Ташкилотимиз 2010 йилда ускунани импорт қилди. Италия компанияси билан 282 000 еврога контракт тузилди. Конвертациялашнинг боришига қараб унинг қийматини қисман, 130 000 еврода тўладик. Контрактда шефмонтаж ва ишга тушириш-созлаш бўйича 1 580 евроли хизматлар назарда тутилган. Ҳозирги пайтда хорижий компания билан қўшимча битим тузилган, унга кўра 152 000 евродаги қарз қолдиғини хорижий компания бизга текинга беради. Корхонамиз ягона солиқ тўлови тўловчиси ҳисобланади ва текинга олинган ускуна қийматига бизда ЯСТ бўйича мажбурият юзага келади.
Агар қарз қолдиғига биз ҳақ тўламасак, хорижий ҳамкорлар эса уларни текинга берган бўлса, хизматлар импортига ҚҚС тўлашимиз керакми?
– Солиқ кодексининг (СК) 349-моддаси ягона солиқ тўлови тўловчиларининг Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан бажариладиган (кўрсатиладиган) ишлар (хизматлар) бўйича ҚҚС тўлаш мажбуриятини сақлайди.
СКнинг 200-моддасига кўра:
солиқ тўловчининг товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти солиқ солинадиган оборотдир;
Ўзбекистон норезиденти Ўзбекистон резидентига нисбатан бажарадиган ва кўрсатадиган ишлар ва хизматлар СКнинг 207-моддаси билан белгиланган тартибда кўрсатилган ишлар, хизматларни олувчининг солиқ солинадиган оборотига киритилади.
СКнинг 22-моддасида шу жумладан текинга ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш ҳам реализация деб эътироф этилади.
СКнинг 207-моддасига мувофиқ:
Ўзбекистон норезиденти томонидан тақдим этилган ишлар, хизматлар, агар уларнинг реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлса, ишларни, хизматларни олувчи Ўзбекистон солиқ тўловчисининг солиқ солинадиган оборотидир;
ишлар, хизматларни олувчида солиқ солинадиган база Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромад бўйича тўлов манбаида ушлаб қолиниши лозим бўлган солиқ суммаси чегириб ташланмаган ҳолда белгиланади. Импорт бўйича олинган ускунани шефмонтаж қилиш ва ишга тушириш-созлаш хизматларини реализация қилиш жойи бўлиб, СК 202-моддаси учинчи қисмининг 2-бандига кўра, Ўзбекистон ҳисобланади.
Баён этилганларни ҳисобга олганда, корхонангизга норезидент томонидан текинга хизматлар кўрсатилганда солиқ солинадиган оборот мавжуд ва сизда қўшилган қиймат солиғини тўлаш мажбурияти юзага келади. ҚҚС бўйича ҳисоб-китобни тақдим этиш тартиби СКнинг 225-моддаси билан белгиланган, Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан олинган ишлар, хизматлар бўйича қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби шакли эса МВ ва ДСҚнинг қарори (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тасдиқланган.
Валерий ЛИ,
Молия вазирлиги Солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармасининг бўлим бошлиғи.