Кўпинча аудиторлик текширувларини ўтказишда биз бир қатор муаммоларга тўқнаш келамизки, уларни қайд этиш ва бирхиллаштириш тақозо этилади. Мунозарали жиҳатлардан бири – номоддий активлар. Нималар компаниянинг номоддий активлари ҳисобланади ва бундай объектлар қандай ҳисобга олинади?
Бугунги кунда республика ташкилотлари томонидан номоддий активлар сифатида ҳисобга олинадиган кўплаб янги объектлар, масалан, компанияларнинг интернет-сайтлари, реклама шчитларининг муайян дизайнини жойлаштириш ҳуқуқи, пайдо бўлдики, бу ҳол бирталай саволларни туғдиради. Бироқ ҳозирча дастурий таъминот сингари анъанавий активлар ҳисобини юритишда ҳам номувофиқликлар оз эмас. Божхона кодексига кўра интеллек-туал мулк объекти сифатида харид қилинган дастурий таъминот «товарлар» тоифасига киради (7-модда). Шу билан бирга, Солиқ кодексига мувофиқ электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш ҳуқуқи учун тўловлар роялти ҳисобланади (22-модда). Фуқаролик кодекси бўйича эса у – ҳуқуқ эгасининг интеллектуал мулк объектидир.
Бугунги кунда корхоналар томонидан асосий фаолиятни амалга ошириш учун харид қилинадиган дастурий таъминотнинг қиймати анча юқори, энг янги технологик ускунанинг қийматига яқинлашиб қолган. Бироқ ускунадан фарқ қилиб, хориждаги илғор софтвер компаниялардан қиммат турадиган дастурий маҳсулотларни харид қилганда сиз на имтиёзлар, на преференцияларга умид қила олмайсиз, бундан бир нечта лойиҳа мустасно. Харид қилинган дастурий маҳсулотларга товар импорти учун қўшилган қиймат солиғи ва божхона божлари солинади. Бироқ божхонада ушбу товарга бериладиган код, фикримизча, унчалик мос тушмайди. Софт «Магнит тасмалари, дисклар» тоифасига киритилади. Аммо «магнит тасмалари, дисклар» – фақат интеллектуал мулк объектининг ифодаловчилари, унинг қобиғи холос. Бунда, божхона декларациясида товарнинг тўлиқ суммаси кўрсатилишини ҳисобга олганда, «магнит тасмаси»нинг қиймати ўз-ўзидан жуда юқори бўлиб кетади. Дастурий таъминотга божхонанинг ўзидаёқ товар импорти учун ҚҚС ва божхона божи солинган бўлиб чиқади. Агар софт дискларда етказиб берилмаган, балки Интернет орқали тақдим этилган бўлса, унга «роялти» сифатида мустақил равишда ҚҚС солиш керак, божхона божи эса тўланмайди. Фикримизча, бу – дастурий маҳсулотларга турлича ёндашув мисоли бўлиб, мазкур муаммо ечимни талаб этади.
Бухгалтерия ҳисобида дастурий таъминот келиб тушишини акс эттиришда уни номоддий активлар сифатида эътироф этиш ёки этмаслик масаласи юзага келади.
Агар корхонада дастурий таъминотга мутлақ ҳуқуқ бўлмаса, бироқ ўнлаб йил мобайнида ундан фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд бўлса, бунинг устига мазкур актив бевосита корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти учун харид қилинган, яъни бўлғуси иқтисодий нафларни юзага келтиришга мўлжалланган бўлса, уни номоддий активларга киритиш керакми ёки ҳар ҳолда келгуси даврлар харажатлари таркибига ва бошқа узоқ муддатли активларга киритиш лозимми?
7-сон БҲМС «Номоддий активлар»нинг1 6, 7, 58-бандларидан кўчирмалар келтириб, аудитор ва экспертлар дарҳол агар дастурий маҳсулот харид қилинган ва корхонага унга доир мутлақ ҳуқуқлар берилмаган бўлса, демак у корхонанинг номоддий активи ҳисобланмайди ва у ҳуқуқ эгасининг балансида ҳисобга олиниши керак деб жавоб берадилар.
7-сон БҲМСнинг 5-бандида айтилишича, «моддий моҳиятга эга бўлмаган (пул маблағлари кўринишида бўлмаган) активлар, агарда юридик ҳуқуқлар, жумладан мулк ҳуқуқи билан ўзаро муносабатда бўлиши мумкин бўлган ва улардан узоқ муддат давомида фойдаланилган тақдирда номоддий активлар таърифига жавоб беради». Бунга ҳуқуқ эгасининг мутлақ ҳуқуқи эмас, балки мулк ҳуқуқи киритилади2.
Нима учун айнан дастурий таъминотга мутлақо ҳуқуқларни бериш тўғрисидаги мажбурий шарт зарур, ахир бирор-бир фао-лиятни юритишга олинган ўша лицензияни, агар у корхона билан бир комплексда сотилмаса, корхонадан ажратиб бўлмайди. Бундан чиқди, лицензияларга нисбатан идентификацияланганлик шарти бажарилмаётган экан-да? Мазкур саволга жавоб 7-сон БҲМСда ҳам мавжуд, унинг 7-банди «б» кичик бандида объектларни идентификациялашнинг яна бир мезони назарда тутилган: номоддий актив «ушбу ҳуқуқлар бериладиган ёки корхонадан ёхуд бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлардан ажраладиган бўлишидан қатъи назар, шартномавий ва бошқа юридик ҳуқуқлардан пайдо бўлади».
Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 1034-моддасида мутлақ ҳуқуқлар «қисман» берилиши мумкинлиги назарда тутилган. Бу ҳолда идентификацияланганлик қандай аниқланади?
Дастурий комплекс унга доир мутлақ ҳуқуқларсиз харид қилинганда импортчи томонидан «кирувчи» ҚҚСни ҳисобга олиш масаласи ҳам ўйлашга мажбур этади. Агар дастур 10 йил мобайнида ишлатилса, солиқ органларининг ходимларида дастурий маҳсулотни харид қилиш сарф-харажатларини харажатларга киритишнинг боришига қараб ҚҚСни мутаносиб равишда ҳисобга киритиш масаласи юзага келмайдими? Ҳолбуки, албатта, Солиқ кодекси томонидан ҚҚСни ҳисобга киритиш учун фақат ҳисобварақ-фактура ва БЮД бўйича солиқни бюджетга тўлаш далилининг мавжуд бўлишигина талаб қилинади. Бироқ солиқ органлари харид қилинган дастурий маҳсулотлар бўйича, бунинг устига йирик суммаларда, ҚҚСни ҳисобга киритмасликлари хатари қолади. Бунинг сабаби ҳар қандай дастурий таъминот номоддий актив ҳисобланади деган андозага боғлиқ, зеро яқин вақтларгача барча дастурларни ва ҳатто «1С: Бухгалтерия», «NORMA» электрон маҳсулотларини корхоналарнинг бухгалтерлари номоддий активлар таркибида ҳисобга олиб келганлар.
Шу тариқа, газета саҳифаларида аудитор ва экспертларнинг ушбу масала бўйича фикрларини эшитишни хоҳлардик.
ЕкатеринаМИШОВА,
«FTF-AUDIT» МЧЖ аудитори.