Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тизими ҳамда Тошкент шаҳридаги ижросини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш натижаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Б.Иминов, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари С.Ғаффоров ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида бозор иқтисодиётининг илғор тамойиллари ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани жамиятимиз тараққиётида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Риэлторлик фаолияти ана шундай замонавий йўналишлардан бири бўлиб, ушбу соҳа мутахассиси шартнома асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк иншоотларига доир битимлар тузиш бўйича хизмат кўрсатмоқда.
2011 йил 23 июнда кучга кирган «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ушбу соҳани ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, кўчмас мулк эгаларининг манфаатларини таъминлаш, риэлторлик соҳасида замонавий тамойилларни жорий этишда муҳим асос бўлаётир.
Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳага доир меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, риэлторлик фаолиятини лицензиялаш, аҳолига мазкур йўналишда хизмат кўрсатиш тартиб-таомилларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Фаолият юритиш борасида яратилаётган шароитлар туфайли риэлторлик ташкилотлари тобора кўпайиб бораётир. 2014 йил 1 апрель ҳолатига кўра 170 га яқин юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлар риэлторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия, 1 100 нафардан зиёд жисмоний шахс махсус сертификат олган. Ушбу мутахассисларнинг салмоқли қисми Тошкент шаҳри улушига тўғри келади. Мазкур йўналишда аҳолига хизмат кўрсатиш ҳажми йилдан-йилга ошмоқда. Жумладан, пойтахтимизда 2013 йилда аҳолига саккиз миллиард сўмликдан ортиқ хизмат кўрсатилган.
Қонун ижросини таъминлашда эришилаётган натижалар билан бирга ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжуд. Кўчмас мулк бозорида ҳанузгача ноқонуний воситачилар фаолият юритаётгани, жойларда риэлторлик хизмати кўрсатувчи ташкилотлар тузиш ишлари оқсаётгани бунга мисолдир. Тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан аҳоли орасида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Йиғилишда риэлторлик фаолиятини ривожлантириш истиқболлари, соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар муҳокама этилди. Мутасадди ташкилотлар вакилларига қонун ижросини таъминлаш, соҳада фаолият юритувчи тадбиркорлар фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
ЎзА материаллари асосида.