ДЕПАРДЬЕНИ ЮРТИДАН ЧИҚИБ КЕТИШГА НИМА МАЖБУР ҚИЛДИ?
n Франция Президенти Янги йил муносабати билан телевидение орқали қилган мурожаатида йилига 1 млн евродан ортиқ даромад олаётган французларга нисбатан 75 фоизлик солиқ жорий этиш ниятидан воз кечмоқчи эмаслигини айтди. Ўтган йилнинг охирларида бу ташаббусни мамлакат Конституциявий суди рад этган эди. Мазкур суд ҳукумат таклиф этган бу чорани ўта оғир чора деб, солиқнинг якуний суммасини ҳисоблаб чиқариш усулини эса нотўғри деб топди. Франсуа Олланд бу йил қонун қайта таърифланади деб айтди ва фуқароларни оғир иқтисодий даврда ватанпарварлик ҳислатларини намойиш этишга чақирди. У келтирган важларга жавоб тариқасида Франция оммавий ахборот воситалари «бойлардан олинадиган солиқ»ни самарасиз деб рўй-рост айтдилар. Чама қилинишича, бундай солиқ давлат ғазнасига бир неча миллион евро келтириши мумкин. Бироқ мазкур таклиф туфайли Франция ҳозирнинг ўзидаёқ 10 миллионлаб евро зарар кўрди. Бунга солиқлардан қочиб муҳожирликни афзал билган, Россия фуқаролигини олган актёр Жерар Депардье яққол мисолдир.
ШВЕЙЦАРИЯ БАНКЛАРИДАГИ ҲИСОБВАРАҚЛАРГА СОЛИҚ СОЛИБ...
n Италияда икки ойча олдин парламент сайловлари бўлиб ўтди. Ўшанда собиқ бош вазир Сильвио Берлускони мабодо унинг партияси ҳокимият тепасига келгудек бўлса, инқирозга қарши чора сифатида кўчмас мулкдан муниципал солиқ олишни бекор қилажагини айтди. Мазкур солиқ 2011 йилнинг охирларида жорий этилган бўлиб, кўплаб қаршиликларга дучор бўлди. Таъкидлаш жоизки, бундай солиқ йиғиш бошлангач, дастлабки тушумлар 2012 йилнинг июнида Италия ғазнасига қарийб 9,5 млрд евро келтирди. Берлускони 2012 йилда тўланган ана шу солиқ суммасини ҳар бир итальян оиласига нақд пул билан қоплажагини айтди. Матбуот хабарларига қараганда, солиқни бу йўсин қайтариш Италия ғазнасига 4 млрд еврога тушади. Уни компенсация қилиш учун Берлускони партияси Италия фуқароларининг Швейцария банкларидаги ҳисобварақларига солиқ солиш тўғрисида мазкур мамлакат билан шартнома тузишни таклиф этди. Бу иш бюджетга йилига 5 млрд евро келтиради. Режалар рўёбга чиқадими-йўқми, бир нарса дейиш қийин. Зотан Берлускони партияси сайловда ўзининг асосий мухолифига 0,4 фоиз фарқ билан ютқазиб, парламентдаги биринчи ўринни бой берди.
ДАБДАБАПАРАСТЛИККА СОЛИҚ
n Украинада зеб-зийнат ва ҳою-ҳавасдан солиқ олиш таклифини мужассам этган қонун лойиҳаси мамлакат парламенти – Радада муҳокама бўлишини кутмоқда. Мазкур қонун ҳужжатида қимматбаҳо квартира ва машиналардан тортиб, мўйнали пўстин ва заргарлик тақинчоқларигача – ҳамма нарса ҳисобга олинган. Кўчмас мулкка доир амалдаги солиқни янгича йиғим олишга алмаштириш, бунда ҳою-ҳавас ва зеб-зийнат мезонларини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Хусусан, саҳни 200 кв.метрдан ортиқ квартиралар ва 500 кв.метрдан ортиқ уйлар ҳою-ҳавас саналади. Ҳар ким, агар унинг қарамоғидаги кўчмас мулкнинг расмий қиймати энг кам иш ҳақининг 1 000 бараваридан ортиқни ташкил этса, шундай солиқни тўлаши керак. Бугунги кунда бу марра 1 миллион гривнани (141 минг АҚШ долларини) ташкил этади. Айтайлик, солиқ солинадиган объектларнинг энг арзони – баҳоси 1,15 млн гривнага тенг, саҳни 200 кв.метрли квартира юзасидан ҳар йили 5 500 гривна (677 АҚШ доллари) миқдорида солиқ тўланади. Солиқлардан ташқари кўчмас мулкни баҳолаш учун ҳам (қонун лойиҳасида шу нарса талаб этилади) сарф-харажат қилишга тўғри келади.
Двигатель ҳажми 3,99 л дан ортиқ бўлган автомобиль эгаларига ҳам ҳою-ҳавас солиғини тўлашга тўғри келади. Украиналик автодилерларнинг ёрдамчи нархномаларига қараганда, бундай машиналар оз эмас. Айниқса чет элда ишлаб чиқарилган ҳашаматли автомобилларнинг нархи одатда 60 000 доллардан ошади. Нархи арзонроқ, двигатель ҳажми ҳам бундайроқ автомобиль эгаси йилига кам деганда 10 000 гривна (1 230 доллар) тўлайди. Солиқчиларни нархи 22 минг гривнадан ошадиган қўл телефонлари, соатлар, заргарлик тақинчоқлари ҳам қизиқтирмоқда. Мамлакат Молия вазирлигининг мўлжалича, ана шу хилдаги нарсалардан 10 фоизлик ҳою-ҳавас солиғи фақат бир марта: чакана савдо пайтида ёки улар чет элдан олиб кирилаётганда божхонада олинади.
БОЙ БОЙГА БОҚАР, СОЛИҚ – БЮДЖЕТГА ОҚАР
n Россияда ҳам шундай солиқ тадоригига тушиб қолишган. Бу ғоя кўтарилганига анча бўлди. Ҳою-ҳавас солиғига оид қонун лойиҳаси парламентга бир неча марта киритилди. 2007 ва 2010 йилларда қиймати 15 млн Россия рублидан (495 минг АҚШ долларидан) ортиқ бўлган шоҳона уй-жой ва ер участкаларининг харид солиғини жорий этиш таклифи илгари сурилганди. Шунингдек нархи 2 млн рублдан
(66 минг доллардан) қиммат яхталар, катерлар ва автомобиллар, 300 минг рублдан (9 900 доллардан) қиммат заргарлик тақинчоқлари, қимматбаҳо металлар ва санъат асарларидан ҳам шу йўсиндаги солиқ олишни мўлжал қилмоқдалар. Бунда солиқ ставкаси нархига қараб мол-мулк қийматининг 1 фоизидан 5 фоизигачани ташкил этади. Лекин бу қонун лойиҳаси қабул қилинмади.
2012 йилнинг кўкламида яна бир карра ҳаракат қилиб кўришди. Янги ташаббусга кўра бундай солиқни қиймати 30-50 млн Россия рублига тенг кўчмас мулкдан 0,3, 50-100 млн рублга тенг кўчмас мулкдан 0,6, бундан қимматроқ турар жойлардан эса 5 фоизли ставкада жорий этиш назарда тутилган эди. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида 3 млн рублдан қимматроқ самолётлар, яхталар, катерлар, вертолётлар ва автомобиллардан 1-7 фоизли солиқ олиш таклифи илгари сурилган. Бироқ қонун лойиҳаси уни парламентга киритишда тартиб-таомиллар бузилган деган важ билан муаллифларига қайтарилди.
n Аслида кўпгина мамлакатлар ҳою-ҳавас ва зеб-зийнатлар солиғи борасида муайян тажрибага эга. Бундай солиқни хусусан 700 минг евродан зиёдроқ мулки бўлган Испания фуқаролари тўлайдилар. Хитой, Швейцария, Голландия ва Норвегияда яхта, автомобиль, қимматбаҳо буюмлар, самолёт сингари зўр товарларни сотиб олишда қўшимча йиғим тўлайдилар. Англияда «герб йиғими» амал қилиб турибди, бундай йиғим нархи 125 минг фунт стерлингдан қимматроқ уй-жой сотиб олинганда ундирилади. Солиқ ставкаси кўчмас мулк қийматига қараб 1-5 фоизни ташкил этади. Қимматбаҳо спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари ҳою-ҳавас саналадиган мамлакатлар ҳам бор. АҚШ, Буюк Британия ва Японияда йирик нарсаларни сотиб олишда солиқ тўловчи даромадининг келиб чиқиши манбаини тасдиқлаши шарт.
Бироқ экспертларнинг афтидан аксарияти ҳою-ҳавас нарсаларга солинадиган солиқ ғоясига ишончсизлик билан қарашмоқда. Биринчидан, уларнинг ҳисобича «хуфиёна» даромадлар юқори даражада бўлган мамлакатларда бундай солиқнинг самараси юқори эмас. Иккинчидан, бу йўсиндаги солиқни тўлашдан бўйин товлаш осон. Масалан, солиқ тўловчи жисмоний шахслар ҳою-ҳавас нарсаларини оффшор зонада ёки солиқ даражаси паст минтақада рўйхатдан ўтказилган юридик шахс номига расмийлаштиришлари мумкин. Бундай солиқ тўлашдан олди-сотди шартномасида унинг баҳосини арзон қилиб кўрсатиш йўли билан қутулиш мумкин. Қимматбаҳо харидларни ҳою-ҳавас нарсалардан қўшимча йиғим олинмайдиган мамлакатларда қилса ҳам бўлади. Шундай қилиб, ҳою ҳавас солиғининг жорий этилиши кўпинча пулдор харидорларнинг «муҳожирлиги»га сабаб бўлади, холос. Шу сабабли солиқ бобида бундай ташаббус амалга оширилар экан, уни тўлашдан бўйин товлаш ҳолларига қарши кураш масаласини ҳам бирйўла ҳал этмоқ лозим.
Интернет тармоғи материалларидан.