Корхонамиз умумқурилиш соҳаси билан шуғулланади. Ишлаб чиқариш заруриятидан келиб чиқиб, жисмоний шахсдан унга тегишли бўлган микроавтобусни харид қилмоқчимиз.
Бу хатти-ҳаракатимизга чеклов йўқми, агар бундай операцияни амалга ошириш мумкин бўлса, унинг бухгалтерия ёзувлари ва солиқ оқибатлари қандай бўлади?
Х.Эшназаров,
МЧЖ бухгалтери.
Тошкент шаҳри.
– Сиз амалга оширмоқчи бўлган операция бўйича қонун ҳужжатларида чекловлар йўқ. Солиқ кодексининг 176-моддаси 4-бандига асосан жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар уларнинг мулкий даромадлари ҳисобланади. Ушбу даромадлар мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Мол-мулкни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати, кўчмас мулк бўйича эса инвентаризация қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги фарқ даромад деб эътироф этилади.
Солиқ кодексининг 22-моддасига биноан мол-мулк деганда эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш объектлари бўла оладиган моддий объектлар, шу жумладан пул маблағлари, қимматли қоғозлар, улушлар (пайлар, ҳиссалар) ҳамда номоддий объектлар тушунилади.
Шунингдек, Солиқ кодексининг 179-моддасининг 11-бандига асосан жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.
Шундан келиб чиқиб, сиз жисмоний шахсдан харид қилган микроавтобус бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Асосий воситаларни сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар дастлаб 0820-«Асосий воситаларни сотиб олиш» ҳисобварағининг дебетига олиб борилади. Асосий воситалар объектлари фойдаланишга топширилганда уларнинг суммаси 0820-ҳисобварақдан 0100-«Асосий воситалар» гуруҳи ҳисобварақларига ўтказилади.
21-сон БҲМСга асосан микроавтобусни харид қилиш бўйича бухгалтерия ўтказмалари қуйидагича акс эттирилади:
Хўжалик операцияларининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
Асосий воситалар объектлари сотиб олинди
|
0820-«Асосий воситаларни сотиб олиш»
|
6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган ҳисобварақлар»
|
Асосий воситалар сотиб олинаётганда харажатлар акс эттирилади (воситачиларнинг хизмат ҳақи, хусусий мулк ҳуқуқини рўйхатга олиш, ташиш, монтаж қилиш, созлаш ва бошқа харажатлари)
|
0820-«Асосий воситаларни сотиб олиш»
|
6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган ҳисобварақлар»,
|
Асосий воситаларни фойдаланишга топшириш акс эттирилади
|
0100-«Асосий
|
0820-«Асосий воситаларни
|
Шуни унутмаслик керакки, Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган) автомототранспорт воситаларини олди-сотди қилиш шартномаларини расмийлаштириш тартиби белгиланган бўлиб, унинг 3-бандига асосан автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши керак.
Жавобни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати ташкилоти эксперти
Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.