Корхонамиз газеталарингиз ва «top» журналининг муштарийси. Материалларингизни, шу жумладан барча саволларга жавобларни қизиқиш билан ўқиб борамиз.
Таътиллар мавсуми бошланди, ходимимиз ҳам ўз оиласи билан таътил вақтида (15 иш куни) Россиядаги (Барнаул шаҳри) қариндошлари олдига ўзининг машинасида бориб келмоқчи.
Ўзбекистон-Қозоғистон, Қозоғистон-Россия чегараларини кесиб ўтишда ва қайтиб келишда қандай ҳаракатларни амалга ошириш лозим?
Бирор-бир божхона тўловларини тўлаш керак бўладими? Агар тўлаш лозим бўлса, айни қандай тўловларни ва қанча миқдорда?
Ҳурмат билан Л.Сергеева, бош бухгалтер.
АВТОМОБИЛНИ ВАҚТИНЧА ОЛИБ ЧИҚИШ
Товарлар ва транспорт воситаларини юк божхона декларацияси расмийлаштирмасдан вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) қоидаларига1 кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва ЎзР ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий эҳтиёжларини қондириш учун мўлжалланган товарлари божхона тўловларини тўламасдан республика ҳудудидан вақтинчалик четга олиб чиқилиши мумкин. Улар жумласига автотранспорт воситалари ҳам киради. Ушбу ҳолда вақтинчалик четга олиб чиқиш бир йил мобайнида 3 ойгача бўлган муддатга берилади.
Агар кўрсатилган муддат тугагач, автомобиль қайтариб олиб келинмаган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ унга божхона юк декларацияси расмийлаштирилади.
Машинани қайтариб олиб келиш таъминланмаган ёки у тегишли божхона режимига мувофиқ расмийлаштирилмаган тақдирда, муддат ўтган ҳар бир кун учун двигатель ҳажмининг ҳар куб сантиметри учун 0,01 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.
Божхона постида назорат ва ҳисобга олишни амалга ошириш учун транспорт воситалари вақтинчалик четга олиб чиқилганда уни қайта олиб кириш тўғрисидаги мажбурият расмийлаштирилади.
Т-6 шаклидаги божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага2 мувофиқ декларация 6-бандининг «б» кичик банди «Транспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар»ни уни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасини кесиб ўтаётганда бошқарган фуқаро, техник паспорт ҳамда мазкур транспорт воситасига эгалик ва уни бошқариш ҳуқуқини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар асосида тўлдиради.
Шунингдек декларация 5-бандининг «и» кичик банди «Вақтинча олиб чиқиладиган товарлар»да вақтинчалик олиб чиқилаётган товар, яъни автомобилнинг борлигини тасдиқлаш лозим.
ЧЕГАРАМИЗДАГИ РАСМИЯТЧИЛИКЛАР
Жисмоний шахслар томонидан ЎзР божхона чегараси орқали олиб ўтилганда мажбурий ёзма декларацияланадиган бир қатор товарлар мавжуд. Барча ўтказиш пунктларида стендлар ўрнатилиб, уларда ушбу товарларнинг батафсил рўйхати жойлаштирилган. Дарвоқе, улар Т-6 шаклидаги божхона декларациясининг ўзида ҳам ёзилган.
Маълумот учун! Декларация хорижий давлатларда бўлишнинг бутун вақтида сақланиши керак.
Четга чиқиш. Мажбурий ёзма декларацияланмайдиган баъзи қимматбаҳо ашёларни ўз хоҳишингиз ва танловингизга кўра ёзма шаклда декларациялашингиз мумкин. Шундай қилишни тавсия этамиз, чунки бож тўламасдан олиб кириш чекланган. Агар ушбу нарсалар янгидек бўлиб кўринса, қайтгандан кейин божхонада уларни хорижда сотиб олинган деб ҳисоблашлари мумкин. У ҳолда, назарда тутилган меъёрлар ошириб юборилган тақдирда декларация улар илгари олиб чиқилганлигини исботлашингизда ёрдам беради, лимитдан ортиқча олиб кириш учун бож тўлашга тўғри келмайди.
Маълумот учун! Жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари (яъни нотижорат мақсадлари) учун мўлжалланган товарлари божхона чегарасидан соддалаштирилган, имтиёзли тартибда ўтказилади. Яъни белгиланган чеклашларга риоя этилганда улар божхона тўловларини тўлашдан тўлиқ озод этиладилар ва уларга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланмайди.
Товарлар билан бир қаторда Ўзбекистон миллий валютаси ёки бошқа нақд валюта суммалари, шунингдек валюта қимматликлари ҳам ёзма декларацияланиши керак. Ҳар қандай тур ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар сонини албатта кўрсатиш лозим. Чунончи, суммаси ЭКИҲнинг 5 бараваридан ошадиган олиб ўтилаётган хорижий ва миллий валютанинг ҳаммаси божхона чегарасидан уни Т-6 шаклидаги божхона декларациясида мажбурий ёзма декларациялаш шарти билан ўтказилади.
Бунда Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага3 кўра, резидентларга 2 000 АҚШ долларига эквивалент миқдор доирасида нақд хорижий валютани ЎзР МБ ёки ваколатли банкларнинг рухсатномасини олмасдан Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқишда рухсат берилади.
Шунингдек, Фақат эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилиш учун рухсат берилган товарларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига жисмоний шахслар томонидан олиб чиқишнинг энг юқори меъёрлари4 билан белгиланган чекловларга эътибор қаратишни маслаҳат берамиз. Мисол учун, дори-дармонларни ҳар бир номдагисини 2 ўровдагина олиб чиқиш мумкин.
Олиб кириш. Ушбу шартларга риоя этилганда жисмоний шахслар товарларни қуйидагича тарзда божхона тўловларини тўламасдан олиб киришлари мумкин:
1) олиб кирилаётган товарлар ишлаб чиқариш ёки бошқа тижорат фаолияти учун мўлжалланган бўлмаслиги керак;
2) товарлар кузатиб бориладиган багажда олиб кирилиши керак, яъни жисмоний шахс божхона чегарасини ўзи олиб ўтаётган товарлар билан бир вақтда кесиб ўтиши керак;
3) айрим турдаги олиб кирилаётган товарларнинг миқдори Жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келадиган, акциз солиғига тортилмайдиган товарларнинг энг юқори меъёрлари5 билан белгиланган меъёрлардан ошмаслиги керак;
4) товарларнинг қиймати белгиланган қиймат лимитларидан кўп бўлмаслиги керак. Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бож олинмайдиган товарларни олиб киришнинг чегараланган меъёрларига6 мувофиқ чегарадош бўлмаган давлатлар ҳудудидан олиб кириладиган товарларнинг умумий қиймати эквивалент ифодада 1 000 АҚШ долларидан ошмаслиги керак. Бунда жисмоний шахслар томонидан чегарадош давлатлар (Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон) ҳудудидан товарларни бож тўламасдан олиб киришнинг чегараланган меъёри эквивалентда 10 АҚШ долларини ташкил этади.
Маълумот учун! Божхона назорати бобида юзага келадиган барча вазиятларни олдиндан назарда тутиш мумкин эмас. Шу сабабли, агар божхона расмийлаштируви чоғида бирор-бир ноаниқликлар юзага келса, божхона инспектори билан маслаҳатлашган маъқул. У белгиланган тартибда фуқароларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилаётган божхона қоидалари тўғрисида хабардор қилиши шарт.
БОЖХОНА ИТТИФОҚИ ЧЕГАРАЛАРИ ОРҚАЛИ
Божхона иттифоқи (Беларусь, Қозоғистон, Россия) ҳудудида жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун товарларни божхона чегарасидан олиб ўтишнинг ягона тартиби7 амал қилади. Унга мувофиқ ҳаво транспортида товарларни ташишнинг бож тўламайдиган меъёри 50 килограммдан ошмайдиган оғирликда 10 000 еврони ташкил қилади. Агар сиз ерда ҳаракатланадиган транспортда ёки пиёда юк билан ўтсангиз, 50 килограммдан ошмайдиган ва қиймати 1 500 евродан кўп бўлмаган товарни тўловларни тўламасдан олиб ўта оласиз. Бу ерда гап йўл бўйида ёки турмушда зарур бўлган, шахсий фойдаланишдаги товарлар хусусида
боряпти.
Пул маблағларига келганда, агар у эквивалентда 10 000 АҚШ долларидан ошмаса, нақд пуллар (улар йўл чеклари бўлиши ҳам мумкин) суммасини декларациялаш керак эмас. Қимматли қоғозлар ва векселлар эгалари учун эса, уларнинг номинал қийматидан қатъи назар, ёзма декларациялаш таомили мажбурийдир. Нақд пуллар ва пул маблағлари келиб чиқишининг легаллигини тасдиқлаш талаб қилинмайди.
Мазкур қоидаларга риоя этиш эҳтимолдаги маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликдан халос қилади.
Қоидалар 18 ёшга тўлган шахслар учун спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини эркин олиб ўтишлари учун ҳам белгиланган. Сиз киши бошига 3 литр алкоголли ичимлик, шу жумладан пиво олиб ўтишга ҳақлисиз. Шунингдек, бир жисмоний шахс 200 сигарета ёки 50 сигара (сигарилла) ёхуд 250 грамм тамаки ёки кўрсатилган ашёларни 250 граммдан кўп бўлмаган умумий оғирлик ассортиментида олиб ўтиши мумкин.
Божхона тўловларини тўламасдан сиз божхона қиймати эквивалентда 25 000 АҚШ долларидан ошмайдиган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни, кўпи билан 5 кг балиқ ва денгиз маҳсулотлари (осетр балиқлари увилдириғидан ташқари), оғирлиги 250 грамм дан ошмайдиган осетр балиқлари увилдириғи ва алоҳида идишда кўпи билан 10 литр ёқилғини олиб ўта оласиз.
Божхона иттифоқи чегарасини кесиб ўтаётганда автомобиль эгасининг ёнида қуйидаги ҳужжатлар бўлиши лозим:
шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, шахсий гувоҳнома);
транспорт воситасига эгалик қилиш ёки уни бошқариш ҳуқуқини тасдиқлайдиган, нотариал тасдиқланган ҳужжат;
транспорт воситасининг техник паспорти.
Кираётганда йўловчи божхона декларациясини ва Транспорт воситасини қайта олиб чиқиш тўғрисидаги мажбуриятни тўлдириш керак. Ушбу ҳужжат бланкаларини божхона органлари Қозоғистон Республикаси давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида бепул берадилар.
1ВМнинг 13.04.2013 йилдаги 106-сон қарорига 2-илова.
2ДБҚнинг АВ томонидан 23.04.2004 йилда 1342-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
3МБ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 7.05.1999 йилда 716-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
4МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 18.05.1999 йилда 731-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
5МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 13.03.1998 йилда 412-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
6МВ ва БББ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 10.09.1996 йилда 279-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
7Жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун товарларни Божхона иттифоқининг чегараси орқали олиб ўтилиши ва уларни чиқариш билан боғлиқ операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида битим (Санкт-Петербург, 18.06.2010 йил).
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.