Давлат божхона қўмитасида бўлиб ўтган навбатдаги тадбир «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, унинг ижросини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг аҳамиятига бағишланди. Мавзу юзасидан республика Перинатал маркази шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Умида Муҳаммедова атрофлича маъруза қилди.
Сўнгги ўн йилда даволаш-профилактика муассасаларини модернизация қилиш ва энг замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун 750 млн АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирилганлиги, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими 3,2 баробар камайганлиги қайд этилди. «Она ва бола скрининги» дастури амалга оширилиши натижасида туғма нуқсонли болалар туғилиши 2000 йилдан буён 1,8 мартага камайди. Бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. «Save the children» халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олди.
Жорий йилнинг «Соғлом бола йили» деб эълон қилиниши ва шу муносабат билан Давлат дастурининг қабул қилиниши бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирмоқда. Давлат дастурида соғлом болалар туғилиши ва таълим-тарбияси, оилада соғлом муҳитни яратиш, иқтисодий ва маънавий-ахлоқий асосларни мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳа ривожига ажратилаётган маблағлар самарадорлигини ошириш билан боғлиқ кенг кўламли вазифалар белгиланган. Мазкур вазифаларни амалга оширишга хизмат қилувчи тадбирларга 4 509,2 млрд сўм ва 302,9 млн доллар миқдорида маблағ йўналтирилмоқда.
Тадбир якунида божхоначилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Давлат божхона қўмитаси
Матбуот хизмати.