Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 17 / Бизнинг маслаҳатлар

Ходимлар сони қандай аниқланади?

Бир неча фаолият тури билан шуғулланувчи корхонамизда (ягона солиқ тўлови тўловчиси) йил мобайнида ходимлар сони ўзгариб туради, яъни айрим ойларда улар сони 150 кишига етса, баъзида 15 кишини ташкил этиши мумкин. Меъёрий ҳужжатларда ходимлар сони 100 кишигача бўлиши назарда тутилган фаолият турлари мавжуд, бошқа турлар учун 25 киши белгиланган.

Айтинг-чи, биз ходимларнинг ўртача сонини қандай ҳи­соблаймиз ҳамда агар савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги фаолиятларни амалга оширмаган тақдиримизда, кичик корхоналар тоифасига кирамизми-йўқми?

Нозима Шукурова,

МЧЖ бош бухгалтери.

Тошкент вилояти.

 

– Солиқ кодексининг 350-моддасига асосан, ягона со­лиқ тўловини тўловчилар қуйи­дагилардир:

1) микрофирмалар ва кичик корхоналар, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилганлар мустасно;

2) ходимларнинг сонидан қатъи назар:

савдо ва умумий овқатланиш корхоналари;

лотереялар ташкил қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш доирасидаги юридик шахслар;

3) оддий ширкат ишларини юритиш зиммасига юклатилган (ишончли шахс) шерик (иштирокчи) – якка тартибдаги тадбиркор.  

Ягона солиқ тўлови қуйи­даги микрофирмалар ва кичик корхоналарга татбиқ этилмайди:

– акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқаришни ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни қа­зиб олишни амалга оширувчи мик­рофирмалар ва кичик корхоналарга, бундан махсус печлардан фойдаланган ҳолда энергия тежайдиган замонавий технологиялар асосида пишиқ ғишт ишлаб чиқарувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар мустасно;

– ягона ер солиғи ва қатъий белгиланган солиқ тўлаш назарда тутилган фаолият доирасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналарга;

– маҳсулот тақсимотига оид битимлар иштирокчиси бўл­ган микрофирмалар ва кичик корхоналарга.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига ходимларининг сони бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган мезонга мос келадиган юридик шахслар киради. Бунда Солиқ кодексига мувофиқ:

ходимларнинг сони ҳисобот йили учун ходимларнинг ўр­тача йиллик сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланади;

ходимларнинг ўртача йил­лик сонини аниқлашда ўрин­дошлик, пудрат шартномалари ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишга қабул қилинган ходимларнинг, шунингдек унитар (шуъба) корхоналарда, ваколатхоналар ва филиалларда ишлаётганларнинг сони ҳам ҳисобга олинади;

юридик шахсларни микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига киритишда юридик шахснинг асосий фаолият (ихтисослиги) турига тўғри келадиган ходимлар сонининг мезони қабул қилинади.

Солиқ солиш мақсадида савдо ва умумий овқатланиш корхоналари жумласига савдо фаолияти, умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият ўтган ҳисобот йили якунлари бўйича асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар киради.

Шунга эътибор бериш керакки:

ўзи ишлаб чиқарган маҳсу­лот бўлган товарларни реализация қилиш, шу жумладан уларни мустақил юридик шахс бўлмаган фирма дўконлари орқали реализация қилиш;

воситачи, ишончли вакил томонидан воситачилик, топ­шириқ шартномаси бўйича товарларни реализация қилиш, шу жумладан давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни реализация қилиш;

тайёрлов фаолиятини амалга оширувчи корхоналар томонидан товарларни реализация қилиш савдо фаолияти сифатида қаралмайди.

Умумий овқатланиш соҳа­сидаги фаолият деганда кулинария, шунингдек бошқа озиқ-овқат маҳсулотини тайёрлаш, реализация қилиш ва уларни истеъмол қилишни ташкил этиш бўйича фаолият тушунилади.

Шуни қайд этиш лозимки, ходимларнинг ўртача йиллик сонини белгилаш учун ходимларнинг йил мобайнидаги ўртача ойлик сонини ҳисобга олиш лозим. Бунда ходимларнинг ўртача ойлик сони ходимларнинг ҳар кунги сони суммасидан келиб чиқиб белгиланади, бунда ўриндошлик, пудрат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишга қабул қилинганлар, шунингдек унитар (шуъба) корхоналар, ваколатхоналар ва филиалларда ишловчилар улар жумласига киритилади, ушбу сумма ойнинг календарь кунларига бўлинади. Дам олиш ёки байрам (ишланмайдиган) кунлардаги ходимлар сони бундан олдинги иш кунидаги ходимларнинг рўйхат сонига тенг деб қабул қилинади.

Сўнгра барча ойлар учун ўртача ойлик сонини қўшиш ва уни 12 га (йилдаги ойлар сонига) бўлиш йўли билан ходимларнинг ўртача йиллик сони белгиланади.

Кейин корхонанинг асосий фаолият тури белгиланади.

Солиқ кодексининг 22-мод­дасига асосан юридик шахс­нинг асосий фаолият тури – ҳисобот даври якунлари бў­йича умумий реализация қилиш ҳажмидаги тушум улуши устунлик қиладиган фаолиятидир.

Асосий фаолият тури ҳам, ходимларнинг ўртача йиллик сони каби, ҳисобот даврининг эмас, балки йилнинг якунлари бўйича белгиланади.

 

 

Жавобларни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати ташкилоти эксперти

Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.

Прочитано: 5301 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика