Norma.uz

Декларацияни қандай қилиб қайта расмийлаштириш керак

Фирмамиз бир неча йил аввал автомобиллар олиб келди, улар 40-режимда божхонадан ўтказилди. Бунда 1-«Декларация тури» устунининг учинчи кичик бўлимида «1» кўрсатилган, чунки машиналар устав фондига киритилган эди. Ҳозир эса уларни сотмоқчимиз. Бироқ улар имтиёзли асосда, яъни ўз эҳтиёжларимиз учун олиб кирилганлиги боис, БЮДни ўзгартирмасдан уларни сотиб бўлмайди. Ушбу вазиятда нима қилишимиз керак? Декларациянинг 1-устунига ва автомашиналарни олиб кириш мақсадига мувофиқ тўлдирилган бошқа бирор-бир устунларга ўзгартиришлар киритиш керакми? Ушбу таомил қандай амалга оширилади?

А.Зимин, тижорат директори.

 

– Божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзларни қўллаган ҳолда эркин муомалага чиқариш божхона режимидан фойдаланиш ўз хусусиятларига эга. Масалан, ушбу режимда жойлаштирилган инсонпарварлик ёрдами божхона тўловларидан тўлиқ озод этилади, бироқ бунда гуманитар товарларни тўлиқ ёки қисман сотиш тақиқланади.

Товарларни хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг устав капиталига ҳисса сифатида олиб киришда ҳам чеклашлар назарда тутилган. Мазкур ҳолда ҳам эркин муомалага чиқариш режими эълон қилинади, бироқ олиб кирилаётган товарлар божхона божини тўлашдан, технологик жиҳозлар эса ҚҚС тўлашдан ҳам озод этилиши сабабли уларни сотишни тақиқлайдиган шартли чиқариш талаблари қўлланади. «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимига мувофиқ шартли чиқариб юборилаётган товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга1 (бундан кейин – Низом) мувофиқ шартли чиқариш – божхона органлари томонидан божхона расмийлаштирувидан ўтган товарлар ва транспорт воситаларини белгиланган чеклашлар, талаблар ёки шартларга риоя этиш мажбуриятларини олган шахсларнинг тасарруфига топширишдир. Шартли чиқаришда товарлар ва транспорт воситалари божхона назорати остида бўлади. Улардан шартли чиқаришга рухсат берилгандан бошқа мақсадда фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Низомга кўра шартли чиқариш божхона расмийлаштируви, хусусан, сақлаш, қўллаш ва фойдаланишнинг алоҳида шартлари ва талабларини тақозо этадиган «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига мувофиқ амалга ошириладиган товарларга нисбатан қўлланиши мумкин. Сизнинг транспорт воситаларингиз ҳам улар сирасига киради.

 

ШАРТЛИ ЧИҚАРИШДА РАСМИЙЛАШТИРИШ

Шартли чиқариладиган товарларнинг божхона расмийлаштируви фаолият минтақасида уларни олувчи жойлашган божхона постида 2 босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда тўлиқсиз божхона юк декларацияси (ТБЮД), иккинчи босқичда эса шартли чиқаришда тўлиқ божхона юк декларацияси (БЮД) тақдим этилади. Унга ҳам ТБЮДдагидек рақам берилади ва улар бир-бирининг ажралмас қисми ҳисобланади.

ТБЮД ва БЮД, шунингдек божхона расмийлаштируви учун зарур ҳужжатлар қоғоз шаклида ёки электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.

Божхона пости БЮДни тақдим этиш муддатлари ва шартли чиқарилган товарлардан фақат улар чиқарилган мақсадда фойдаланилишини назорат қилади. Уларнинг бут сақланиши ва мақсадли фойдаланилиши учун шартли чиқаришга рухсат олган шахс жавобгар бўлади.

БЮД Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг2 (бундан кейин – 834-сон Йўриқнома) 6-бўлимига мувофиқ тўлдирилади. Агар, сизнинг ҳолатингиздагидек, импортчи ўзининг эҳтиёжлари учун мўлжалланган маҳсулотни олиб кирса, 1-«Декларация тури» устунининг учинчи кичик бўлимида «1» рақами қайд этилади.

37-«Таомил» устунида олиб ўтиш таомили кодининг охирги икки рақами (Товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиш таомилининг классификатори – 834-сон Йўриқномага 2-иловага мувофиқ белгиланади) олиб ўтишнинг хусусиятини кўрсатади.

Сизнинг товарларни хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар устав фондига ҳисса сифатида олиб кириш ҳолатингизда «14» рақам кўрсатилиши керак.

44-«Қўшимча ахборот/тақдим этиладиган ҳужжатлар» устунида 6 рақами остида Божхона тўловлари классификаторига (834-сон Йўриқномага 10-илова) мувофиқ божхона тўлови турининг коди кўрсатилади. Сизнинг ҳолатингизда бу – «20» рақами билан қайд этиладиган олиб кириш божхона божидир. Шунингдек Божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзнинг борлигини тасдиқлайдиган ва БЮДнинг 44-устунида маълумотларни эълон қилганда фойдаланиладиган ҳужжатларнинг классификаторига (834-сон Йўриқномага 12-илова) мувофиқ божхона тўловларидан озод қилишни назарда тутадиган ҳужжатнинг тури, рақами ва санаси кўрсатилади. Сизнинг ҳолатингизда «ЗОТТ ХХ/ХХ» коди ва, тегишинча, ҳужжат тури бўлимида «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуннинг3 33-моддаси кўрсатилади.

 

ДЕКЛАРАЦИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ

БЮДда товарлар импортининг мақсадини ўзгартириш учун уни қайта расмийлаштириш, яъни илгари расмийлаштирилган декларацияни бекор қилиш ва янгисини расмийлаштириш лозим. Ушбу таомилни Божхона юк декларацияларига тузатиш киритиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом4 белгилайди, у БЮДнинг барча расмийлаштирилган қоғоздаги ёки электрон шаклларига татбиқ этилади.

Товар эгаси ёки божхона брокери ДБҚ ҳудудий бошқармасининг бошлиғига ариза билан ёзма мурожаат қилиши керак, унда декларацияга ўзгартириш киритиш заруратини юзага келтирган сабаблар кўрсатилади. Аризага шартнома (битим) нусхаси, дастлабки расмийлаштирилган БЮДнинг 3, 5, 6-сон нусхалари, БЮДни божхонада расмийлаштиришда фойдаланилган ҳисобварақ-фактура нусхалари ва товарга илова қилинувчи бошқа ҳужжатларни қўшиб тақдим этишингиз керак. Қарор қабул қилиш учун уларга аризачи тақдим этган бошқа зарур ҳужжатлар ҳам қўшимча қилиниши мумкин.

БЮДга тузатишлар киритиш, уни қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш масалалари бўйича мурожаат қилиш муддатлари БЮДни сақлаш муддатидан ошмаслиги керак.

Аризани ДБҚБ бошлиғи ҳудудий божхона органида тузилган махсус комиссияга кўриб чиқиш учун юборади. Аризани кўриш чоғида комиссия юкларни олиш ёки жўнатиш билан боғлиқ барча материалларни синчиклаб кўриб чиқади, БЮДни қайта расмийлаштириш заруратини юзага келтирган сабабларга алоҳида эътибор қаратади. Комиссия мазкур масалани ҳал қилиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 10 иш кунидан кечиктирмай қарор чиқаради.

Қарор ҳудудий божхона органи бошлиғининг биринчи ўринбосари ва комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан имзоланади, ДБҚБ бошлиғи томонидан тасдиқланади ҳамда кейинчалик БЮДга тузатиш киритиш, қайта расмийлаштириш ва БЮД маълумотлар базасидаги электрон нусхасига ўзгартириш киритиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Ижобий қарор чиқарилганда у икки нусхада тузилади, биринчи нусхаси тақдим этилган ҳужжатлар билан комиссиянинг йиғмажилдида сақланади, иккинчи нусхаси БЮД қоғоз шаклининг биринчи нусхаси (божхона учун нусха) ёки БЮД электрон шаклининг қоғоз нусхаси билан бирга божхона пости иш ҳужжатига тикилади. Зарурат туғилганда бошқа манфаатдор шахсларга қарордан кўчирма берилади.

Бошланғич БЮДни расмийлаштирган божхона постида янги декларация расмийлаштирилади. Бунда унга аввалги бекор қилинаётган БЮДнинг маълумот рақами ва юкни чиқариш санаси берилади. Янги БЮДнинг 50-«Ишончнома берувчи» устунида аввалги декларацияни бекор қилган қарор ёки билдирги рақами ва санаси ёзилади.

Маълумот учун! Автомашиналарни олиб кириш мақсади ўзгартирилганлиги сабабли сизнинг имтиёзларингиз бекор қилинади. Шу сабабли БЮДни қайта расмийлаштираётганда тегишли божхона тўловларини тўлашингиз лозим.

1ДБҚнинг АВ томонидан 9.09.2004 йилда 1404-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2ДБҚ тасдиқлаган, АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

329.08.1997 йилдаги 470-I-сон.

4ДБҚнинг АВ томонидан 24.09.2010 йилда 2143-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 996 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика