоний шахсга нисбатан молиявий санкциялар қўлланмайди.
Мария САБИРОВА,
экспертимиз.