Шартномада хизматлар қиймати АҚШ долларида белгиланган. Ҳақ тўлаш тўлов кунида чет эл валютаси курси бўйича сўмларда амалга оширилади. Мазкур ҳолда курс бўйича фарқ юзага келадими? Ёки ҳисоб сиёсатида бундай ҳолларда қарз хизматлар кўрсатиш санасида (ёки шартнома амал қилиш муддатининг тугаш санасида) курс бўйича акс эттирилиши ва қайта баҳоланмаслигини назарда тутиш мумкинми?
Масалан, 30 сентябрда солиштирма далолатнома тузилади, унда далолатномани тузиш санасида курс бўйича қарз суммаси акс эттирилади. Кейинчалик қарзни қайта баҳолаш амалга оширилмайди, балки буюртмачи далолатномада миллий валютада кўрсатилган суммани, тўлов пайтида долларнинг курси қандай бўлишидан қатъи назар, сўндиради.
Шу тўғрими?
Ф.Шакурова,
бухгалтер.
– Чет эл валютасида ифодаланган, шу жумладан тўлов сўмларда амалга ошириладиган ҳолларда дебиторлик ва кредиторлик қарзи ойнинг охирги санаси ва хўжалик операцияларини амалга ошириш санасида Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича қайта баҳоланиши керак (Чет эл валютасидаги операцияларнинг бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисида низомнинг1 13, 17, 18-бандлари). Қайта баҳолаш тартиби 22-сон БҲМС «Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби»да2 ва кўрсатилган Низомда белгиланган. Тарифи чет эл валютасида белгиланган хизматлар кўрсатиш шартномаси доирасида операциялар ҳисобини юритиш учун иккала тараф (буюртмачи ва ижрочи) ушбу ҳужжатларга амал қилиши ва уларда назарда тутилган нормаларга таянган ҳолда ўз ҳисоб сиёсатини тузиши керак.
Нархлар чет эл валютасида белгиланган, тўлов эса сўмларда амалга ошириладиган шартномалар бўйича дебиторлар/кредиторлар билан ҳисоб-китоблар текширилаётганда солиштирма далолатномалар чет эл валютасида тузилади. Сўмлардаги эквивалентни ҳам кўрсатиш мумкин. Бироқ солиштирма далолатномада қандай курс кўрсатилишидан қатъи назар, ҳисобда қарзни ёпиш тўлов санасида МБ курси бўйича акс эттирилади.
1МВ, ИВ, ДСҚ, МБ бошқаруви ва Давстатқўмнинг АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2Молия вазирининг АВ томонидан 21.05.2004 йилда 1364-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
Жавобни
«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.