Жорий йилнинг олти ойи мобайнида Наманган вилоят тадбиркорларидан «007» рақамли «ишонч телефони»га 73 та мурожаат келиб тушган...
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш усулларидан яна бири, бу прокуратура органларида тасдиқланган тегишли жадвал асосида фуқароларнинг бевосита қабул қилинишидир.
Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали нафақат ишсизлик муаммосини ҳал этиш, балки мамлакатда иқтисодий барқарорликни таъминлаш мумкинлиги ҳам ўз тасдиғини топмоқда.
Соҳа вакилларининг ҳуқуқий ҳимоясини тезкорлик билан таъминлаш, улар фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, турли тўсиқ ва суиистеъмолликларга барҳам бериш ҳамда прокурор назорати таъсирчанлигини оширишда эса прокуратура органларида ташкил этилган «ишонч телефонлари»нинг аҳамияти каттадир.
Жорий йилнинг олти ойи мобайнида Наманган вилоят тадбиркорларидан «007» рақамли «ишонч телефони»га 73 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 9 таси банкдан кредит олиш жараёнидаги муаммолар, 1 таси тадбиркор фаолиятига назорат органларининг ноқонуний аралашуви, 1 таси тадбиркорлик фаолиятини поймол қилувчи қарор қабул қилинганлиги, 22 таси рухсатнома бериш ёки бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнидаги тўсиқлар, 40 таси давлат рўйхатидан ўтиш ва бошқа турли масалаларни қамраб олган.
«Ишонч телефонлари»га келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 1 та тақдимнома киритилган, 2 та қонунга зид ҳужжатларга нисбатан протест келтирилган, 3 та интизомий, 3 та маъмурий жавобгарликка оид ишлар қўзғатилган, судларга 12 471,4 минг сўмлик етказилган зарарларни ундириш юзасидан 7 та даъво аризалари киритилган.
ИМЗО ҚЎЙМАГАНИ МАНСАБДОРГА ҚИММАТГА ТУШДИ
Косонсой туман прокуратурасининг «ишонч телефони»га «Косонсой ип йигирув» МЧЖ раҳбари О.Дадахўжаев мурожаат қилиб, мазкур жамиятга ер майдони ажратиш ҳақида туман ҳокимлиги ҳузуридаги Комиссиянинг баённомасига туман Табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи К.Аҳмадхўжаев асоссиз равишда имзо қўймаётганлигини билдирган. Мурожаатни ўрганиш якунига кўра, туман Табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи ҳеч бир сабабсиз баённомани ўз вақтида имзоламагани учун туман прокурорининг қарорига асосан интизомий жавобгарликка тортилган ва МЧЖга ҳужжатларни тўлиқ расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилган.
МАБЛАҒ УНДИРИШДА ҚОНУНИЙЛИК ҚАРОР ТОПДИ
Мингбулоқ туманидаги «Улкан ота» фермер хўжалиги раҳбари М.Улканов туман прокуратурасининг «ишонч телефони»га қўнғироқ қилиб, туман электр тармоқлари корхонаси томонидан хўжаликнинг банкдаги ҳисобрақамига асоссиз равишда 3,1 млн сўмлик инкассо талабномаси қўйилганини маълум қилган. Туман прокуратураси томонидан ўтказилган текширишда фермернинг мурожаати қаноатлантирилиб, электр тармоқлари корхонаси оператори Н.Раҳимовга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.
Наманган туманидаги «Иброҳим Шайдо» фермер хўжалиги раҳбари Б.Якубовнинг ушбу туман прокуратураси «ишонч телефони»га қилган мурожаати бўйича «Намангандонмаҳсулотлари» АЖдан «Иброҳим Шайдо» фермер хўжалиги фойдасига 8 861 минг сўм маблағни ундириш юзасидан вилоят хўжалик судига даъво аризаси киритилган.
Косонсой туман «Зариб» фермер хўжалиги раҳбари М.Болтабоевнинг туман прокуратураси «ишонч телефони» орқали маълум қилишича, фермер хўжалиги томонидан туман МТП АЖ ҳисобрақамига 2012 йил давомида кўрсатиладиган механизация хизматлари учун 2 543 минг сўм миқдорида пул маблағлари ўтказиб берилган бўлишига қарамай, жамият томонидан ҳеч қандай механизация хизматлари кўрсатилмаган.
Мурожаатни ўрганиш якунига кўра, туман МТП АЖдан «Зариб» фермер хўжалиги фойдасига 2 543 минг сўм маблағни ундириш юзасидан вилоят хўжалик судига даъво аризаси киритилган.
ЕР ЭГАСИГА – ФЕРМЕРГА ҚАЙТАРИЛДИ
Мурожаатлар орасида маҳаллий ҳокимликлар томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини поймол қилувчи қарорлар қабул қилинганлиги ҳолатларини ҳам кузатиш мумкин.
Мисол учун, Мингбулоқ туманида фаолият юритаётган «Д Абдурасул Ҳасанбой ўғли» фермер хўжалиги раҳбари К.Ҳакимов мазкур туман прокуратурасининг «ишонч телефони»га мурожаат қилиб, хўжаликка қарашли ер майдонлари туман ҳокимлиги томонидан асоссиз равишда олиб қўйилганлиги баён этган. Мурожаатни ўрганиш якунига кўра, Мингбулоқ туман ҳокимининг ноқонуний қарори бекор қилиниб, «Истиқбол» МТП ҳудудида жойлашган 43,8 га ер майдонининг фермер хўжалигига қайтарилиши таъминланди.
КРЕДИТ БЕРИЛИШИ ТАЪМИНЛАНДИ
Кейинги пайтларда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятига давлат ва назорат тузилмаларининг аралашувини кескин камайтириш, уларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини сезиларли даражада кенгайтириш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Шунга қарамасдан, айрим мансабдор шахсларнинг ўзини тўраларча тутишлари ҳануз ўткир муаммо бўлиб қолмоқда.
Мисол учун, Тўрақўрғон туманидаги «Жобирбек Сайёра» фермер хўжалиги раҳбари Т.Ражабова «ишонч телефони»га мурожаат этиб, пахта ва ғалла етиштириш учун берилиши лозим бўлган имтиёзли кредит маблағлари ОАТБ «Агробанк» туман филиали томонидан ажратиб берилмаётганлигини баён этиб, уни олишда амалий ёрдам берилишини сўраган. Мурожаатни ўрганиш якунига кўра, фермер хўжалигига 39,7 млн сўм кредит маблағлари ажратиб берилиши таъминланди, банкнинг туман филиали бошқарувчиси вазифасини бажарувчи Б.Шарофиддиновга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.
ПРОКУРОР ҚАБУЛИГА МАРҲАМАТ!
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш усулларидан яна бири, бу прокуратура органларида тасдиқланган тегишли жадвал асосида фуқароларнинг бевосита қабул қилинишидир. Бунда вилоят ва унга тенглаштирилган прокурорлар ҳафтасига камида икки маротаба, шаҳар, туман прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ҳар иш куни фуқароларни қабул қиладилар.
Албатта, тадбиркорлар ўз мурожаатларини шароитдан келиб чиққан ҳолда оғзаки ёки ёзма шаклда киритишлари мумкин. Бу Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни билан тўлиқ кафолатланган бўлиб, фуқароларнинг мурожаатлари оғзаки ёки ёзма бўлишидан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эгадир.
Материални Бош прокуратура
Матбуот хизмати билан ҳамкорликда
Гулбаҳор САТТОРОВА
тайёрлади.
Диққат! Ҳар бир тадбиркор «ишонч телефони» орқали оғзаки ёки ариза билан ёзма тарзда прокуратура органларига мурожаат қилар экан, қонунчиликда назарда тутилганидек, албатта ўзининг исм-фамилияси, яшаш жойи, тадбиркорлик субъекти ҳақида тўлиқ ва тўғри маълумотни бериб, сўнгра мурожаатнинг моҳияти ва мазмунини баён қилиши лозим. Акс ҳолда мурожаат аноним ҳисобланади ва у ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмайди.
Дарвоқе! Қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар туфайли Наманган вилоятида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаол ривожланмоқда. Бу уларнинг ялпи ички маҳсулот, саноат ишлаб чиқариши, экспорт ва бандликдаги улушининг изчил ўсишида акс этмоқда. Биргина жорий йилнинг биринчи ярми мобайнида вилоятда кичик бизнеснинг 1 175 та янги субъекти ташкил этилди ва 3 026 та янги иш ўринлари яратилди.