Давлат божхона қўмитасида ўтказилган навбатдаги маънавий-маърифий тадбир Ўзбекистон «Polvonlar Milliy Ensiklopediyasi» жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда жамият раҳбари, дзюдо, самбо ва кураш бўйича спорт устаси, халқаро турнирлар ғолиби, дзюдо ва самбо бўйича беш карра Ўзбекистон чемпиони Норқули Юсупов иштирок этди.
Тадбирни очар экан, ДБҚ раиси ўринбосари Ғ.Шукуров Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор туфайли ўзбек кураши, улоқ-кўпкари, ўзбек жанг санъати сингари миллий спорт турларимиз халқаро миқёсга олиб чиқилганини таъкидлаб ўтди.
Дарҳақиқат, ўзбек кураши дунё мамлакатларида кенг оммалашмоқда, кураш бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, «Polvonlar Milliy Ensiklopediyasi» жамияти томонидан миллий спорт турларининг ривожланиш босқичлари, анъана ва мактаблари, полвонларимиз фаолиятини чуқур ўрганиш, уларни кенг тарғиб этиш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жамият раҳбари Н.Юсупов ушбу муассасанинг амалга ошираётган ишлари хусусида батафсил ахборот берди. Хусусан, Жамият томонидан ўзбекистонлик полвонлар ҳақида қатор китоблар нашр этилиб, кўрик-танловлар ўтказилмоқда, таълим муассасалари ва маҳаллаларда беш мингдан зиёд «Ёш полвонлар» тўгараклари, кураш усталари ҳаёти ва фаолияти тўғрисида маълумот берувчи «Фахрий полвонлар бурчаги» ташкил қилинган.
Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида «Сиз полвонларингизни биласизми?» республика танлови ўтказиб келинмоқда.
Қизғин савол-жавоблар асосида бўлиб ўтган тадбир давомида иштирокчилар «Сиз полвонларингизни биласизми?» республика танловининг финал босқичидан тайёрланган махсус фильмни ҳам томоша қилишди.
Ҳусен ТАНГРИЕВ, ДБҚ Ахборот хизмати катта инспектори.