Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларида кўпинча божхона тўловларини орқага суриш ва уларни олиб кирилган товарлар сотилганидан кейин тўлаш зарурати юзага келади. Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ана шундай имкониятга йўл қўяди ва тўловларни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тартибини назарда тутади.
Бундай имкониятга эга бўлиш учун фирма божхона расмийлаштируви амалга ошириладиган ҳудудий божхона хизматига кафолат хати тарзида ариза топшириши керак. Ариза хўжалик юритувчи субъектнинг бланкасида расмийлаштирилади ҳамда муҳр ҳамда раҳбар ва бош бухгалтернинг имзолари билан тасдиқланади. Унда тўловчи тўғрисида маълумотлар, тўлов солинадиган товарларнинг номи, халқаро ёки ташқи савдо контрактининг реквизитлари ҳамда сўров қилинаётган божхона тўловларининг суммаси кўрсатилиши керак. Бундан ташқари, аризада муддатни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тақдим этилиши учун асослар кўрсатилиши лозим.
Хатнинг асосий қисмида сўралаётган муддатни кечиктиришнинг мақбул муддати ва орқага сурилган тўловларни тўлаш жадвали кўрсатилиб, бюджет билан ҳисоб-китобнинг охирги санаси кўрсатилиши керак.
Диққат! Божхона кодексининг 110-моддасига кўра божхона тўловларини тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб 2 ойдан ошмаслиги лозим.
Ишлаб чиқарувчи корхоналарга экспорт маҳсулоти ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланиладиган импорт қилинаётган моддий-техника ресурслари учун ҚҚС бўйича уни тўлашни фоиз ундирилмаган ҳолда 90 кунлик муддатга кечиктириш имконияти берилади. Моддий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналарга, юридик шахс мақомидаги фермер ва деҳқон хўжаликларига ҳам ўз эҳтиёжлари учун импорт қилаётган ускуналар, хом ашё ва моддий ресурслар учун божхона тўловлари тўлашда (божхона расмийлаштируви учун божхона йиғимлари бундан мустасно) шундай имконият берилади.
Сабаб бор
Топширилаётган ҳужжатда ҳозирги вақтда тўловларни тўлаш имкониятининг йўқлиги тўғрисида имкони борича тўлиқ маълумот берилиши муҳим, чунки тескари ҳолатларнинг мавжудлиги муддатни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришга тўсқинлик қилиши мумкин. Бироқ биргина аризанинг ўзи етарли эмас. Унга Божхона тўловларини тўлаш муддатини узайтириш ва кечиктириш бўйича йўриқномада1 назарда тутилган, божхоначилар томонидан муддатни кечиктириш тўғрисида қарор қабул қилиш учун ҳал қилувчи далил-исбот бўла оладиган қуйидаги қўшимча ҳужжатларни илова қилиш лозим:
божхона тўловларини тўлашни таъминлашни тасдиқловчи ҳужжат (товар ёки транспорт воситасини гаровга қўйиш, банк кафолати ёки тўловнинг учинчи шахс томонидан таъминланиши);
хизмат кўрсатувчи банкнинг мазкур хўжалик субъектининг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағида маблағлар йўқлиги тўғрисидаги, тегишли тарзда тасдиқланган маълумотномаси;
контракт ва тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасининг ҳисоб-китоби нусхалари.
Кечиктирилсинми ёки ҳозир тўлансинми?
Муддатни узайтириш ёки кечиктириш имтиёзини бериш тўғрисидаги қарор божхона органининг бошлиғи томонидан қабул қилинади. Ижобий ҳукм чиқарилган тақдирда мазкур органнинг божхона тўловлари бўлими тўловчи билан биргаликда божхона тўловларини тўлаш жадвалини тузади, унда божхона тўловларини қисман тўлаш муддати ва уларнинг ҳар бир тўлашдаги миқдори кўрсатилади.
Диққат! Агар божхона органи муддатни узайтириш ёки кечиктиришни маъқулласа, бироқ кейинроқ бундай рухсат берилишига зид бўлган ахборот олса, қарор бекор қилиниши мумкин.
Ортиқча тўлов
Бироқ, маълумки, оламда текин нарсанинг ўзи йўқ. Божхона тўловларини тўлаш муддатларини кўчириш учун ҳам Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг ярмига тенг бўлган фоизларни тўлашга тўғри келади.
Ҳисоблаш тартиби
Муддатни кечиктириш учун фоизлар муддати кечиктирилган тўловлар суммасидан келиб чиқиб ҳисобланади. Улар товарлар чиқарилган кундан кейинги кундан бошлаб тўловларни тўлаш мажбурияти тугатилган кунга қадар ундирилади ва қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
С х Оо х С т х 12
Пот = ________________________, 365 х 100
бунда:
Пот – кечиктириш имтиёзи берилганлиги учун фоизлар;
С – тўланиши бўйича кечиктириш имтиёзи берилган божхона тўловларининг умумий суммаси;
Оо – кечиктириш имтиёзи берилган кунларнинг сони;
Ст – божхона декларацияси қабул қилинадиган куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилаган қайта молиялаш ставкасининг 50%и;
365 – календарь йилдаги кунлар сони.
Бўлиб-бўлиб тўлаш ҳисоб-китоби тўлов муддати кўчирилган суммадан амалга оширилади. Бўлиб-бўлиб тўланадиган божхона тўловлари қисман тўланганидан кейин (тузилган графикка мувофиқ) БЮД бўйича ҳисоблаб чиқарилган божхона тўловларининг умумий суммаси сўндирилган қарз суммасига камайтирилади.
Бўлиб-бўлиб тўлаш учун фоизлар қу-йидаги формула бўйича ҳисобланади:
Сп х Ор х Ст х 12
Прс = ________________________,
365 х 100
бунда:
Прс – бўлиб-бўлиб тўлаш имтиёзи берилганлиги учун фоизлар;
Сп – тўланиши бўйича бўлиб-бўлиб тўлаш имтиёзи берилган божхона тўловларининг умумий миқдори;
Ор – бўлиб-бўлиб тўлаш имтиёзи берилган кунларнинг сони;
Ст – божхона декларацияси қабул қилинадиган куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилаган қайта молиялаш ставкасининг 50%и;
365 – календарь йилидаги кунлар сони.
Диққат! Муддатни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имтиёзини бериш учун ундириладиган фоизлар даврий тўловлар муддатини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тақдим этиладиган божхона тўловлари билан бир вақтда тўланади.
Айтиш жоизки, ҳисоблаб ёзилган фоизларни тўлаш ва ундириш бўйича мажбуриятдан ташқари тўловчи Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини қайтариш тўғрисида йўриқномада2 белгиланган тартибда қайтариш ҳуқуқига эгадир.
Сендан – угина, мендан – бугина
Фақат қўшнидангина қарзни гаровсиз олиш мумкин, бироқ ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди. Божхона тўловларини тўлаш муддатини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш эса улар тўланишини таъминлаш шарти билан берилади.
Божхона кодексининг 111-моддасига кўра божхона тўловларини тўлаш товарлар ва транспорт воситаларини гаровга қўйиш, учинчи шахснинг банк ёки Ўзбекистонда банк операцияларини ўтказиш ҳуқуқига эга бошқа молия-кредит муассасасининг кафолати билан таъминланади. Ёки агар товарлар эркин муомалага чиқарилса тўлаш керак бўлган божхона тўловлари суммасини божхона органининг депозит ҳисобварағига киритиш йўли билан. Уни депозит ҳисобварақда сақлаш вақтида фоизлар ҳисоблаб ёзилмайди ва индексация амалга оширилмайди. Гаровга қўйилган товарлар ва транспорт воситалари эса, агар божхона органи бошқача қарор қабул қилмаса, гаровга қўювчининг эгалигида қолади. Божхона органининг розилигисиз гаровга қўювчи гаров ашёсини тасарруф этишга ҳақли эмас.
Мол-мулк билан кафолатлайман
Мол-мулк билан тўлаш таъминланганда гаровга берувчи билан божхона органи ўртасида 2 нусхада амалдаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда3 гаров ҳақида шартнома тасдиқланади ва рўйхатдан ўтказилади. Уни божхона органининг бошлиғи ёки унинг ўрнини босувчи шахс, тўловлар назорат бўлимининг бошлиғи (махсус журналда шундай шартнома тузилганлиги қайд этилади) ва гаровга берувчи томонидан ваколатли шахс имзолайди. Ҳужжатда гаровга қўйилган товар ёки транспорт воситасининг қолдиқ қиймати (бухгалтерия ҳисобида акс эттирилган) кўрсатилади, божхона тўловлари бўлимининг бошлиғи эса мутахассисларнинг махсус тайёрлаган хулосасида тўланиши гаров билан таъминланадиган тўловлар суммасининг тўғрилигини тасдиқлайди.
Божхона органининг божхона тўловлари бўлими қуйидаги қарорларни қабул қилади. Биринчидан, товарлар ва транспорт воситаларининг гарови билан таъминланган божхона тўловларини тўлаш кафолатининг етарлилиги тўғрисидаги, иккинчидан гаров ашёсини сақлаш жойи, бўлиб-бўлиб тўланган ёки кечиккан тўловлар суммасини тўлаш муддатлари ўтиши билан гаров ашёсини сотиш имкониятлари тўғрисидаги қарорлардир.
Божхона расмийлаштируви пайтида БЮДга гаровга асосланган муддатни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имтиёзи берилиши ва унинг тугаш санаси тўғрисида ёзув қайд этилади. Божхона тўловлари ва унга доир фоизлар тўланганидан кейин белгиланган муддатларда гаровга қўювчи божхона органининг рухсати билан гаров ашёсини қайтариб олади.
Банк кўмагида
Таъминотни ваколатли банк кафолатлаши мумкин. Банкнинг кафолат хати божхона органига тўловчининг унга муддатни божхона декларацияси топширилгунига қадар ёки топшириш вақтида бўлиб-бўлиб тўлаш ёки кечиктириш имтиёзини бериш тўғрисидаги аризаси билан бирга тақдим этилади. Агар божхона тўловлари ва уларни бўлиб-бўлиб тўлаш (кечиктириш) учун фоизлар миқдори кафолат хатида кўрсатилган суммалардан ошса декларация қабул қилинмайди.
Пул бор бўлса
Пул таъминоти бор бўлганда тўловчи ёки бошқа манфаатдор шахс агар товарлар эркин муомалага чиқарилган бўлса, тўланадиган божхона тўловлари ва уларга доир фоизларга тенг бўлган пул суммаси божхона юк декларацияси қабул қилингунигача божхона органининг депозит ҳисобварағига киритилиши лозим.
Агар уларни учинчи шахс киритса, муддатни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) бир қатор расмиятчиликларга риоя этилган ҳолда берилиши мумкин. Кафилнинг уларни тўлаш учун жавобгар шахс ўрнига божхона тўловлари ва фоизларни тўлашни таъминлаш нияти ҳамда муддати кечиктирилган тўловлар ва фоизлар тўланмаган тақдирда уларга киритилган суммаларни давлат бюджетига божхона тўловлари сифатида ўз муддатида ўтказишга розилиги тўғрисида ёзма аризаси талаб қилинади.
Пул таъминоти тўловчига барча тегишли божхона тўловлари ва фоизлар тўланганидан кейин қайтарилади.
Диққат! Тўловчи тўланиши лозим бўлган божхона тўловларини ва муддат узайтирилганлиги ёки кечиктирилганлиги учун фоизларни белгиланган муддатда тўламаган тақдирда боқимонданинг бутун суммаси, шунингдек, тўлов кечиктирилганлиги учун пеняни божхона органи кафиллик берувчидан ундириб олади.
Баъзи жиҳатлар
ТИФнинг баъзи иштирокчилари муддатни кечиктириш имтиёзини ололмасликларини эътибордан қочирманг. Чунончи, агар фирма божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздор бўлса, божхона тўлаш муддатини кўчиришга рухсат бермайди. Ёки унга божхона қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жиноят аломатлари бўйича жиноят иши юритилаётган бўлса ҳам шундай йўл тутилади. Шунингдек божхона органига қарор қабул қилиш учун зарур ҳужжатлар ва маълумотлар йўқ бўлганда ёки корхонага нисбатан банкротлик таомили бошлаб юборилган бўлганда ҳам шундай бўлади.
1ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 8.04.1999 йилда 697-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
2ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.07.2000 йилда 947-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
3Ўзбекистон Республикаси божхона органлари томонидан гаровдан фойдаланилиши тўғрисида низом (ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 28.06.1999 йилда 757-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Гулнора АБДУНАЗАРОВА,
махсус мухбиримиз.