Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 48 / Бизнинг маслаҳатлар

Декретдаги ходим ўрнидаги ишчи ходимлар сонини кўпайтирадими?

МЧЖ шаклидаги корхонамиз ягона солиқ тўлови тўловчиси ҳи­собланади. Бизнинг корхона кичик корхона мақомини сақлаш учун унинг ходимлари сони 50 кишидан ошмаслиги керак. Ҳозирги вақтда штатларимиз тўлиқ банд этилган – корхонамизда 49 киши ишлаяпти, бир ходимимиз эса декрет таътилида.

Декрет таътилида бўлган ходимнинг ўрнига бошқа ишчини ишга қабул қилсак, ягона солиқ тўловини тў­лаш ҳуқуқини сақлаб қола­мизми?

Алимжон Шукуруллаев, корхона директори.

Андижон вилояти.

 

 

           – Корхонадаги меҳнат қи­лувчи ходимларнинг сони «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси ва Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификациясида (ВМнинг 11.10.2003 йилдаги 439-сон қарори билан тасдиқланган) белгиланган мезонларга мувофиқ келса, улар ягона солиқ тўловини тўлашга ҳақли ҳисобланадилар.

Шуни қайд этиш лозимки, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари, шунингдек лотереялар ташкилотчилари (мазкур фаолият доирасида), ходимлар сонидан қатъи назар, солиқ солишнинг бошқа тизимини танлаш ҳуқуқисиз, ягона солиқ тўловини тўлайдилар.

Солиқ кодексининг 350-моддасига асосан микрофирма ва кичик корхоналар жумласига ходимларининг сони бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган мезонга мос келадиган юридик шахслар киради. Бунда:

ходимларнинг сони ҳисобот йили учун ходимларнинг ўртача йиллик сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланади;

ходимларнинг ўртача йиллик сонини аниқлашда ўриндошлик, пудрат шартномалари ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишга қабул қилинган ходимларнинг, шунингдек унитар (шуъба) корхоналарда, ваколатхоналар ва филиалларда ишлаётганларнинг сони ҳам ҳисобга олинади;

юридик шахсларни микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига киритишда юридик шахснинг асосий фаолият (ихтисослиги) турига тўғри келадиган ходимлар сонининг мезони қабул қилинади.

Демак, ходимлар сони уларнинг ҳисобот йилидаги ўртача йиллик сонидан келиб чиқиб белгиланади. Ҳисоб-китоб ҳисобот йилининг барча ойларидаги ходимлар ўртача ойлик сонини қўшиш ва олинган суммани 12 га бўлиш йўли билан амалга оширилади.

Ходимлар ўртача йиллик сони ҳисоб-китобида инобатга олинадиган ходимларнинг рўйхат таркибига доимий, мавсумий, шунингдек бир кун ва ундан ортиқ муддатга вақтинча ишга олинган барча ходимлар, контракт бўйича ишга олинганлар ҳам, ишга қабул қилинган кунидан бошлаб киритилади. Бунда ҳақиқатда ишлаётганлар ҳам, вақтинча ишламаётган, бироқ ишга расман бириктирилганлиги ҳуқуқини сақлаб қолганлар ҳам ҳисобга олинади.

Сизнинг ҳолатингизда ходимларнинг ўртача йиллик сони ҳисоб-китобига декрет таътилида бўлган ходим ҳам, унинг ўрнига вақтинча қабул қилинган ходим ҳам киритилади.

Бироқ корхонанинг микро­фирма ва кичик корхоналар учун белгиланган имтиёз ва преференцияларини сақлаган ҳолда, қуйидагилар ишга қа­бул қилинганда ходимларнинг ўртача сони ошишига йўл қўйилади: Ўзбекистон касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари ва олий ўқув юртлари битирувчилари (башарти уларнинг ўқишни якунлаган кунидан бошлаб 3 йилдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса) – ходимлар сони белгиланган чегарасидан камида 20% ошиш мумкин (Президентнинг 28.07.2010 йилдаги ПФ-4232-сон Фармонининг 1-банди).

Шунингдек, Президентнинг 15.05.2009 йилдаги ПҚ-1112-сон қарори 3-бандига ­биноан кичик корхона ўз уйларида ишлаётган (касаначилик билан шуғулланаётган) фуқаролар билан, қонун ҳужжатларида белгиланган ходимлар сонининг чекланган нормативидан кўпи билан 30 фоиз ошган миқдорда меҳнат шартномалари тузганда, кичик корхоналар учун назарда тутилган кафолатлар, имтиёз ва преференциялар улар учун сақлаб қолинади.

Бинобарин, Солиқ кодексининг 351-моддаси ҳисобот йили тугаши билан белгиланган ходимлар сони мезонига мос келмайдиган ягона солиқ тўловини тўловчилар давлат солиқ хизмати органларига йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиш муддатидан кечиктирмай тақдим этиладиган ёзма билдириш асосида ке­йинги ҳисобот йилидан бошлаб умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтади.

Шу тариқа, агар декрет таътилидаги ходимнинг ўрнига қабул қилинган ишчи ҳисобига корхонангизда ходимларнинг ўрта йиллик чегараланган сони ошиб кетса, сиз кичик корхона мақомини йўқотасиз ва кейинги йилдан бошлаб солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимига ўтишингиз, жорий йил учун эса умумбелгиланган солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар асосида ягона солиқ тўлови бўйича қайта ҳисоб-китоб қилишингиз керак бўлади.

Бироқ агар сиз коллеж, лицей ёки олий ўқув юрти битирувчисини ишга қабул қилсангиз ёки ишчини касаначилик меҳнати шартларида ишга жойлаштирсангиз, ягона солиқ тўловини тўлаш ҳуқуқини сақлаб қо­ласиз.

 

           Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.

Прочитано: 2971 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика