Тошкентда қуриб битказилмаган 4 асосий ва 3 ёрдамчи биноси қурилган, майдони
230 кв.метр бўлган 10 та яшаш хонаси, 4,5 сотих ер участкаси бўлган, нархи 375 млн сўмлик турар жойни сотиб олишни истайсизми? Ёки 38,5 млн сўмга ёрдамчи хоналари бўлган, майдони 100 кв.метрдан ошадиган 6 хонали бир қаватдан иборат уй сотиб оласизми?
Бу жавоби аён бўлган савол эмас, балки ОАВларимизда учрайдиган эълонларнинг мазмуни. Вақти-вақти билан Тошкентда ва республика минтақаларида суднинг ҳал қилув қарори билан ундирув қаратилган уй ва квартираларни сотиш бўйича кимошди савдолари ўтказилади. Албатта, савдолар жараёнида нарх ошади, бироқ барибир у ғоятда жозибали бўлиб қолаверади.
Кимошди савдоларида қандай қилиб иштирок этиш мумкин ва бундай турар жойни харид қилишда қандай қийинчиликларга тўқнаш келинади? Агар сиз кўчмас мулк¬ни кимошди савдосида харид қилмоқчи бўлсангиз, ана шу ва бошқа саволларга жавоблар сизга керак бўлиб қолади.
Республикада кўчмас мулкнинг кимошди савдоларини Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш тартиби тўғрисидаги низом (Президентнинг 31.08.2006 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-458-сон қарори билан тасдиқланган) белгилайди.
БУ ЙЎЛ КИМОШДИ САВДОСИГА ОЛИБ БОРАДИ
Аввало шуни айтиш лозимки, савдога қўйиладиган турар жой мулкдордан Фуқаролик кодексининг 25-моддасига асосан тўланмаган қарзлар ҳисобига олиб қўйилган бўлиб, унга кўра қарздор ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига қарашли бутун мол-мулки билан жавоб беради. Бу солиқларни, коммунал тўловларни, ипотека кредитини тўлаш бўйича қарз бўлиши мумкин. Бундан ташқари, кўчмас мулк унинг эгасининг мажбуриятлари бўйича гаров бўлиши мумкин. Бунда шуни билиш лозимки, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.2001 йилдаги 258-II-сон) 52-моддасига кўра ундирув кишининг ягона уй-жойига, агар у қарздор ва унинг оиласининг доимий яшаш жойи бўлса, қаратилиши мумкин эмас.
Бироқ айни вақтда, агар ижро ҳужжатида ундирувни айни шу турар жойга (квартирага) қаратиш назарда тутилган бўлса ёки мазкур кўчмас мулк мажбурият бўйича гаров ашёси ҳисобланса, у олиб қўйилиши ва кимошди савдосида сотилиши мумкин. Чунки ундирувни кўчмас мулкнинг аниқ объектига қаратиш тўғрисидаги қарорни суд қабул қилади, ижрочи эса фақат уни бажаришга мажбур. Шунингдек ундирувчи ёки суд ижрочиси қарзни алоҳида турган бино ҳисобига турар жой ёки унинг муайян қисми доирасида қоплаш тўғрисида илтимос қилиши мумкин. Бундай ҳолда суд мазкур кўчмас мулкни бўлиш ва қарздор ҳамда унинг оиласининг нормал яшашини таъминлаш мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилиши керак.
Шуни айтиш лозимки, агар кўчмас мулкка нисбатан суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган бўлсагина, уни кимошди савдоларига бериш мумкин. У Суд департаментига берилади, сўнгра мажбурий ижро этиш чоралари (мол-мулкни хатлаш ва кўздан кечириш, шунингдек унинг мустақил баҳоловчи томонидан баҳоланиши) кўрилганидан кейин мазкур кўчмас мулкка доир тегишли ҳужжатларни риэлторлик компанияси – кимошди савдоларининг ташкилотчиси олади.
Агар сиз кўчмас мулкни кимошди савдосида харид қилмоқчи бўлсангиз, аввалги эгасининг қарзлари сизга тааллуқли эмаслигини билишингиз керак. Сиз уй ёки квартирани қарзларсиз сотиб оласиз, бу эса, шубҳасиз, сиз учун энг қулай шартдир.
БИЛМОҚ ВА ИШТИРОК ЭТМОҚ
Кимошди савдолари ўтказилишидан хабардор бўлиш қийин эмас. Савдони ташкил этадиган риэлторлик компаниялари кимошди савдоларидан бир ой аввал маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълонлар чоп этадилар. Унда кўчмас мулк объекти, унинг бошланғич нархи, савдоларни ўтказиш вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотлар хабар қилинади, шунингдек уларда иштирок этиш шартлари қайд этилади.
Кимошди савдоларида исталган кишилар иштирок этиши мумкин, бундан суд ижрочилари, Суд департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари, солиқ, молия, божхона, суд ва бошқа органларнинг ходимлари, шунингдек сотилаётган кўчмас мулкни кўздан кечирган ва баҳолаган ташкилотларнинг мутахассис ва ходимлари мустасно.
