Касал бўлиш кимга ҳам ёқарди дейсиз? Бундай кезлари ишлашга жилла рағбатинг бўлмайди, баъзан ҳолинг келмайди ҳам. Шу алфозда ишлашнинг ўзи хатарлидир. Беморнинг ҳолати ёмонлашиши ўз йўлига, айни бир вақтда у ўз ҳамкасабаларига ҳам касаллик юқтириши мумкин. Бунақада иш қолиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Хасталикка чалинган одам тезроқ тузалиб кетсин дея унга касаллик варақаси беришади. Бу ҳужжатни яқин ўтмишдаги ихтиро деб ўйламанг.
Илк касаллик варақалари милоддан аввалги тахминан 1600 йилларда кўҳна Мисрда пайдо бўлган. Қизиғи шундаки, ўшанда бу ўлкада хастахона ҳам, тиббий карточкалар ҳам бўлган. Карточкага беморнинг ташхиси билан боғлиқ маълумотлар, амалга оширилган жарроҳлик операциялари ҳақидаги ахборот ёзиб борилган. Суғурта ва ...касаллик варақалари бўлган экан. Касаллик варақалари соғлиғи ҳолати важидан таътил олиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат ҳисобланган.
БОЛАЛИ ОНАЛАРНИ ЎЙЛАБ
Ҳозирги замон тарихида касаллик варақаларининг пайдо бўлишини германиялик педиатр Герольд Хольц номи билан боғлайдилар. Қарийб 200 йил муқаддам унинг жажжи мижозларни қабул қилувчи хусусий хонаси бўлган. Боласи батамом тузалиб кетмаган бўлса-да, хизмат жойидан ажралиб қолишдан қўрқиб, уйда, нуридийдасининг ёнида қолишдан қўрққан оналарга биринчилар қатори чин юракдан ачинган шифокор шу бўлса керак.
Хольц кўп болали оилада туғилиб ўсганлиги боис ёшлигиданоқ ука ва сингиллари атрофида парвона бўлар экан, касал гўдакларнинг ёнида онаси бўлиши ниҳоятда зарурлигини у ўз тажрибасида кўрган. Шунинг учун бўлса керак, боласи бемор оналарга маълумотнома ёзиб беришга киришди: ҳужжатда аёлнинг иш жойида бўла олмаслиги сабабини тушунтириб кўрсатди.
Докторнинг обрўси яхши эди. Шунинг учун ҳам ҳеч ким уни ноқонуний иш қилади деб ўйламасди. Аслида ўша кезлари ҳеч ким бундай ҳужжат бермасди ҳам. Оқкўнгил, меҳрибон шифокорнинг донғи бутун округга таралди. Унинг хонасига қатновчилар кўпая борди. Тўғри, баъзи жувонлар шифокорнинг ёнига бетоб боласини олиб келмасди – улар қўшимча дам олиш имконини берадиган маълумотнома илинжида эди. Шу зайил уни ҳақиқат йўлидан чалғитдилар. Маълум вақтдан кейин у чиндан ҳам сохта бюллетенлар учун пул оладиган бўлди.
Бундай аҳвол анча узоқ давом этди. Ниҳоят маъмурлар шифокор ёзиб бераётган касаллик варақаларига эътибор бериб қолдилар. Амалдорлар доктор ёзиб берган ҳужжатларнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқатга мос келавермаслигини тез орада тушуниб қолдилар.
Дарвоқе, XIX аср бошларида жамиятнинг ахлоқ қоидалари инсонпарварлиги билан ажралиб турарди деб бўлмасди. Хольцни сохта пул ясовчиларга тенглаштириб қатл этмоқчи бўлишди. Аммо адвокат уни қатъият билан ҳимоя қилди. Судда у ҳакамлар эътиборини шифокор сохта маълумотнома эвазига бо-йиш ниятида бўлмаганлигига, энг аввало, болали оналарга ёрдам беришдек эзгу иштиёқ асосида иш кўрганлигига қаратди. Барибир Хольцни муайян муддатга қамадилар. Лекин унинг ихтироси унут бўлмади. Германияда аввалига эҳтиёткорлик билан, ке-йинчалик баралла касаллик варақалари даври бошланди, немис шифокорлари бундай варақаларни асосан болали оналарга ёзиб берардилар.
БЕМОРНИНГ ИЗЗАТИ – ТЎРТ КУН
Бу янгиликка Буюк Британияда ҳам қизиқиб қолишди. Қонуний асосда ишни қолдириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни жорий этиш ташаббуси бу гал халқнинг орасидан чиқди. Маъмурлар кўпчиликнинг талабини эшитиб, одамлар меҳнатга лаёқатсизлик варағини олишига розилик билдирдилар. Даставвал, бундай маълумотнома олиш мумкин бўлган касалликлар рўйхати унча катта эмасди – унга асосан оғир хасталиклар киритилган эди. Бироқ муайян вақтдан кейин талаблар бирмунча жўн тус олди. Шу зайил шамоллаб қолган инглизлар ҳам уйида бамайлихотир даволаниш имконига эга бўлдилар.
Боласи бор, ишлайдиган оналар билан боғлиқ ишлар бирмунча мураккаб кечди. Германиядан фарқли равишда Буюк Британия аёллари ишдан озод қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни олишда талайгина қийинчиликлар сездилар. Хотин-қизларнинг сайлов ҳуқуқи учун кураш олиб борган хонимлар ҳаракати вазиятни ўзгартирди. Улар бошқа қатор талаблар билан бирга оналарга ишдан бўшатиш таҳдидисиз ўз болаларини парваришлашга рухсат бериш талабини илгари сурдилар. Пировард натижада мазкур диёрдаги ишлаётган аёлларга талаб этилаётган ҳужжат бериладиган бўлди.
Шундан салгина кейинроқ мазкур мамлакатда ходим касаллик туфайли таътил сифатида бир йилда фойдаланиши мумкин бўлган кунлар сони қатъий белгилаб қўйилди. Айни Буюк Британияда ходим хасталикнинг дастлабки тўрт куни мобайнида касалликни тасдиқловчи тиббий маълумотнома бўлмаса ҳам уйида қолиб, ётиб даволаниш имкониятига эга бўлди. Дарвоқе, кейинчалик бундай усул бутун дунёга тарқалди ва ҳозирги кунга қадар кўпгина мамлакатларда ундан фойдаланиб келмоқдалар. Касал бўлиб қолган ходим ишхона раҳбарини аҳволидан оғзаки огоҳлантиргач, бир неча кун ишга чиқмаса ҳам бўлади. Соғайиб кетганидан кейин иш берувчи ундан касаллигини тасдиқловчи бирон бир ҳужжат талаб этмасди. Шуниси ҳам борки, хасталик билан кечувчи бундай кунлар сони йил бўйича лимитланган эди. Қолаверса, баъзи компаниялар йил мобайнида бир марта ҳам касал бўлмаган ходимларини рағбатлантирардилар.
ШЎРОЛАР САЛТАНАТИДА
Собиқ советлар диёрида меҳнатга лаёқатсизлик варағи 1937 йили пайдо бўлган. Бундай ҳужжат касалликка чалинган одамга бир ҳафта мобайнида уйида бўлиш имконини берган. Тўғри, бундан хаста фуқаронинг чўнтаги жабр кўрган, негаки иш жойида бўлмаган вақти учун унга иш ҳақи минимал ставкада чиқарилган. Бироқ жарроҳлик операцияси талаб этилган ҳолларда бемор икки ҳафтача муддат мобайнида ишга чиқмаса ҳам бўларди, маош окладидан келиб ҳисоблаб чиқариладиган тўлов фоизи ҳам анчагина ошган эди.
Касаба уюшмаси аъзолари учун имтиёзлар янада кўпроқ эди. Бинобарин уларнинг касаллик даври чекланмас, маошда ҳам ҳеч нарса ютқазмас эдилар. Баъзан соғлиқ ҳолати учун, зарурати бўлса, уларга давлат томонидан жанубга йўлланма ҳам берилар эди.
1937 йили қабул қилинган касаллик варақаси шакли Россияда 2005 йилга келибгина ўзгартирилди ва мураккаблаштирилди. Бироқ сохта, қалбаки касаллик варақалари сони ортиб кетганлиги сабабли ўтган йили ундан воз кечдилар. Меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг янги бланкалари тайёрланди.
ДОЛЗАРБЛИГИЧА ҚОЛМОҚДА
Касаллик варақалари Осиё мамлакатларида бошқалардан анчагина кеч пайдо бўлди. Прогул қилганлик учун ишдан бўшаш таҳдидидан тамомила ҳоли равишда бетоб бўлиш имконияти бу қитъада ўтган асрнинг 70-80 йилларидагина пайдо бўлди. Шу сабабли ҳам кўпгина давлатларда касаллик варақаси ҳали-ҳануз оддийгина қоғозда ёзилиб, шифохона муҳри билан тасдиқлаб келинмоқда.
Бу Осиёнинг барча мамлакатларига тааллуқлидир. Бундан биргина Сингапур мустасно. 1973 йили уларда тасдиқланган бундай ҳужжат инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг рамзига айланди ҳисоб. Маълумотномалар қалбакилаштиришдан ҳимоя этилган қоғозда ёзилиб, клиниканинг махсус муҳри билан тасдиқланади. Ҳар бир касаллик варақаси қатъий ҳисобда. Унга ташхис маълумотлари, ҳар хил ташхис суратлари ва шифокор ёзувларидан кўчирмалар илова қилинади. Ҳужжатнинг, умуман олганда, ташхиснинг ҳақиқийлигини исталган вақтда текшириб кўриш мумкин – ҳар бир шифокор ўзидан мижози ҳақида муфассал ҳисобот талаб қилишга тайёр эканлигини билади. Бундай амалиёт ҳозирги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Шунинг учун ҳам Сингапурда касаллик варақасини сохталаштириш, қалбакилаштириш мумкин эмас.
ОКЕАН ОРТИДАГИ ТЕНГСИЗЛИК
Америка Қўшма Штатларида меҳнатга лаёқатсизлик варақалари аста-секин жорий этилди – ўтган асрнинг 20-30 йилларида бундай варақалардан асосан шимолий штатларда фойдаланилди. Бироқ 50-йилларга келиб у ҳамма жойда кенг оммалашди. Ҳар бир штатнинг бундай маълумотнома бўйича ўз шакли ва муҳри бор.
Аммо узоқ вақт мобайнида уни мамлакатнинг фақат оқ танли фуқаролари олардилар. ХХ асрнинг иккинчи ярмига келибгина Қўшма Штатлар қора танли аҳолисининг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя этишга оид кўплаб талаблардан кейингина уларга шундай ҳужжат бериладиган бўлди.
Касаллик варақаси билан боғлиқ барча имтиёзлардан энг охирида Лотин Америкаси мамлакатлари фуқаролари фойдалана бошладилар. Ана шу давлатларнинг туб аҳолиси ростмана бюллетень ўрнига маълумотнома олардилар, холос. Унда ходимнинг касаллиги маълум қилиниб, шифокор имзоси билан тасдиқланар эди. Бундай ҳужжатга ҳатто клиника муҳри ҳам босилмасди. Иш берувчидан ва суғурта компаниясидан ана шу ҳужжат билан пул компенсацияси талаб қилиб бўлмасди, негаки ҳужжат ўз ҳисобидан бир неча кун уйда ортиқча оқибатларсиз бўлиш имконини берарди.
ХХ асрнинг охирларида вазият тубдан ўзгарди. Бутун мамлакат учун касаллик варақасининг ягона шакли жорий этилди. АҚШда ходимнинг касаллиги билан боғлиқ барча харажатлар ва чиқимлар суғурта компанияси томонидан қопланади.
Хорижий матбуот
материалларидан.