Эркин рақобат муҳитига асосланган бозор иқтисодиёти мамлакатимизда маҳсулот ва хизматлар сифати яхшиланиши ва кўпайиши учун кенг йўл очмоқда. Танлаш имкониятининг кенглиги, хизмат кўрсатишнинг хилма-хиллиги маҳсулотларнинг энг сифатлиларидан баҳраманд бўлишимизга хизмат қилаётир. Ушбу жараёнда мамлакатимизда сифатни кафолатлашнинг энг замонавий тизими жорий этилгани давлатимиз раҳбари Ислом Каримов томонидан фуқаролар манфаатини ҳимоялашга қаратилаётган улкан эътиборнинг амалдаги яна бир самарасидир.
Мамлакатимизда маҳсулот, иш, хизматларни сертификатлаштириш ва стандартлаштиришнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, маҳсулотнинг хавфсизлиги, сифати ва рақобатбардошлигини таъминлаш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги миллий қонун ҳужжатларини халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш мақсадида 2013 йил 4 октябрда Ўзбекистон Республикасининг «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонун мувофиқликни баҳолашнинг бутун тизимини, шу жумладан, миллий аккредитацияни ташкил этишнинг умумий тамойиллари ва қоидаларини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади. Чунки ушбу қонун қабул қилингунга қадар мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги муносабатлар турли соҳавий қонунлар, яъни «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида», «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида», «Стандартлаштириш тўғрисида», «Метрология тўғрисида»ги қонунлар, шунингдек, идоравий-меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинаётган эди. Ушбу соҳада ягона базавий қонуннинг қабул қилиниши, ўз навбатида, миллий қонунчиликни халқаро талаблар ва Бутунжаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш, назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини камайтириш ҳамда халқаро савдони енгиллаштириш имконини беради.
Мувофиқликни баҳолашнинг асосий вазифаси инсон ҳаёти ва соғлиғи, юридик, жисмоний шахсларнинг ва давлатнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлашдир. Шу билан бирга, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, маҳсулот, ишлаб чиқариш жараёнлари, хизматлар, менежмент тизимлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлашни назарда тутади.
Мувофиқликни баҳолаш аккредитация қилиш, сертификатлаштириш, мувофиқликни декларациялаш, инспекция назорати, юкни ортишдан олдин ва (ёки) юкни тушириш вақтидаги инспекция, маҳсулот синови, санитария-эпидемиология, ветеринария, фитосанитария хулосалари ёки экологик экспертиза йўли билан амалга оширилади.
Қонуннинг ўзига хос ва энг муҳим жиҳатларидан яна бири мувофиқликни баҳолаш қоидалари ва тартиб-таомили билан боғлиқ. Яъни мувофиқликни баҳолаш қоидалари ва тартиб-таомили мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ташкилий ҳамда техник талабларни, ишларни бажариш ва расмийлаштириш тартибини, усулларини ўз ичига олади. Мувофиқликни баҳолашга доир ишларга сифат бўйича эксперт-аудиторлар ёки тегишли тармоқларнинг мувофиқликни баҳолаш соҳасида ишларни ташкил этишга, ушбу соҳадаги жараёнга ёки фаолиятга тааллуқли махсус билим ва тажрибага эга бўлган техник экспертлар жалб қилиниши мумкин.
Қонунда аккредитациядан ўтказиш масаласига алоҳида ўрин берилган. Миллий аккредитация органи сифатида Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги белгиланган. Мазкур орган зиммасига мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, миллий аккредитация тизими ташкил этилишини, фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлаш вазифаси юкланган.
Мухтасар айтганда, мазкур янги қонун ички ва ташқи бозорларда маҳсулот ҳамда хизматларнинг рақобатдошлигини ошириш, халқаро иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик ва жаҳон савдо алоқаларида иштирок этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда давлатнинг ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Зафар РЎЗИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Амалдаги қонун ҳужжатлари
мониторинги институти етакчи илмий ходими.