20 ноябрда Афғонистон билан чегарадош «Айритом» божхона комплексида «Rapiscan Eagle R-60» русумли темир йўл текширув-кўрикдан ўтказиш комплексини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. АҚШ Қуролли Кучлар Марказий қўмондонлигининг Наркотикларга қарши курашиш дастури доирасида ўрнатилган ускуна темир йўл вагонлари ва контейнерларни контактсиз ҳамда тезкор равишда сканерлаш имконини беради, бу эса трансчегаравий юклар олиб ўтилаётганда божхона назоратининг сифати ва темир йўлларнинг ўтказиш салоҳиятини оширади.
Маросимда мамлакатларимизнинг ушбу соҳада икки тарафлама ҳамкорликнинг самарадорлигини оширишга интилиши таъкидланди. Бунга кўп жиҳатдан жаҳон ҳамжамияти олдида турган, энг муҳими наркотикларни легаллаштиришга йўл қўймаслик ҳисобланган, наркотик воситалар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний оборотига қарши туриш бобидаги муҳим муаммолар бўйича ёндашувларнинг умумийлиги ҳам имкон беряпти.
Шуни таъкидлаш лозимки, 2012 йил охирида шундай сканер «Ғалаба» темир йўл божхона постида ўрнатилган. У Япония ҳукуматининг грант лойиҳаси доирасида харид қилинган эди. Унинг ёрдамида ҳозирдаёқ 27,4 мингдан ортиқ темир йўл юк вагонлари кўрикдан ўтказилди. Натижада 1 млрд сўмликка яқин товарларнинг ноқонуний ташилиш далиллари аниқланди.
Наркотиклар, бошқа хавфли юклар контрабандасига қарши курашда давлатларнинг ҳамкорлиги минтақада тинчлик ва барқарорликни қувватлаб туришнинг энг муҳим омилидир. Чегарадаги ўтказиш пунктларини назоратнинг юқори интеллектуал техник воситалари билан жиҳозлашга кўмак бериш наркоофат тарқатилишининг олдини олиш, уни етказиб бериш ҳалқаларини тугатиш бўйича умумий вазифани ҳал этишда самарали ҳамкорликнинг далолатидир.