Суд экспертларини гаров ва ипотека билан боғлиқ суд низолари доирасида жалб этишучун
Суд ва экспертлик амалиётининг далолат қилишича, судга мурожаат қилиш низони ҳал қилишнинг устувор усулига айланиб бормоқда. Жисмоний ҳамда юридик шахслар ўртасида юзага келадиган низоларни жиноий, фуқаролик ва хўжалик жараёнларида илмий, техник ва бошқа махсус билимлар воситасида ҳал этиш эҳтиёжи доимо ошиб боряпти. Бундай махсус билимларни амалга оширишнинг асосий шакли суд экспертизаси ҳисобланади, унинг натижаси бўлмиш эксперт хулосаси эса исботлашлар манбаи бўлиб майдонга чиқяпти.
“Гаров тўғрисида”ги (9.12.1992 йилдаги 736-XII-сон) ҳамда “Ипотека тўғрисида”ги (4.10.2006 йилдаги ЎРҚ-58-сон) қонунларнинг қабул қилинишига қадар Ўзбекистонда кўчмас мулк гарови кенг тарқалмаган эди. Бироқ кейинги йилларда давлат томонидан ҳам, фуқаролар томонидан ҳам ипотекага (кўчмас мулк гаровига) эътибор тезкорлик билан ўсиб боряпти.
Ҳозирги вақтда ипотекани ҳуқуқий тартибга солиш бир қатор қонун ҳужжатлари: ипотека тўғрисидаги умумий қоидаларни ўз ичига олган Фуқаролик кодекси (ФК), кўчмас мулк гарови масалаларини тартибга соладиган “Ипотека тўғрисида”ги Қонун, кўчмас мулк гарови чоғида баҳолаш қоидаларини тартибга соладиган “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Қонун (19.08.1999 йилдаги 811-I-сон) билан амалга ошириляпти.
Ипотека кенг тарқаляпти, унга доир суд ишлари миқдори эса кўчмас мулк гарови бўйича низоларни суд тартибида ҳал қилиш ҳам тез-тез учрайдиган ҳодисага айланиб қолганидан дарак беради. Айни шу сабабли ипотека шартномаси бўйича суд амалиёти ушбу жараённинг барча иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотяпти.
ФКнинг 267-моддасида кредитор талабларини тўлиқ ҳажмда гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобига қаноатлантириш ҳуқуқи назарда тутилган (кўпинча бундай мол-мулк сифатида кўчмас мулк объектлари – уй-жойлар, квартиралар, тижорий кўчмас мулк майдонга чиқади, чунки айни кўчмас мулк ҳалокат хатарига кам учрайди, уни назорат қилиш осон ва у узоқ вақт мобайнида кредит (қарз)нинг етарлича ишончли таъминоти бўлиши мумкин). Ер участкаларига доир ҳуқуқлар ҳам гаров нарсаси бўлиши мумкин.
