МЧЖ шаклидаги корхонамиз (ЯСТ тўловчиси) балансида 2007 йилда сотиб олинган «Матиз» автомашинаси бўлиб, биз уни бошқа жисмоний шахсга текинга бермоқчимиз. Биз шу операцияни амалга оширишимиз мумкинми? Агар мумкин бўлса, бизда қандай солиқ оқибатлари пайдо бўлади ва бунинг учун қандай ҳужжатлар расмийлаштирилиши кўзда тутилган?
Акром Мирҳамидов,
корхона раҳбари,
Андижон вилояти.
– Ҳақиқатан ҳам, сиз корхонангиз балансида мавжуд бўлган тегишли мол-мулкларни ўз ихтиёрингиз билан тасарруф қилишингиз, жумладан текинга беришингиз қонун ҳужжатларида чекланмаган.
Шу билан бирга, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон) Қонуннинг 44-моддасига асосан агар жамиятнинг уставида йирик битимларнинг анча катта миқдори назарда тутилган бўлмаса, бундай битимларни тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинадиган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланган жамият мол-мулки қийматининг 25 фоизидан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулкни жамиятнинг олиши, тасарруфидан чиқариши ёки жамият бевосита ёхуд билвосита мол-мулкни тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган битим ёки ўзаро боғлиқ бир неча битим йирик битим деб ҳисобланади. Жамиятнинг одатдаги хўжалик фаолияти жараёнида тузиладиган битимлар йирик битимлар деб эътироф этилмайди.
Ушбу модданинг мақсадлари учун йирик битим натижасида жамиятнинг тасарруфидан чиқариладиган мол-мулкнинг қиймати унинг бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида, жамият оладиган мол-мулкнинг қиймати эса – таклиф қилинган баҳо асосида аниқланади.
Жамиятда жамиятнинг кузатув кенгаши тузилган тақдирда, қиймати жамият мол-мулки қийматининг 25 дан то 50 фоизигачасини ташкил этадиган мол-мулкни олиш, тасарруфдан чиқариш ёки жамият бевосита ёхуд билвосита тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган йирик битимларни тузиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш жамиятнинг уставига биноан жамият кузатув кенгашининг ваколатига киритилиши мумкин.
Демак, агар сизнинг ҳолатингизда тузиладиган битим йирик битимлар сирасига кирса, яъни берилаётган автомобилнинг қиймати жамият мол-мулкининг битим тузилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботи маълумотлари асосида белгиланган қийматининг 25 фоизидан ошса (агар уставда йирик битимнинг янада юқори миқдори назарда тутилган бўлмаса), уни тузиш тўғрисидаги қарор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилиниши керак.
Шунингдек, автомобилни текинга бериш ҳадя шартномаси билан расмийлаштирилади, у Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига (07.03.2006 йилдаги 38-сон) асосан нотариал тасдиқланиши керак.
Мазкур қарорга мувофиқ, 2008 йил 1 декабрдан бошлаб, нотариуслар томонидан автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ишончномаларини, бошқа шахсга бериш (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента), ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномаларини нотариал тасдиқлаш фақат «Давлат белгиси» ДИЧБ томонидан тайёрланадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган қатъий ҳисобот бериладиган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади.
Сиз томонингиздан автомобиль текинга берилаётганда албатта асосий воситалар объектини қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади.
Энди солиқ оқибатларига келсак, Солиқ кодекси 355-моддасига кўра, солиқ солинадиган базага ягона солиқ тўлови ҳисоб-китоби чоғида асосий воситалар чиқиб кетишидан олинган даромадлар киритилади.
Асосий воситалар қолдиқ қиймати бўйича текинга берилганида ЯСТга доир солиқ оқибатлари берилаётган объект илгари қўшимча баҳоланган тақдирдагина, яъни қайта баҳолаш сальдоси берилаётган активнинг қолдиқ қийматидан ошганда юзага келиши мумкин.
Солиқ кодекси 356-моддаси биринчи қисмининг 7-бандига асосан тўлиқ амортизация қилинган асосий воситаларни реализация қилишдан ёки тугатишдан олинган даромадлар чегириб ташланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ялпи тушум ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланади.
Демак, тўлиқ амортизацияланган асосий воситаларни беришдан олинган даромадга ЯСТ солинмайди.
Жавоблар «Soliq Kalkulyatori»
солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан тайёрланди.