«12 стул» кинофильмининг унутилмас қаҳрамонларининг аҳволига тушиб қолмаслик учун кимошди савдоларида иштирок этиш шартларини диққат билан ўрганиб чиқинг (хотирангизда бўлса, улар бриллиантлар яширилган мебелнинг орзиқиб кутилган ашёсини арзимаган 30 рубль кимошди савдоси йиғими туфайли қўлдан бой берган эдилар). Ёдда тутинг: эълонда кўрсатилган тўловлардан ташқари, даъвогардан қўшимча тўловлар талаб қилинмайди. У закалат–хабарномада кўрсатилган объектнинг бошланғич қийматидан муайян фоиз тўлаши керак, – энг кам ставка 10%ни ташкил қилади. Кимошди савдолари фақат битта кўчмас мулк объектига камида икки нафар хоҳловчи даъвогар бўлгандагина ўтказилиши мумкин, акс ҳолда улар «ўтказилмаган» ҳисобланади.
Кимошди савдоси олдидан даъвогарлар уй (квартира) билан таниша оладиган кун белгиланади. Баъзи ҳолларда улар бунда уйга кишилар прописка қилинганлиги ва (ёки) бутун бир оила яшашини аниқлайдилар. Савдо ташкилотчилари бўлғуси харидорларга, улар қиладиган харажатларини реал баҳолай олишлари учун сотилаётган кўчмас мулк камчиликларини (томдан чакка ўтиши, поллари чириганлиги, канализация, иситиш тизими ишламаслиги) намойиш этишлари шартдир.
Айни ушбу босқичда хариднинг мақсадга мувофиқлиги масаласи юзага келади. Шуни эътиборда тутингки, бундай кўчмас мулк харид қилинганда истиқболда сиз яна бир суд билан тўқнаш келишингиз мумкин – агар улар бўлса, уйдаги аввалги яшовчиларни кўчириш масаласида.
Шуни ҳам ёдда тутингки, бўлғуси харидни кўздан кечиришда суд ижрочиси ва кимошди савдоларини ташкил этувчи компанияда суднинг ҳал қилув қарори мол-мулкни қарздор билан янги мулкдор ўртасида бўлишни назарда тутиши ёки тутмаслигини билиб олиш ортиқчалик қилмайди. Бундай ҳолларда сизнинг у билан бир уйда яшашингизга тўғри келишини ҳисобга олинг. Агар уйда ҳеч ким яшамаса (кўпинча шундай бўлади ҳам) унда ҳеч ким прописка қилинган-қилинмаганлигини аниқлашга ҳаракат қилинг.
СОТИБ ОЛАСИЗМИ ЁКИ ЙЎҚМИ?
Зарур ахборотни паспорт столидан ва кўпроқ БТИ (техник инвентаризациялаш бюроси) деб танилган маҳаллий кадастр органидан олиш мумкин. Дарвоқе, бундай хариднинг барча – маънавий ва моддий қийинчиликларига қарамай, ижобий томони ҳам бор. Келгусида молиявий харажатлар ва куч-ҳаракатлар жалб этилиши мумкинлиги туфайли бундай квартираларнинг нархи мослашувчан тусга эга. Сотилаётган турар жой талабга эга бўлиши ва кимошди савдосида тез сотилиши учун у зарур.
Шуни айтиш лозимки, қонун ҳужжатларига мувофиқ кўчмас мулк дастлабки мулкдорига қуйидаги ҳолларда қайтарилиши мумкин:
l мол-мулкни давлат даромадига қаратиш тўғрисида суд ҳал қилув қарори ёки ваколатли орган қарорининг бекор қилиниши;
l мол-мулк бир қисмини банддан озод қилиш (уни хатловдан чиқариш) тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши;
l қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Агар бундай кўчмас мулк кимошди савдосига берилган бўлса-да, ҳатто гаров киритилган ва савдоларга тайёрлаш бошланган бўлса-да, уни ўтказишни тўхтатиб қўйиш мумкин. Мазкур ҳолда гаров қайтарилади ёки ундан бошқа лот бўйича савдоларда иштирок этиш учун фойдаланиш мумкин.
У ёки бу объектни сотишни тўхтатиб қўйиш тўғрисида суд ижрочиси савдоларни ташкил этиш бўйича компанияни ёзма равишда огоҳлантириши шарт, у эса ўз навбатида савдолар тўхтатилиши тўғрисидаги эълонни уни ўтказиш хабар қилинган нашрларнинг ўзида чоп этади.
ТЎЛОВИ ТОНГДА – ТОВАР ТУНДА
Кимошди савдоларининг белгиланган куни ва вақти тўғрисида олдиндан ОАВда хабар қилинади. Уларда иштирок этишга буюртманомаларни қабул қилиш савдолар бошланишига бир кун қолганда тўхтатилади. Қонун бир нечта кўчмас мулк объекти бўйича савдоларда бир вақтда иштирок этишни тақиқламайди. Агар сизда савдоларда иштирок этиш имконияти бўлмаса, буни вакилингиз қилиши мумкин.
Кимошди савдолари иштирокчисига айланиш учун савдолар ташкилотчисига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш керак:
l буюртманома;
l кимошди савдосини ўтказиш хабарномасида назарда тутилган ижро ҳужжатининг рақами ва санаси кўрсатилган ҳолда савдолар ташкилотчисининг банк ҳисобрақамига закалат киритилганлигини тасдиқлайдиган тўлов ҳужжати (квитанция) нусхаси. Агар сиз бир нечта кўчмас мулк объектини харид қилмоқчи бўлсангиз, ҳар бир закалат алоҳида-алоҳида тўланиши ва алоҳида квитанция билан тасдиқланиши керак;
l белгиланган тартибда тасдиқланган ишончнома (вакиллар учун);
l чет эллик юридик ва жисмоний шахслар қўшимча равишда улар тўлайдиган миллий валюта (сўм) суммаларининг легитимлиги тўғрисида маълумотларни тақдим этишлари керак.
Тошкентда турар жойни кимошди савдоларида харид қилишни хоҳловчилар жуда кўп деб бўлмайди. Мухбиримиз ана шундай савдоларнинг бирида бўлди. Уларда ушбу материал бошида айтилган ўша 2 уй сотилди. Уларнинг ҳар бири учун 2 харидор «курашди» (эслатиб ўтамиз, бундан кам бўлиши мумкин эмас). Қиёслаш учун айтамиз: ўша залнинг ўзида кўчмас мулк сотилганидан кейин ундирув қаратилган автомобиллар бўйича савдолар ўтказилиши керак эди. Бу савдолар анча кўпроқ қизиқиш уйғотди.
Ҳар бир иштирокчига унинг рақами, кўчмас мулк объектининг номи, ижро ҳужжатининг рақами ва санаси кўрсатилган карточка берилди.
Савдоларни олиб борувчи савдо қадамини тайинлади, у бошланғич қийматнинг 1–10%и доирасида белгиланади ва лотнинг хусусияти ва унга бўлган талабга боғлиқдир. Жараён иштирокчилар фаоллиги ошганда ошиши ёки қизиқиш бўлмаганда пасайиши мумкин.
Биринчи уйнинг бошланғич нархини айтгач, олиб борувчи сўрайди: «Ким кўпроқ?». У ижро ҳужжатининг хусусияти ва рақамини айтади. Даъвогарлар савдоларда иштирок этишга розилик белгиси сифатида карточкаларини юқорига кўтарадилар.
Энг кўп нархни таклиф қилган даъвогарнинг рақами уч марта такрорлангач, олиб борувчи болғачани стол устига уради: «Сотилди».
Журналист сифатида турли қизиқарли вазиятларни кутганимга қарамай, иккинчи уй савдоси ҳам тинч ўтди. Умуман олганда, иккала уйнинг сотилишига 15 дақиқагина сарфланди.
Савдоларни ўтказиш натижалари бўйича ғолиблар баённомаларни имзоладилар, акс ҳолда кимошди савдолари ўтмаган ҳисобланади. Шуни қайд этиш жоизки, бу ерда тўловни чўзишга ўрин йўқ. Ғолиб 5 банк куни мобайнида лотни тўлиқ (закалат суммасини чегирган ҳолда) тўлаши шарт. Акс ҳолда олдиндан тўланган ҳақ суммаси кимошди савдолари харажатларини тўлаш ҳисобига ва давлат хазинасига ўтиб кетади.
Ёдда тутинг, сизнинг кимошди савдоларида кўчмас мулкни харид қилиш харажатларингиз фақат савдо натижасида шаклланган унинг якуний қийматига тенг. Ҳеч қандай қўшимча тўловлар талаб қилинмайди.
Савдоларнинг қолган иштирокчиларига келсак, уларга 5 банк куни мобайнида бутун закалат суммаси қайтарилади. Келгусида бундан бошқа савдоларда иштирок этишга тўлов учун фойдаланиш мумкин.
Суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимининг катта суд ижрочиси томонидан тасдиқланган кимошди савдолари натижалари тўғрисидаги баённома олди-сотди шартномаси кучига эга, у мулк ҳуқуқини тасдиқлайдиган расмий ҳужжат ҳисобланади ва нотариал тасдиқланмайди. Унинг асосида харид қилинган кўчмас мулк «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасида рўйхатдан ўтказилади.
Хотимада шундай демоқчиман: сизнинг кўчмас мулкингиз кимошди савдоларига қўйилмаслиги ва уни кимдир сотиб олмаслиги учун ўз мажбуриятингиз бўйича ҳақни ўз вақтида ва тўлиқ тўланг. Акс ҳолда сизнинг уйингиз ҳам кимошдига тушиши эҳтимолдан холи эмас.
Ольга КИРЬЯКОВА, мухбиримиз.