Осиё тараққиёт банки иштирокида «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси томонидан қишлоқ жойларда қурилаётган намунали уй-жойларни харид қилиш учун 2013 йилда 3 хонали уй 136 млн сўм қилиб белгиланган. Шундан корхонамиз 35 млн сўм қийматидаги бошланғич тўловни (25%) ишчиларимиз учун тўлаб берди. Бу сумма бўйича ёш оилаларга даромад солиғи солинмаслиги Президентнинг 18.05.2007 йилдаги ПФ-3878 сон қарорида кўрсатиб ўтилган. Банкдан берилган ипотека кредити 79,6 млн сўмни ташкил этади. Энди ишчимизнинг ўзи якуний тўловни, яъни 21,4 млн сўмни тўлаши керак. Ишчининг ойлигидан якуний тўлов учун ўтказилган сумма бўйича ёш оила аъзоси бўлган ёш бўлмаганда даромад солиғи ушланиш ёки ушланмаслиги тўғрисида аниқ изоҳ берсангиз.
«Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК
Термиз минтақавий темир йўл узели.
Бухоро минтақавий темир йўл узелининг юқори ташкилоти ҳисобланган «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТКнинг 2013 йил 31 январдаги 3-сон баённомасига асосан ишчи-ходимларнинг ҳар бири учун қишлоқ ҳудудларида намунавий лойиҳалар асосида қуриладиган якка тартибдаги уй-жойларни сотиб олиш учун «Қишлоқ қурилиш банк» АТБга 35 млн сўмдан бошланғич бадал суммаси беғараз (қайтариб олмаслик шарти билан) тўлаб берилди. Ишчи-ходимлар рўйхатида ёш оила аъзолари (яъни 30 ёшга тўлмаган), биринчи марта никоҳда бўлган ходимлар ҳам мавжуд.
Ёш оила аъзоларига уй-жойларни «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ кредити асосида сотиб олишлари учун корхона томонидан тўлаб берилган бошланғич бадал суммасига даромад солиғи солинадими?
Бухоро минтақавий темир йўл узели.
– 1. Маълумки, «Тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банки томонидан имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 25.05.2009 йилдаги 148-сон қарори билан тасдиқланган) 2-иловаси билан Ипотека кредити бериш тўғрисидаги намунавий шартнома тасдиқланган. Унда якуний тўлов тўғрисида сўз юритилмаган. Шундан келиб чиқиб, ишчининг иш ҳақидан тўланадиган 21,4 млн сўмлик тўловидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ундирилмайди (СКнинг 179-моддаси 30-банди).
2. Ёш оила аъзоларининг уй-жой олиш учун юридик шахсдан, яъни иш берувчидан олган маблағлари жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди ва унга солиқ ҳисобланмайд (СКнинг 171-моддаси иккинчи қисми 14-банди).
Демак, сизнинг ходимларингиз ёш оила тоифасига кирганлиги учун «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ кредити асосида сотиб олишлари учун корхона томонидан тўлаб берилган бошланғич бадал суммасига даромад солиғи солинмайди.
Уй-жой олинган (мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган) санадан эътиборан 5 йил ичида сотилса, ушбу бандда кўрсатилган даромадларга белгиланган тартибда солиқ солинади*.
*Мавзуга доир батафсил тушунтиришни, шунингдек «СБХ»нинг 14.01.2013 йилдаги 2-сонида чоп этилган «Уй-жой сотиб олишга солиқ имтиёзлари» ва 26.05.2013 йилдаги 12-сонида чоп этилган «Ипотека кредити қопланганда» материаллари орқали билиб олишингиз мумкин.
Жавобларни экспертимиз Умидбек САФАРОВ тайёрлади.