Norma.uz

Масофавий таълим

Молия вазирлигининг ўқув марказида ўтган ойнинг охирларида бир ҳафталик тренинг бўлиб ўтди. Тадбир мамлакатимизнинг турли минтақаларидаги молия соҳаси мутахассисларининг масофавий таълими ва улар малакасини ошириш тизимини амалиётга татбиқ этишнинг ибтидоси бўлиб қолди. БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда бюджет тизими ислоҳоти» лойиҳаси тренингга ташкилотчилик қилди.

Тренинг Ўқув марказида ўрнатилган, минтақавий бўлинмалар Молия вазирлиги билан саноқли лаҳзаларда боғланишига ёрдам берадиган масофавий ускунанинг имкониятларини рўйи рост кўрсатди. Масофавий таълим соҳасидаги IT-экспертлар Ўқув маркази тренерларини унинг Интернет-портали билан таништирдилар. Мазкур порталда масофавий таълимда фойдаланиладиган интерфаол усулларнинг ҳар хил турлари, хусусан лекциялар, flash-роликлар, видео- ва аудиоматериаллар, онлайн-тестлар, турли вазиятлар билан боғлиқ вазифалар (case-study), тақдимотлар (http://www.tcmf.uz/) жамланган.
«Info media technologies» компанияси вакили Дадажон Сайфуров таъкидлаб ўтганидек, тренерлар бир ҳафта мобайнида таълим масофавий шаклларининг афзалликлари ва камчиликларини, масофавий таълимда қўлланилаётган интерфаол усулларнинг турлари ҳамда уларни жорий этиш учун техникавий талабларни, интерфаол ўқув-услубий материалларни ишлаб чиқишнинг назарий ва амалий кўникмаларини ўргандилар. Уларга интерфаол ўқув курслари ташкил этиш учун матнли материалларни, мультимедиа унсурларини қай тартибда тайёрлаш кераклиги намойиш қилиб кўрсатилди. Машғулотлар назарий материаллар ва амалий ишларга асосланди. Шу билан бир қаторда тренерларга тест синовларини ўтказиш принциплари ва усуллари билан, билимни баҳолаш усулини танлаш, тест саволларини тайёрлаш йўллари билан яқиндан танишиш имконияти яратиб берилди. Тренинг доирасида интерфаол ўқув модулларининг бир қанча тақдимотлари ҳам бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, POLYCOM HDX видеоконференция алоқаси тизимини жойларда синаб кўриш ўтган йили августда БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда бюджет тизими ислоҳоти» лойиҳасининг техник кўмагида амалга оширилган эди. Ускуна Молия вазирлигининг Хоразм, Самарқанд ва Андижон вилоят бошқармалари билан юқори аниқликда тўғридан-тўғри видеоконференция алоқасини ўрнатиш имконини беради. Бултур октябрда ускуна илк бор тўлақонли тарзда тўғридан-тўғри уланган ва унда давлат харидлари соҳасидаги халқаро экспертлар иштирок этган эди. Улар мазкур алоқа ёрдамида Молия вазирлигининг бўлинмалари билан тренинг ўтказишган, мамлакатимиз минтақаларининг молиячилари савол бериш ва халқаро экспертлардан жавоб олишда ҳам шу алоқадан фойдаланишган эди.
Молия вазирлиги вакилларининг қайд этишича, эндиликда видеоконференция алоқаси ёрдамида шаҳарларимиз ўртасидагина эмас, балки бошқа мамлакатлар билан ҳам онлайн-алоқа ўтказиш мумкин. Бу эса техникавий ёрдамни келгусида масофавий тарзда кўрсатиш учун юқори малакали халқаро экспертларни уларга ортиқча сарф-харажат қилмай туриб, жалб этиш имконини беради.


Ўз хабаримиз.

Прочитано: 2239 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика