Корхонамиз раҳбар ходимларидан бирининг 60 ёшга тўлиши муносабати билан юбилей тантанаси бўлиб ўтди. Тантанани кафеда ташкил этиш учун харажатлар корхона томонидан қоплаб берилди.
Мазкур тўловлар жисмоний шахснинг даромади сифатида қараладими ёки улар Солиқ кодекси 171-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига асосан даромад деб ҳисобланмай, уларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайдими?
Хотамжон Исломов,
корхона бош бухгалтери.
Ангрен шаҳри.
– Дарҳақиқат, Солиқ кодекси 171-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига мувофиқ юридик шахсларнинг диний расм-русумлар ва маросимларни, байрам тантаналарини ўтказиш, вакиллик харажатлари, шаҳар йўловчилар транспортида ходимларнинг хизмат қатновлари учун фойдаланиладиган йўл карточкаларини олиш, шунингдек юридик шахснинг ходимларнинг меҳнат ва дам олиш шароитларини таъминлаш билан боғлиқ ҳамда муайян жисмоний шахсларнинг даромади ҳисобланмайдиган бошқа харажатлари жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди.
Байрам тантаналари деганда мазкур ҳолда корхонанинг юбилейи, Янги йил, Наврўз ва бошқа давлат байрамларини нишонлаш муносабати билан ўтказиладиган ҳамда тўғридан-тўғри аниқ жисмоний шахсга тааллуқли бўлмаган корпоратив зиёфатлар тушунилади.
Солиқ кодекси 171-моддасига асосан жисмоний шахсларнинг жами даромадига қуйидагилар киради:
1) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар;
2) мулкий даромадлар;
3) моддий наф тарзидаги даромадлар;
4) бошқа даромадлар.
Солиқ кодекси 177-моддасининг 1-бандига мувофиқ юридик шахс томонидан жисмоний шахс манфаатларини кўзлаб, товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини, мулкий ҳуқуқларни тўлаш солиқ тўловчи томонидан юридик шахсдан моддий наф тарзида олинган даромад ҳисобланади.
Ходимга унинг унутилмас санаси (юбилейи) муносабати билан байрам тантанасини кафеда ташкил этиш учун харажатларни қоплашга корхона томонидан тўлаб берилган тегишли пул суммаси ходимнинг жами даромади таркибига киритилади ва унга белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.
Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.