Бизнинг МЧЖ шаклидаги корхонамизнинг асосий фаолият тури улгуржи савдо бўлиб, унинг таъсисчиси жисмоний шахс ҳисобланади. 2013 йилга қадар ходимлар сони бўйича биз кичик корхоналар тоифасига кирар эдик. Бироқ 2012 йил якунлари бўйича белгиланган чегарадан ошиб кетдик ва кичик корхона мақомини йўқотдик.
Бу вазиятда таъсисчига дивиденд тўлаш пайтида биз солиқ солиш масаласида тегишли имтиёзга эга бўламизми ёки йўқми?
Дивидендларни корхонамизнинг устав капиталини кўпайтиришга йўналтирганда-чи?
Шерзод Ҳикматуллаев, МЧЖ раҳбари.
Самарқанд шаҳри.
– Маълумки, Президентнинг 29.12.2008 йилдаги ПҚ-1024-сон қарорига асосан жисмоний шахсларнинг микрофирма ва кичик корхоналарни таъсис этишдан олинадиган дивиденд тарзидаги даромадлари; юридик шахсларнинг капиталлаштиришга, инвестицияларга, аввал олинган кредитлар учун ҳисоб-китоб қилишга йўналтирилган маблағлари 5 йил муддатга солиқ солишдан озод этилган. Демак, агар корхона микрофирма ёки кичик корхоналар тоифасига кирса, таъсисчи-жисмоний шахсларга бериладиган дивидендларга солиқ солишдан озод қилиш тарзидаги имтиёз қўлланади.
Агар ходимларнинг сони йил якунлари бўйича Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификацияси (ВМнинг 11.10.2003 йилдаги 439-сон қарори билан тасдиқланган) билан белгиланган миқдордан ошиб кетса, корхона кичик корхона мақомини йўқотади ва, тегишинча, хўжалик субъектларининг мазкур тоифаси учун қонун ҳужжатлари билан ўрнатилган имтиёз ва преференциялардан маҳрум бўлади.
Таъсисчи-жисмоний шахсларнинг дивидендларига солиқ солишда ҳам шу қоидалар амал қилади.
Агар корхона кичик корхоналар тоифасига кирмаса, имтиёз қўлланмайди, тегишинча, дивидендларга умумий тартибда тўлов манбаида 10%лик ставка бўйича солиқ солинади.
Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, Солиқ кодекси 179-моддасининг 19-бандига асосан жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг давлат корхоналари мол-мулкини сотиб олиш, хусусийлаштирилаётган корхоналар акцияларини олиш учун йўналтириладиган суммалари, шунингдек дивидендлар тарзида олинган ва дивиденд тўлаган юридик шахснинг устав фондига (устав капиталига) йўналтирилган даромадларига солиқ солинмайди. Ушбу имтиёз қўлланилганидан сўнг бир йил ичида муассислар (иштирокчилар) таркибидан чиқилганда, мазкур мол-мулк сотилганда ёхуд тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки унинг муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимланганда илгари солиқ солишдан озод қилинган даромадларга умумий асосларда солиқ солиниши керак бўлади.
Шу тариқа, агар таъсисчига бериладиган дивидендлар корхонангизнинг устав капиталини кўпайтиришга йўналтирилса, имтиёз қўлланилади ва солиқ ушланмайди.
Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.