Конституция – адолатли демократик жамият барпо этиш, инсон манфаати ва эркинликларини қарор топтиришнинг ҳуқуқий кафолати сифатида
21 йил мобайнида Бош қомусимиз сиёсий ҳамда ҳуқуқий эркинликнинг буюк тимсоли сифатида халқимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олди, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси эъзозловчи мўътабар ижтимоий қадриятга, олий маънавий неъматга айланди.
Мустақиллик йилларида жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида туб ўзгаришлар рўй берди. Бугунги кунга келиб, мамлакатни янгилаш ва демократлаштириш, фуқаролик жамиятини қуриш борасида кўпдан-кўп ютуқлар қўлга киритилмоқда. Бу Ўзбекистон истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ тараққиётнинг ўзига хос ва мос йўлини танлаб олганига далилдир. Ана шу жараёнда қабул қилинган дастлабки ҳужжатлардан бири Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳисобланади.
Мамлакатимиз Президенти И.Каримов Асосий қонунимиз қабул қилиниши муносабати билан парламентнинг XI сессиясида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, «Конституция ўзининг туб моҳияти, фалсафаси, ғоясига кўра янги ҳужжатдир. Унда жамики дунёвий неъматлар орасида энг улуғи – инсон деган фикрни илгари сурдик ва шу асосда «фуқаро – жамият – давлат» ўртасида ўзаро муносабатнинг оқилона ҳуқуқий ечимини топишга интилдик». Бундан кўриниб турибдики, ижтимоий-сиёсий ҳамда ҳуқуқий ҳаётда инсон (фуқаро) ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатлари устувор мавқега эга бўлади.
Конституция фуқаро билан давлатнинг ўзаро муносабатлари кўламини, ижтимоий ҳаёт асосий соҳаларига давлат аралашувининг чегараси ва характерини белгилаб берди. Энг муҳими – Конституция инсоннинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларига олий юридик мақом бахш этди.
Конституциямизнинг «Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари» деб номланган 2-бўлими Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг (1948 йил, 10 декабрь) барча принцип ҳамда қоидаларига тўла-тўкис мувофиқдир.
Президентимиз «Ўзбекистон Конституцияси – жамиятда демократия ривожланиши ва инсон ҳуқуқларига риоя қилинишининг кафолатидир» дея бежиз уқтирмаганлар. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, фуқароларнинг демократик ҳуқуқ, эркинлик ва бурчлари янгича мазмун ва маъно касб этди, янгидан-янги, нуфузли қоидалар, шахс, жамият ва давлат ўртасида янгича муносабатлар вужудга келди, улар асосида янги демократик ҳуқуқ, эркинлик ва бурчлар пайдо бўлди.
Конституция ҳуқуқий давлат қарор топтиришга даъват этилган ижтимоий бойликлардан бири бўлибгина қолмай, балки шахс эркинликлари, ор-номуси ва шаънини ҳимоя қилишни таъминлашнинг зарур шарти, сансалорлик, маҳаллийчилик ва тор идоравий манфаатга қарши кураш воситаси, халқ ҳокимиятини амалга ошириш шаклидир.
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик жамият асослари фаол барпо этилмоқда. Асосий қонунимизнинг ички тузилиши ҳам шу руҳда бойитилган: «фуқаро – жамият – давлат». Ушбу учликнинг ўзаро алоқаси фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларининг устуворлиги ва ўзгармаслиги принципига асосланади. Инсон олий қадрият ва давлат сиёсатининг асосий мақсадидир.
Конституциянинг асосий тамойилларидан бири демократизмдир. Халқнинг ҳаётий тажрибаси, миллий ва маданий анъаналар, барча ижтимоий гуруҳларнинг манфаатларига мос келадиган асл демократияни вужудга келтириш катта сиёсий аҳамиятга молик масала ҳисобланади. Конституциянинг муқаддимасида халқнинг демократия ва ижтимоий адолат, инсон ҳуқуқларига бўлган садоқати мустаҳкамланган.
Ҳуқуқий давлатнинг муҳим конституциявий принципларидан бири давлат билан фуқаронинг ўзаро масъуллигидир. Конституциянинг 19-моддаси «Ўзбекистон Республикасида фуқаро ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар» деган нормани мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон Конституцияси юксак нуфузли қонун сифатида давлатимиз қиёфасини, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тузумини, бошқарувнинг демократик тамойилларини, жамият ривожланишининг стратегик йўналишларини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганлигини ҳамда маънавий қадриятларимиз асосларини мустаҳкамлаб берди.
Насимжон АЛИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси.