1 апрелдан корхонада янги штат жадвали кучга кирди, унда менинг лавозимим қайд этилмаган. Лавозим қисқартирилганлиги тўғрисида менга март ойининг бошларида, таътилдан чиққанимдан кейин маълум қилишди. Мен мутахассислигим бўйича камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтишга розилик бердим ва мени 1 апрелдаги буйруқ билан шу ишга ўтказишди. Қайси пайтдан бошлаб менинг ишимга янги камроқ маош бўйича ҳақ тўлашлари керак?
– Саволингиздан сизни бошқа лавозимга ўтказиш тўғрисидаги буйруқ 2013 йил 1 апрелда чиқарилганлиги маълум бўлади.
Одатда доимий бошқа ишга ўтказиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Уни чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномасига (қўшимча битимга) киритилган ўзгаришлар асос бўлади. У меҳнат шартномасига киритилган ўзгаришларнинг мазмунига тўла мувофиқ ҳолда чиқарилади ва ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади (МК 96-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари).
Янги лавозим бўйича иш ҳақи сизга янги лавозимда ишлай бошлаган пайтингиздан бошлаб ҳисобланиши керак. Чунончи, агар меҳнат шартномасига қўшимча битимда, сизни бошқа лавозимга ўтказиш тўғрисидаги буйруқда ишни бошлашнинг аниқ санаси кўрсатилган бўлса, ўзгарган иш ҳақи айни шу санадан ҳисобланади. Агар у кўрсатилмаган бўлса – янги лавозим мажбуриятларини бажаришга амалда киришилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Санаб ўтилган меъёрлар иш берувчи бошқа доимий ишга ўтказиш санасигача сизга аввалги лавозим бўйича иш ҳақи тўлаши шарт деган хулоса чиқариш имконини беради.
«Кадрлар бўлими» рукнини эксперт-юристимиз Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ олиб боради.