Norma.uz

Туристик фирма: хизмат доирасидан чиқилмаган

Туристик фирма: хизмат доирасидан чиқилмаган

 

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Самарқанд вилоят ДСБ ходимлари «Legand Do Samarkand M7» хусусий туристик фирмаси томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳамда амалга оширилган валюта ва экспорт-импорт операцияларининг қонунийлигини  режали текширувдан ўтказдилар. Унинг натижалари бўйича қабул қилинган қарорда бир қатор ҳуқуқбузарликлар кўрсатилди. Хусусан, компаниянинг чет эллик мижозлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлар ташкил этишдан олинган валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотиш тартибига риоя этмаганлиги далили аниқланди. Бунга асосланиб, турфирма томонидан хусусий туристик фирмалар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзларнинг қўлланиши асоссизлиги ва валютани мажбурий тартибда ваколатли банклар орқали сотиш шартлиги тўғрисида қарор чиқарилди. Турфирма бунга қўшилмади ва Самарқанд вилоят хўжалик судига ушбу қарорнинг олтинчи бандини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди.

 

 

ТУРИСТИК КОМПАНИЯНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

Мазкур ҳолда солиқ органининг қарори қонуний эмас. Кичик бизнес субъекти мақомига мувофиқ келадиган компания фаолиятини давлат рўйхатидан ўтиш ва лицензия олиш асосида амалга оширади. У ўз номидан турларни ташкил этиш бўйича бутун фаолиятини, шу жумладан Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида агентларни жалб этган ҳолдаги фаолиятини ўзи кўрсатадиган хизматлар деб ҳисоблайди. Шу сабабли у валюта тушумининг бир қисмини сотиш мажбуриятидан озод.

 

СОЛИҚ ОРГАНИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

ДСБ компаниянинг валюта тушуми қисмидаги ҳаракатини ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолайди. Унинг моҳияти шундан иборатки, турлар ташкил этиш бўйича фаолиятнинг бошқа шаҳарлардаги ҳамкор агентларни шартнома асосида жалб этиш билан боғлиқ қисми ўзи кўрсатган хизматлар таърифига мувофиқ келмайди. Айни шу боис бу бўйича олинган валюта тушуми мажбурий сотилиши керак. Шунга асосан ДСБ раҳбарининг тегишли қарори чиқарилади.

 

БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ СУДИНИНГ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди солиқ бошқармасининг қарорида келтирилган квалификация баҳосига, яъни компания ўзининг фаолиятига Вазирлар Маҳкамасининг «Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» (29.06.2000 йилдаги 245-сон), «Валюта бозорини янада эркинлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» (22.06.2001 йилдаги 263-сон) қарорлари, Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидалари1 (бундан кейин – 2195-сон Қоидалар) билан назарда тутилган имтиёзларни асоссиз равишда қўллаганлигига қўшилди. Шунга асосан суд даъвони қондиришни рад этди.

 

АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ  СУДИНИНГ ҚАРОРИ

Иккинчи инстанция суди ишга доир барча ҳолатлар ва материалларни янгидан ўрганиб чиқиб, биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилди ва туристик компаниянинг даъво талабини қонуний деб топди. Қарорнинг ҳуқуқий асослашдаги камчиликларини бартараф этиб, апелляция суди, хусусан, қуйидаги меъёрларга мурожаат қилди:

«Туризм тўғрисида»ги Қонун (20.08.1999 йилдаги 830-I-сон, бундан кейин – Қонун) 3-моддасининг ўнинчи хатбошисига кўра туристик хизматлар – туристик фаолият субъектларининг жойлаштириш, овқатлантириш, транспорт, ахборот-реклама хизматлари кўрсатиш борасидаги, шунингдек туристларнинг эҳтиёжларини қондиришга қаратилган бошқа хизматлари;

туристик хизматлар Қонунда хизматларнинг алоҳида тоифасига ажратилган ва Фуқаролик кодексининг 81-моддасига асосан улар фуқаролик ҳуқуқларининг мустақил объектига киради. Шу сабабли уларни квалификациялашни фақат комплексда амалга ошириш тўғри бўлади, Қонун билан уларнинг таркибига киритилган алоҳида хизматни кўриб чиқиш лозим эмас. Айни шу боис туристик фаолият субъекти кўрсатадиган, туристик хизматлар таркибига кирадиган хизматлар мазкур Қонунга кўра ўз хизматлари сифатида квалификацияланади;

бундай хизматлар 2195-сон Қоидалар 5-бандининг бешинчи хатбошисида келтирилган «ўзи ишлаб чиқарган хизмат» таърифига мос келади;

2195-сон Қоидалар 1-бандининг учинчи хатбошисига кўра хизматларни экспорт қилиш – ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) жойидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси томонидан чет давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси учун ишларни бажариш, хизматлар кўрсатишдир;

245-сон Тартиб 3-бандининг «е» кичик бандига кўра хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан микрофирмалар ва кичик корхоналар ўзлари кўрсатган хизматлар экспортидан келиб тушадиган валюта тушуми қисмида озод этиладилар.

