Norma.uz

Квартирадаги улушингиз...

Биринчи никоҳимда мен яшаган квартира 1992 йилда рафиқам номига хусусийлаштирилган эди. Мен уни хусусийлаштиришга розилик берганман, ҳозиргача унга прописка қилинганман, бироқ у ерда яшамайман. Хусусийлаштириш пайтида квартирада вояга етмаган икки боламиз ҳам яшарди.

Ҳозирги вақтда мен хотиним билан ажрашганман. Мазкур квартира давлат далолатномасига асосан собиқ рафиқам номига қайд этилган. Менда эса, кўринадики, унга доир ҳеч қандай ҳужжатлар мавжуд эмас.

Қонун бўйича мазкур квартирада қандай улуш менга тегишли? Унга доир ҳужжатларни қандай қилиб олишим мумкин?

Сергей М.,

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани.

– Ўтган асрнинг 90-йилларида Ўзбекистоннинг кўп фуқаролари квартираларини хусусийлаштирганлар. Бунда давлат далолатномаси бир киши номига ёзилган, хусусийлаштиришга розиликни эса у билан бирга яшовчи оиланинг барча вояга етган аъзолари беришган. Бугунги кунда айнан улар хусусийлаштирилган квартиранинг шерик мулкдори ҳисобланадиларми ва ундаги улушга бўлган ҳуқуқларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни қандай қилиб олишлари мумкин деган саволлар пайдо бўляпти.

Олий суд Пленумининг «Хусусийлаштирилган турар жойларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида» қарорининг (2.05.1997 йилдаги 3-сон) 2-бандига кўра барча ижарачилар рози бўлганда улар эгаллаган квартира хусусийлаштирилиши мумкин. Бунда хусусийлаштиришнинг ҳар бир иштирокчисида (ижарачида) квартирага нисбатан умумий ҳиссали мулк ҳуқуқи вужудга келади.

Уй-жой кодекси 32-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ хусусийлаштирилган квартира ёки уй мулкдорининг вояга етган оила аъзолари ва уй-жойнинг хусусийлаштирилишига розилик берган шахслар ҳам уларнинг умумий мулки бўлмиш хусусийлаштирилган квартира ёки уйга нисбатан қонунда белгиланган тартибда тенг ҳуқуқларга эга бўладилар ва тенг мажбуриятларни бажарадилар.

«Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига кўра, агар хусусийлаштирилган турар жойда, ижарачидан ташқари, оиланинг уни хусусийлаштиришга розилик берган бошқа аъзолари ҳам яшашса, уларнинг ҳаммаси ушбу турар жойнинг мулкдорларига айланадилар, эгалланган турар жойга эгалик эса хусусийлаштириш натижасида умумий эгаликка айланади (ОС Пленуми кўрсатилган қарорининг 16-банди).

Шу тариқа, қонунга кўра сиз собиқ рафиқангиз билан бир қаторда хусусийлаштирилган квартиранинг шерик мулкдори ҳисобланасиз.

Ижарачи билан бирга яшайдиган ва унинг оила аъзолари ёки собиқ оила аъзолари ҳисобланадиган вояга етмаган шахслар (болалар) ижара шартномасидан келиб чиқадиган тенг ҳуқуқларга эгалиги сабабли, улар эгалланган турар жой хусусийлаштирилган тақдирда (шу жумладан оила аъзоларидан бири томонидан текинга хусусийлаштирилган тақдирда ҳам) вояга етган фойдаланувчи билан бир қаторда ушбу турар жойга умумий эгалик иштирокчиларига айланадилар.

Сизнинг болаларингиз хусусийлаштириш пайтида мазкур квартирада яшаган ва унда прописка қилинган бўлсалар, улар ҳам квартиранинг шерик мулкдорлари ҳисобланадилар.

Фуқаролик кодексининг 182-моддасига кўра мулк ҳуқуқини олиш асоси бўлиб давлат мол-мулкини хусусийлаштириш ҳисобланади.

«Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун 13-моддасининг 4-бандига мувофиқ хусусийлаштирилган турар жой эгасининг оила аъзолари ҳамда турар жой майдонига ҳақли бўлиб, уни хусусийлаштиришга розилик берган шахслар шу турар жой майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар, хусусийлаштирилган уй-жойни сотиш ёки ижарага бериш уларнинг розилиги билан амалга оширилади.

Шу тариқа, сиз, собиқ рафиқангиз ва у билан биргаликдаги болаларингиз квартиранинг тенг улушлардаги мулкдорлари ҳисобланасизлар – уларнинг ҳар бири квартиранинг 1/4 қисмига ҳуқуққа эгалар.

Агар сиз квартирадаги улушга ҳуқуқингизни тасдиқлайдиган ҳужжатларга эга бўлишни хоҳласангиз, фуқаролик ишлари бўйича судга унинг 1/4 қисмига эгалик ҳуқуқингизни тан олиш тўғрисида даъво билан мурожаат этишингиз мумкин. Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин сиз ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига мурожаат қилишингиз керак, у ерда сиз тегишли кадастр ҳужжатларини оласиз.

Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Прочитано: 889 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика