Корхонамиз акцизланадиган маҳсулот – ўсимлик мойи ишлаб чиқаради. Ишлаб чиқаришда технология бўйича акцизланадиган табиий газдан фойдаланилади. Газдан кўп фойдаланишимиз боис тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган газ учун тўланган акциз солиғи суммасини чегириш ҳуқуқига эгамизми?
– Солиқ кодексининг 237-моддасига мувофиқ солиқ тўловчи – акцизланадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи, акциз тўланадиган товарлар олинаётганда ёки Ўзбекистоннинг божхона ҳудудига импорт қилинаётганда, агар мазкур товарлардан кейинчалик акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида фойдаланилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўланган акциз солиғи суммасини чегириб ташлаш ҳуқуқига эгадир.
Акциз тўланадиган товар (хом ашё) етказиб берувчилар мазкур товар (хом ашё) бўйича акциз солиғи суммасини ҳисобварақ-фактурада ажратиб кўрсатишлари керак. Олинаётган акциз тўланадиган товар (хом ашё) бўйича акциз солиғи суммаси ҳисобварақ-фактурада ажратиб кўрсатилмаган бўлса, акциз солиғининг мазкур суммаси чегириб ташланмайди. Чегирма солиқ даврида реализация қилинган акциз тўланадиган товарлар ҳажмига тўғри келадиган акциз тўланадиган товар (хом ашё) ҳажмидан келиб чиққан ҳолда аниқланган акциз солиғининг ҳисобварақ-фактурада ёки божхона юк декларациясида кўрсатилган суммасига нисбатан амалга оширилади.
Ушбу қоида қайта ишлашга берилган акциз тўланадиган хом ашё ва материаллардан тайёрланган акциз тўланадиган товарлар топширилаётганда ҳам қайта ишлашга берилган акциз тўланадиган хом ашё ва материалларнинг мулкдори акциз солиғи тўлаганлигини тасдиқлаши шарти билан қўлланилади.
Ўсимлик мойи ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган табиий газ унинг хом ашёси таркибига кирмаганлиги боис унинг учун тўланган акциз солиғи суммаси тайёр маҳсулот учун акциз ҳисоб-китоби чоғида чегирилмайди.
Саволларга Молия вазирлиги Солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармасининг эгри солиқлар ва
божхона тарифларини тартибга солиш бўлими бошлиғи ўринбосари Дилфуза ШУКУРОВА жавоб берди.