Келтирилган барча асослардан келиб чиқиб, апелляция суди биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилди ва солиқ органининг қарорини қонунга хилоф деб топди.

 

БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ СУДИДА МУҲОКАМА ЯКУНЛАРИ БЎЙИЧА

ДАЪВОГАРНИНГ ҲАРАКАТЛАРИ

Туркомпания белгиланган тартибда суднинг апелляция инстанциясига мурожаат қилди, шунингдек ташаббус кўрсатиб чигал масалага адлия, назорат органлари ва оммавий ахборот воситаларининг эътиборини қаратди. Хусусан, компания менежери газетамиз таҳририятига хат ёзди. У эксперт юридик хизмати раҳбарининг шарҳи билан «Норма маслаҳатчи» газетасида чоп этилди («Ўзимиз кўрсатадиган туристик хизматлар», 6.11.2012 йилдаги 44 (381)-сон)*. Ўз томонидан прокуратура иш материалларини талаб қилиб олиб ва ўрганиб чиқиб, судга апелляция тартибида биринчи инстанция судининг қарорига протест юборди. Унда, хусусан, прокурор Хўжалик процессуал кодекси 11, 135, 169-моддаларининг талаблари бузилганлигини кўрсатиб унда шошилиб, етарлича ҳуқуқий далиллаш келтирилмаганлиги, суд томонидан Адлия бошқармасининг Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартиби2 (бундан кейин – 245-сон Тартиб) 3-бандининг «е» кичик бандини қўллаш бўйича тушунтириш хати эътиборга олинмаганлиги қайд этилди. Мазкур хатда хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан микрофирмалар ва кичик корхоналар ўзлари кўрсатган хизматлар экспортидан тушадиган валюта тушуми қисмида озод этилиши қоидаси мустаҳкамланган эди. Шуларга асосан прокурор биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилишни сўради ва ишни қонуний ҳамда холисона кўриб чиқиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида уни апелляция тартибида қайта кўришни таклиф қилди.

 

ШАРҲ

Холисона шуни тан олиш лозимки, туристик компания билан назорат қилувчи орган ўртасидаги низода низо объектини тўғри квалификациялаш, муаммони ҳал қилиш механизмининг барча тарқоқ компонентларини тўлиқ даражада ва балансланган ҳолда ҳисобга олиш енгил бўлмади. Ҳуқуқий далиллашни ипидан игнасигача, пухта тайёрлаб олмаган ва энг муҳими, туристик бизнеснинг иқтисодий табиати ва ўзига хос жиҳатларига баҳо бера олмаган биринчи инстанция суди қарорининг ночорлиги муайян даражада шу ҳол билан изоҳланади. Бироқ хўжалик жараёни тарафларининг тортишув қоидасини амалга ошириш ишнинг боришидаёқ оралиқ нотўғри қарорларни бартараф этиш имконини берди. Тарафларнинг низоси ва жараённинг бошқа иштирокчиларининг ҳаракатлари амалдаги меъёрий базада давлат ва тадбиркорларнинг туризм соҳасидаги муносабатларини тўлиқ тартибга солиш механизми мавжудлигини кўрсатди.

 

1МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2ВМнинг 29.06.2000 йилдаги «Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 245-сон қарори билан тасдиқланган.

___________________________________________________

*«Солиқ инфо» газетаси таҳририяти бундай саволларни олгач, уларни Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Эксперт кенгашига юборган. Ушбу муаммони таҳлил этиб, Эксперт кенгаши ДСҚнинг 6.01.2013 йилдаги 13/3–235-сон хати билан қабул қилинган қарор, унинг матни қуйидаги мазмундадир: Туристик фирма ўз ичига транспорт хизмати кўрсатиш, яшаш бўйича хизматлар, овқатлантириш, экскурсия хизмати кўрсатиш, маданий, спорт дастурларини ташкил этиш ва тур доирасида бошқа хизматларни оладиган туристик хизматлар мажмуини амалга оширишини ҳисобга олиб, мазкур хизматлар мажмуи туристик фирма учун ўзлари кўрсатган хизмат деб ҳисоблансин.

www.soliqinfo.uz

Сайёра ҲАКИМОВА,

экспертимиз.

Прочитано: 1423 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика