Ходимимиз 2012 йил октябрь ойидан бошлаб республика Банк-молия академиясида шартнома асосида ўқимоқда. Академия билан ходимимиз ўртасида икки томонлама ўқув-контракти тузилган, контрактнинг суммаси 8 914 000 сўмни ташкил қилади.
Ходимимиз тижорат банкларидан таълим кредити олмаган, шунинг учун унга енгиллик яратиш мақсадида контракт тўловини ходимнинг аризасига асосан унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиб, ҳар ойда Банк-молия академиясининг ҳисобрақамига ўтказиб бермоқдамиз. Ушбу ҳолда ходимимизнинг ўқишига йўналтирилаётган иш ҳақига солиқ бўйича имтиёзни қўллаш мумкинми?
Агар имтиёз қўлланиладиган бўлса, ходим томонидан бухгалтериямизга қандай ҳужжатлар тақдим этилиши керак?
З.Сирлибоев,
бош бухгалтер.
– Олий ўқув юрти деганда олий таълимнинг таълим дастурларини (бакалавриат ва магистратура) амалга оширадиган, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ташкил этилган, ўз Устави ва Олий таълим тўғрисидаги низом (АВ томонидан 22.02.2003 йилда 1222-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосида фаолият юритувчи юридик шахс тушунилади, белгиланган тартибда бакалавриат ва магистратура босқичларига ўқишга қабул қилинган шахслар эса олий таълим муассасасининг талабаси ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида» қарори (17.05.1996 йилдаги 180-сон) билан Банк-молия академияси тингловчиларига танланган мутахассислиги бўйича магистр унвони берилиши белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб Банк-молия академиясида таҳсил олаётган ходимингизга Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди. Бунда ажратилаётган ўртача ойлик иш ҳақи ходимнинг аризасига кўра солиқлар ушлаб қолинмаган ҳолда ўқиш контрактини тўлашга ўтказиб юборилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 11-бандига асосан жисмоний шахслар солиқ чегирмасини олиш учун иш берувчига даромадларини ўқиш учун тўловга ўтказиш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этади:
талаба билан Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;
таълим олувчининг паспорти ва (ёки) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси.
Кўрсатилган ушбу ҳужжатларнинг тақдим этилиши жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлов манбаида ушлаб қолмаслик учун асос бўлади ва даромадларни ўқиш учун корхона ҳисобидан таълим тўловига (кредитни қоплашга) ўтказиш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиришга хизмат қилади.
Раҳбар ходимнинг тегишли аризаси асосида унинг даромадини таълим олиш тўловига йўналтириш тўғрисида буйруқ (фармойиш) қабул қилади.
Корхона томонидан ариза ва буйруқ эркин шаклда тузилади.
Жавобни экспертимиз
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.