Norma.uz
Норма маслахатчи / 2014 йил / № 8 / Фикримиз бор

Иш берувчи асосни унутмасин

МЧЖ ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга пенсионерни Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандига кўра, у пенсия ёшига етганлиги муносабати билан ишдан бўшатиши ва ана шу лавозимга бошқа пенсионерни ишга қабул қилиши мумкинми?

Е.Жориев,

МЧЖ директори.

 

– Фикримизча, МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган, меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш учун асос пенсия ёшига етган шахсларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда ёш мутахассисларни ишга жойлаштириш имкониятини таъминлаш учун белгиланган. Шу сабабли пенсия ёшига етиши муносабати билан ишдан бўшатилган ходимнинг ўрнига бошқа пенсионерни ишга қабул қилиш камида мантиққа зиддир. Аввалги ходим-пенсионер билан меҳнат шартномасини нима учун бекор қилгансиз?

Тўғри, сиз ишдан бўшатилган пенсионерлар ўрнига ҳам пенсионерларни ишга қабул қилишингиз мумкин – қонун ҳужжатлари буни тақиқламайди. Бироқ четдан қараганда ушбу вазият ёқмайдиган ходимдан очиқдан-очиқ халос бўлиш бўлиб кўринади. Судлашилган тақдирда ҳам иш берувчининг ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши асосли бўлганлигини исботлашига тўғри келади.

 

А.Кононенко:

– Мақола мавзусига оид бошқа нуқтаи назарни билдирмоқчиман.

Сизнинг иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишнинг МК 100-моддаси иккинчи қисми 7-бандида назарда тутилган асослари пенсия ёшига етган шахсларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш, ёш мутахассисларни ишга жойлаштириш имкониятини таъминлаш учун белгиланганлиги хусусидаги шахсий фаразингиз (қонун матни эмас) фараздан бошқа нарса эмас.

Сиз айтиб ўтган мақсадлардан ташқари қонун чиқарувчи бошқа мақсадларни ҳам кўзлаган деб ўйлаш мумкин. Пенсия ёшига етган кишилар имкониятлари ҳар хил бўлади. Баъзилар яна кўп йил давомида аввалги иш қобилиятларини сақлаб қоладилар, яна бирлари эса ишни давом эттиришга қобил бўлмайдилар. Ходимнинг пенсия ёшига етганлигини иш берувчининг ташаббусига кўра уни ишдан бўшатиш учун асослар сирасига киритиш аввало иш берувчининг ушбу масалаларни корхона манфаатларидан келиб чиқиб ҳал этишини таъминлайди. Бироқ бу – сизнинг фикрингизга жавобан менинг фикрим.

Қонунда эса ёшга доир давлат пенсияси олиш ҳуқуқига эга ходимни ишдан бўшатиш учун ҳам, унинг ўрнига худди шу ёшдаги ёки ҳатто ундан катта ёшдаги, бироқ лавозим талабларига мувофиқ келадиган бошқа ходимни ишга қабул қилиш учун ҳам ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмас. Бунда масалани иш берувчи ҳал қилади. Ишдан бўшатилган пенсионер МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандига кўра судга мурожаат қилганда ҳам, иш берувчи ҳеч нимани исботлашига ҳожат йўқ, зеро пенсия ёшига етиб ишдан бўшатилган шахс тегишинча ёшга доир давлат пенсиясини олишга ҳақлидир.

Агар иш берувчи ишдан бўшатишнинг тўғрилигини ҳимоя қилишда ушбу линияга амал қилса, собиқ ходим-пенсионернинг судга мурожаат қилиши муваффақиятли бўлиши эҳтимолдан йироқ.

 

Р.Солодовникова, юрист:

– Газетхон А.Кононенконинг фикрини қўллаб-қувватлайман.

Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинишига ходим салбий муносабат билдиради. Шу сабабли айниқса кекса ёшдаги ходимга ёндашувда иш берувчига МК 100-моддасининг иккинчи қисмига яқиндагина киритилган айни шу 7-банд ёрдам беради. Афсуски, кексалик ҳаммага ҳар хил насиб этади. Баъзилар учун кексалик – бир маромдаги жараён, киши ҳали яна узоқ вақт барча билан тенг даражада ўз вазифаларини уддалайди. Бошқаларининг қувватсизлиги ишини уддалай олмаслигига олиб келади, бу эса кекса киши мажбуриятларининг бир қисмини ўз зиммасига олишига тўғри келган бошқа ходимларнинг аввал унга ачинишларига, кейинчалик бўлса ғижинишларига сабаб бўлади. Ўйлашимча, аттестациядан ўтиш, соғлиғининг ҳолати тўғрисида маълумотномалар йиғиш бундай ходимнинг ўзига ҳам эриш туюлса керак. Пенсионерни чиройли тарзда, жамоа ўртасида миннатдорчилик билан кузатган маъқулроқ, кейинчалик у мамнуният билан байрамларга келади ёки ёрдам сўраб мурожаат қилади. Шу сабабли ҳар қандай шартнома, шу жумладан меҳнат шартномаси ҳам тарафларнинг бир-бирини субъектив баҳолаш асосида тузилишини ҳисобга олганда, фикримча, МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандини қўллашга нисбатан бундай танлаб ёндашиш ўринли бўлиб, судда ушбу масала юзасидан низолашиш ишламайдиган пенсионер мақомига ўтишнинг оғриқли таомилини чўзади холос. Ишлаётган пенсионерни ўзининг янги, ишламайдиган пенсионер мақомига мослаштириш бўйича психологик ёрдамни жорий этиш – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, турли жамоат институтларининг фуқаролик ташаббуслари тузилмалари ва, албатта, давлат ҳал этиши мумкин бўлган муаммодир.

Alesher Bayjanov (SCRСUz):

– Пенсионерни ишга қабул қилиш ҳам, уни ишдан бўшатиш ҳам мумкин (Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига киритилган охирги қўшимчаларга кўра). Солодовникованинг таклифини ҳисобга олган ҳолда А.Кононенконинг фикрига қўшилиш мумкин.

Савол берган бизнес тузилма раҳбари, чамаси, ишдан бўшатилаётган ходим билан судда тўқнаш келишдан қўрқади, бироқ ҳар қандай ишда ходимнинг ёши эмас, балки самарали меҳнати асосий мезон бўлиши керак.

 

Алексей Ниязметов, юрист:

– Мақола муаллифининг фикрига тўлиқ қўшиламан. Менимча, иш берувчида мазкур вазиятда айнан МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандидан фойдаланиши учун меҳнат шартномасини бекор қилиш мақсадида таъсир кўрсатиш омиллари ва асослари шундоқ ҳам етарли. Демак, иш берувчи ходимни айбли хатти-ҳаракати ёки соғлиғининг ҳолати (малакаси етарли эмаслиги) туфайли эгаллаб турган лавозимига мувофиқ эмаслиги билан боғлиқ бошқа асосларга кўра ишдан бўшатишга қодир эмас. Пенсия ёшидаги бошқа ходимни ишга қабул қилиш буни тасдиқлайди. Расман олганда ҳам ҳаммаси тўғри. Бироқ меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари принциплари ва меъёрларининг кўпчилиги меҳнат муносабатларининг энг нозик тарафи сифатида ходимнинг манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилганлигини унутмаслик керак. Бинобарин, агар суд ишдан бўшатилган ходим фойдасига ҳал қилув қарорини қабул қилса, ҳайратланмайман.

Хулосада шуни таъкидлаш лозимки, МК 100-моддаси иккинчи қисми 7-бандининг қўлланишини қонун чиқарувчи томонидан ҳам, Олий суд Пленуми томонидан ҳам қўшимча тушунтириш ва тартибга солиш талаб этилади.

 

Павел Сильнов, адвокат:

– Муаллифнинг пенсионер билан меҳнат шартномасини МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандига асосланиб бекор қилиш ва унинг ўрнига бошқа пенсионерни ишга қабул қилиш ёқмайдиган ходимдан қутулиш дея қатъий тасдиқлаши хусусида низолашиш мумкин деб ҳисоблайман. Бу меҳнат шартномасини мазкур асосга кўра бекор қилишни объектив сабаблар (замонавий техника билан ишлаш кўникмаларининг йўқлиги, қизғин иш жадвали, меҳнат унумдорлигининг пасайиши ва бошқалар) ҳам юзага келтириши мумкинлиги билан изоҳланади. Бундан ташқари, пенсионернинг пенсионердан фарқи борлигини ҳисобга олиш муҳим, ишдан бўшатилган пенсионер ўрнига янги пенсионерни ишга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қиларкан, иш берувчи бўлғуси иш ва уни бажариш хусусиятлари (катта тажрибага эгалик, саломатликнинг яхши ҳолатдалиги, замонавий АКТ ва техникани юқори даражада эгаллаганлик, янги жамоада ишлашга тайёрлик ва бошқалар) билан боғлиқ асосли сабабларга таянган бўлиши мумкин.

Ҳар қандай ҳолда ҳам келтирилган вазиятда ёқмайдиган ходимдан қутулиш тўғрисида қатъий гапириш мумкин эмас. Бундай дейишдан аввал меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳоллари ва сабабларини аниқлаш ва шундан кейингина тўғри хулоса чиқариш лозим.

 

Ахтам Ҳикматов, юрист:

– Фикримча, агар судда иш берувчи ишдан бўшатилган пенсионерда замонавий техника билан ишлаш кўникмаси йўқлиги, меҳнат унумдорлиги пастлиги, янги ишга қабул қилинган пенсионерда катта иш тажрибаси борлиги, соғлиғи яхши ҳолатдалиги, замонавий АКТни юқори даражада эгаллаганлигини қайд этса, бу яна бир бора иш берувчи пенсионер билан меҳнат шартномасини у пенсия ёшига етганлиги сабабли эмас, балки унга ходим сифатида тўғри келмаслиги, яъни унга топширилаётган ишни уддалай олмаслиги боис бекор қилганлигини исботлайди, бу эса бошқа асосдир.

 

И.Ёқубов (Шаҳар касаба уюшмалари кенгаши):

– Анча жиддий ва долзарб масала кўтарилган. Бу шарҳларда ҳам, Кодекснинг ушбу моддаси ҳаётда турлича ҳуқуқий қўлланишида ҳам кўринади.

Пенсия ёшига етганларнинг ёш ходимлар билан алмаштирилишини қутлаш мумкин, бироқ ходимлар ёшларига қарамай ишбилармонлик хислатларига қараб танланишининг ҳам ҳеч қандай ножўя томони йўқ.

Ишга тиклашнинг суд тартиби – иш берувчи учун доимий таҳлика дегани эмас, балки меҳнат муносабатлари ноқонуний бузилишидан ҳимоялаш дастагидир.

Шу сабабли нафақат давлат тузилишида, балки хусусий тузилмада ҳам иши унумли ходимлардан фойдаланиб, ишни мақбуллаштириш керак.

 

Ленара Хикматова, юрист:

– Агар пенсионер ходим малакасининг етарли эмаслиги ёки соғлиғининг яхши эмаслиги туфайли бажараётган ишига мувофиқ келмаса ёки ишга доимо кечикиб келса ёхуд бошқача тарзда ўз меҳнат мажбуриятларини бузса, ушбу ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин, бироқ бошқа, масалан, МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-банди бўйича эмас, балки МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 2, 3 ёки 4-бандларида назарда тутилган асослар бўйича.

Умуман олганда, мен Алексей Ниязметовнинг шарҳига қўшиламан: МК 100-моддаси иккинчи қисми 7-бандининг қўлланиши қонун чиқарувчи томонидан ҳам, Олий суд Пленуми томонидан ҳам қўшимча тушунтириш ва тартибга солишни талаб қилади.

Ленара ХИКМАТОВА,

юрист.

Прочитано: 4052 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика