Ваколатхонамиз канцелярия жиҳозларини тез-тез харид қилиб туради ва ташкилий техника ҳамда офис мебелини тубдан янгиламоқчимиз. Маҳсулотлар (товарлар, хизматлар) етказиб берувчилар билан ўзаро ҳамкорлик қилаётганда ваколатхонамиз нималарга ҳушёр бўлиши ва нималарга эътиборли қараши лозим бўлади?
– Ўз саволингизда сиз нафақат хорижий юридик шахслар ваколатхоналари учун, балки барча тадбиркорлик субъектлари учун долзарб бўлган масалани кўтардингиз.
Биз виждонсизлик аломатларининг айримларини, лекин тез-тез учраб турадиганларини кўриб чиқсак. Бу айтилганлар аслида ҳаммаси эмас. Амалиётнинг кўрсатишича, бундай аломат ва вазиятлар кам эмас.
1. КОНТРАГЕНТНИНГ ЛИЦЕНЗИЯНИ ТАҚДИМ ЭТИШДАН БОШ ТОРТИШИ ЁКИ УНИНГ ҲАҚИҚИЙ ЭМАСЛИГИ
Агар контрагентнинг фаолияти тасдиқланган Рўйхатга1 биноан лицензияланадиган бўлса-ю, лекин лицензия тақдим этилмаса, ҳушёр тортинг. Модомики, бўлғуси ҳамкорингиз турли сабабларга кўра уни тақдим этишни рад этаётган экан, бизнинг бу тавсиямизга алоҳида эътибор қаратинг. Масалан, ҳамкорингиз бундай лицензия унда мавжуд, лекин айни вақтда у бошқа ҳужжатлар пакети билан бирга бошқа минтақадаги йирик буюртмачи томонидан ўрганилаётганини; ёхуд у лицензиялайдиган органга амал қилиш муддатини узайтириш ва бошқа мақсадда топширилганини айтиб ишонтириши мумкин. Вазият шундай тартибда кечадиган бўлса, шубҳаланишингизга асос етарли бўлади ва сиз ишни тўхтатиб қўйиш, ҳатто барча ҳолатлар ойдинлашгунга қадар битимни бекор қилишингиз мақсадга мувофиқ бўлади. Лицензиянинг мавжудлигини албатта текшириб кўринг, буни лицензия берувчи органдан оғзаки ёхуд ёзма тарзда мурожаат қилиб билиб олинг! Бугунги кунда бир қатор давлат органлари лицензия тўғрисидаги маълумотларни ўз сайтларида жойлаштирмоқдалар.
Агар лицензия тақдим этилган бўлса, унинг асллигини текшириб кўриш керак, сабаби амалиётда турли давлат тузилмалари томонидан бериладиган, айниқса улгуржи савдо, шу жумладан ЁММ савдоси бўйича қалбаки лицензиялар бериш ҳолатлари кўп учрайди. Бунинг учун тегишли лицензия берувчи органга қўнғироқ қилиб, унинг тасдиғини ёхуд сизнинг бўлғуси контрагентингизда тегишли рухсатнома мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотни олиш мақсадга мувофиқдир.
___________________________________
1Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати (Олий Мажлиснинг 12.05.2001 йилдаги 222-II-сон қарори билан тасдиқланган).