Norma.uz

Қайнонанинг норозилиги оила бузилишига сабаб бўлолмайди

2012 йилда ўғлим уйланди. Яқинда эса келинимиз илгари судланганлигини билиб қолдим. Агар буни аввалроқ билганимизда никоҳга розилик бермаган бўлардик. Ҳозир уларнинг никоҳини ҳақиқий эмас деб эътироф этиш мумкинми?

Светлана М.

 

– Йўқ, мумкин эмас. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш учун Оила кодекси (ОК)нинг 49-моддаси билан белгиланган ҳоллар рўйхати батафсил тусга эга ва кенгайтириб талқин этилмайди. Шу сабабли никоҳланувчи шахсларнинг бири бундан аввалги никоҳ (ажрашиш) ҳолларини яшириши; болаларининг борлиги ёки соғлиғининг ҳолатига кўра уларга эга бўла олмаслик; касаллигини (таносил касаллиги ёки ОИВ касаллигидан ташқари), судланганлигини яшириш сингари ва бошқа ҳоллар никоҳни ҳақиқий эмас деб топишга олиб келадиган асослар сифатида қаралиши мумкин эмас. Қуйидаги ҳоллар никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос ҳисобланади:

а) никоҳланувчилар ёки улардан бирининг никоҳ тузишга ўз хоҳиши билан рози бўлмаслиги. Никоҳ тузишдаги «ирода етишмаслиги»ни турли сабаблар тақозо этиши мумкин. Ҳуқуқшунослар уларнинг асосийларига қуйидагиларни киритадилар: никоҳ тузишга мажбур қилиш (жисмоний ёки руҳий зўравонликни қўллаш ёки қўллаш билан таҳдид қилиш); шахснинг никоҳ тузиш пайтида ўз ҳолати туфайли нима қилаётганлигини билиш ва ўзини бошқариб туришга қодир эмаслиги (наркотик ёки алкоголь туфайли маст бўлиш, оғир касаллиги). Кўпинча никоҳлар келиннинг розилигисиз тузилади. Никоҳни ушбу асосга кўра ҳақиқий эмас деб топиш ҳоллари ғоятда оз учрайди, чунки жабрланувчилар одатда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилмайдилар;

б) агар никоҳ ёши қонун билан белгиланган тартибда пасайтирилмаган бўлса, никоҳланувчи шахсларнинг (ёки улардан бирининг) бундай ёшга етмаганлиги. Баъзан никоҳ ёшига етмаган ва ҳокимнинг бундай ёшни пасайтириш тўғрисида қарорига эга бўлмаган шахс билан никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ФҲДЁ ходимлари қонунни бузадилар ёки ёш тўғрисида сохта маълумотларни тақдим этиб, никоҳланувчилар ёки улар ота-оналари ёлғонга йўл қўядилар;

в) никоҳ тузган шахсларда (ёки уларнинг бирида) рўйхатдан ўтказилган бошқа никоҳнинг мавжудлиги. Бизнинг қонунчилигимиз фақат битта рўйхатдан ўтказилган никоҳ бўлишини назарда тутади. Биттага никоҳланиш қоидасини бузиш никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос ҳисобланади;

г) насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузилиши. ОК 165-моддасининг биринчи қисмига кўра фарзандликка олинган болалар барча шахсий ва мулкий ҳуқуқларда фарзандликка олувчининг ўз болаларига тенглаштирилади. Айни шу сабабли фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузилиши ҳам никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос ҳисобланади;

д) уларнинг лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида никоҳ тузилиши. Бундай шахс ўзининг ҳаракатлари маъносини англамайди ёки уларни бошқара олмайди ва, бинобарин, никоҳланишга ўзининг онгли хоҳишини ифодалашга қобил эмас. Қонун ҳужжатлари васий ёки вакил орқали никоҳ тузишга йўл қўймаслиги боис руҳияти бузилиши оқибатида муомалага лаёқатсиз инсон билан никоҳ тузиш никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос ҳисобланади;

е) сохта никоҳ тузиш. Сохта никоҳнинг асосий аломати никоҳ тузиш асослари эмас, балки оила барпо этиш ниятининг йўқлиги ҳисобланади. Агар шахслар мулкий ёки бошқа манфаатларни кўзлаб никоҳлансалар ва бу орқали оила барпо этишса, бундай никоҳ сохта деб қаралиши мумкин эмас. Бундай ҳолда фақат никоҳ ғаразли мақсадларни кўзлаб тузилган де-йиш мумкин.

Унинг сохталиги оқибатида никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш осон эмас, чунки эр-хотин ёки уларнинг бирида оила барпо этиш ниятининг йўқлигини исботлаш жуда қийин бўлади. Зеро улар биргаликда яшашга мажбур эмаслар, шу боис ҳам биргаликда яшаш жо-йининг йўқлиги никоҳни сохта деб топиш учун асос ҳисобланмайди;

ж) никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда, агар иккинчиси судга шундай талаб билан мурожаат этса. Касалланишнинг мавжудлиги эмас, балки никоҳга кираётганда уни яшириш ҳолининг ўзи ҳуқуқий аҳамиятга эга. Зеро ушбу ҳолда эр (хотин) ва бўлғуси болаларнинг соғлиғи (баъзан эса ҳаёти ҳам) хавфга қўйилади. Шуни ҳам билиш лозимки, ўзида таносил касаллиги борлигини била туриб, бу касални бошқа шахсга юқтириш, била туриб бошқа шахсни ОИВ касаллиги (ОИТС) юқтириш хавфи остида қолдириш жазоланадиган жиноий қилмиш ҳисобланади (Жиноят кодексининг 113-моддаси).

Кўрамизки, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш талабини қўйишга ҳақли шахсларнинг доираси ҳар бир аниқ ҳолда вазиятга боғлиқдир. Никоҳни фақат суд фуқаролик суд ишини юритиш тартибида ҳақиқий эмас деб топа олади.

Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.

Прочитано: 1176 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика