Бизга ҳокимликда 2007 йилда рўйхатдан ўтказилган МЧЖ мурожаат қилди. МЧЖнинг
2 600 000 сўм миқдоридаги устав фонди ўн нафар муассис – жисмоний шахс томонидан шакллантирилган.
МЧЖга жамият устав фондининг 75%ига (1 950 000 сўм) эгалик қилувчи 6 муассисдан МЧЖдан чиқишлари ва уларга, қолган иштирокчилар уни харид қилишдан бўйин товлаганлиги муносабати билан улар улушининг ҳақиқий қийматини тўлашлари тўғрисида аризалар келиб тушди. Қолган 4 муассис устав фондида қуйидаги улушларга эга:
Т/р |
Иштирокчи-нинг номи |
Улушнинг миқдори |
Улушнинг қиймати |
1 |
1-муассис |
6% |
156 000 сўм |
2 |
2-муассис |
8% |
208 000 сўм |
3 |
3-муассис |
7% |
182 000 сўм |
4 |
4-муассис |
4% |
104 000 сўм |
ЖАМИ: |
25% |
650 000 сўм |
1-муассис вафот этди ва унинг мол-мулки қонун бўйича ворислик ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномага кўра 5 ворис ўртасида тенг улушларда тақсимланди.
Бизда қуйидаги саволлар туғилди.
1. Таъсис ҳужжатларига доир ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қонун ҳужжатлари билан белгиланган устав фондининг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда жамиятнинг устав фондини кўпайтириш лозимми?
2. 6 муассис чиқиб кетганидан кейин қолган муассисларнинг улуш миқдори қандай аниқланади?
3. МЧЖ чиқиб кетган муассисларга улар улушларининг ҳақиқий қийматини тўлаш ўрнига мол-мулкни натурада бериши мумкинми?
– 1. «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – Қонун) 14-моддасига кўра жамият устав фондининг (устав капиталининг) миқдори жамиятни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасидаги ҳолатга кўра энг кам ойлик иш ҳақининг 40 бараваридан кам бўлмаслиги лозим. Ушбу меъёрдан келиб чиқадики, жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш чоғида устав фондини кўпайтириш талаб қилинмайди, чунки Қонун жамият устав фондининг энг кам миқдорига талабларни фақат у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдагина белгилайди.
2. Қонун 20-моддасининг ўн иккинчи ва ўн тўртинчи қисмларига кўра жамиятнинг устав фондидаги улушлар, агар унинг уставида улушни тақсимлашга фақат жамият бошқа иштирокчиларининг розилиги билан йўл қўйилиши назарда тутилмаган бўлса, МЧЖ иштирокчилари ҳисобланган жисмоний шахсларнинг ворисларига ўтади.
Шу тариқа, агар МЧЖ уставида 1-муассиснинг улушини тақсимлашга МЧЖ бошқа иштирокчиларининг розилиги бўлиши назарда тутилмаган бўлса, улуш унинг 5 ворисига тенг қисмларда ўтади ва МЧЖ муассислари улушларининг миқдори қуйидагини ташкил этади:
Т/р |
Иштирокчининг номи |
Улушнинг миқдори |
Улушнинг қиймати |
|
1-муассис |
6% |
156 000 сўм |
1 |
1.1-муассис |
1,2% |
31 200 сўм |
2 |
1.2-муассис |
1,2% |
31 200 сўм |
3 |
1.3-муассис |
1,2% |
31 200 сўм |
4 |
1.4-муассис |
1,2% |
31 200 сўм |
5 |
1.5-муассис |
1,2% |
31 200 сўм |
|
|
|
|
6 |
2-муассис |
8% |
208 000 сўм |
7 |
3-муассис |
7% |
182 000 сўм |
8 |
4-муассис |
4% |
104 000 сўм |
ЖАМИ: |
25% |
650 000 сўм |
Қонун 22-моддасининг иккинчи қисмига кўра агар жамиятнинг уставида жамият иштирокчисининг улушидан (улушининг бир қисмидан) учинчи шахслар фойдасига воз кечиш тақиқланган бўлса, жамиятнинг бошқа иштирокчилари эса уни олишни рад этса, шунингдек улушдан (улушнинг бир қисмидан) МЧЖнинг иштирокчиси ёки учинчи шахс фойдасига воз кечиш рад этилган тақдирда, агар бундай розиликни олиш зарурлиги жамиятнинг уставида назарда тутилган бўлса, МЧЖ иштирокчисининг талабига биноан унга қарашли улушни (улушнинг бир қисмини) олишга мажбур. Бунда жамият ўзининг иштирокчисига бу улушнинг (улуш бир қисмининг) жамиятнинг иштирокчиси шундай талаб билан мурожаат этган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланадиган ҳақиқий қийматини тўлаши шарт. Жамият иштирокчиси улушининг ҳақиқий қиймати жамият соф активлари қийматининг унинг улуши миқдорига мутаносиб бўлган бир қисмига мос бўлади (Қонун 14-моддасининг тўртинчи қисми). Мисол учун, МЧЖнинг соф активлари, бухгалтерия ҳисоби маълумотларига кўра, охирги ҳисобот даврида 100 000 000 сўмни ташкил қилади. Агар МЧЖ 6 муассиснинг улушларини харид қилса ва уларга уларнинг ҳақиқий қийматини – 75 000 000 сўм (100 000 000 х 75%) – тўласа, харид қилинган улуш бир йил мобайнида вақтинча МЧЖга тегишли бўлиши мумкин. Устав ва таъсис шартномасига рўйхатдан ўтказишни талаб қиладиган қуйидаги ўзгартиришлар киритилади:
Т/р |
Иштирокчининг номи |
Улушнинг миқдори |
Улушнинг қиймати |
1 |
1.1-муассис |
1,2% |
31 200 сўм |
2 |
1.2-муассис |
1,2% |
31 200 сўм |
3 |
1.3-муассис |
1,2% |
31 200 сўм |
4 |
1.4-муассис |
1,2% |
31 200 сўм |
5 |
1.5-муассис |
1,2% |
31 200 сўм |
6 |
2-муассис |
8% |
208 000 сўм |
7 |
3-муассис |
7% |
182 000 сўм |
8 |
4-муассис |
4% |
104 000 сўм |
9 |
Вақтинча МЧЖ |
75% |
1 950 000 сўм |
ЖАМИ: |
100% |
2 600 000 сўм |
Қонун 23-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ МЧЖга қарашли улуш у жамиятга ўтган кундан эътиборан 1 йил ичида жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига биноан жамиятнинг 8 муассиси ўртасида уларнинг жамият устав капиталидаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланиши ва (ёхуд) агар МЧЖнинг уставида тақиқланган бўлмаса, учинчи шахсларга сотилиши ҳамда тўлиқ тўланиши керак.
Вақтинча МЧЖга қарашли 75 фоизлик улуш тақсимланган тақдирда 1.1-муассиснинг улуш миқдори қуйидагича белгиланади:
(31 200 х 100 / 650 000) х 2 600 000 / 100 = 124 800 сўм.
Қолган муассислар бўйича ҳисоб-китоб худди шундай тарзда амалга оширилади.
Шу тариқа, ҳар бир муассиснинг улуш миқдори қуйидагини ташкил этади:
Т/р |
Иштирокчининг номи |
Улушнинг миқдори |
Улушнинг қиймати |
1 |
1.1-муассис |
4,8% |
124 800 сўм |
2 |
1.2-муассис |
4,8% |
124 800 сўм |
3 |
1.3-муассис |
4,8% |
124 800 сўм |
4 |
1.4-муассис |
4,8% |
124 800 сўм |
5 |
1.5-муассис |
4,8% |
124 800 сўм |
6 |
2-муассис |
32% |
832 000 сўм |
7 |
3-муассис |
28% |
728 000 сўм |
8 |
4-муассис |
16% |
416 000 сўм |
ЖАМИ: |
100% |
2 600 000 сўм |
3. Қонун 22-моддасининг иккинчи ва олтинчи қисмларига кўра, агар МЧЖ иштирокчининг улушини унинг талабига кўра харид қилса, жамият унга улушнинг ҳақиқий қийматини тўлаши ёки ушбу иштирокчининг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт. Ушбу ҳолда чиқиб кетаётган иштирокчининг розилиги мажбурий шарт ҳисобланади ва у ёзма шаклда ифодаланиши мақбул бўларди.
Шу тариқа, МЧЖ улушларнинг ҳақиқий қийматини тўлаш ўрнига чиқиб кетган муассисларга унга қарашли мол-мулкни бериши мумкин. Агар, албатта, улар бунга рози бўлишса.
Алишер УБАЙДУЛЛАЕВ,
«VICTORY YURCONSALT» МЧЖнинг юрисконсульти.