Бир неча йил давомида жамоат ташкилотлари Ўзбекистонда ишлаётган аудиторлик ташкилотларига рейтинг баҳоси қўйишяпти. У билан «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунда фаолияти назарда тутилган «Аудитрейтинг» ташкилоти шуғулланади.
Республикада рейтинг ўтказиш мобайнида экспертлар баҳо беришнинг хорижий ва мамлакатимиз тажрибасини ўргандилар. Уни ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳар йили рейтинг услубияти қайта кўрилиб, такомиллаштирилади.
Уни ўтказиш чоғида аудиторлик ташкилотларининг ўтган йилги молиявий фаолияти натижалари, компаниянинг аудиторлик хизматлари бозорида ишлаш муддати, аудиторлар тажрибаси ва малакаси, мижозлар сони, компаниянинг ҳажми каби ва бошқа кўрсаткичлари ҳисобга олинади. Бундан ташқари, ишчанлик обрў-нуфузи, профессионализм, махфий сақлаш шартларига риоя қилиш, хизматларнинг сифати ва комплекслиги, тармоқнинг ўзига хос муаммоларини ҳал эта олиш, профессионал аудиторлик бирлашмаларида иштирок этиши ҳисобга олинади.
2012 йил якунларига кўра рейтинг ўтказиш услубиятига мувофиқ аудиторлик ташкилотлари тўрт тоифа бўйича гуруҳланади. Биринчи гуруҳга хорижий халқаро аудиторлик ташкилотлари киритилади. Иккинчи гуруҳга мамлакатимизнинг барча хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга бўлган аудиторлик ташкилотлари киради. Учинчи гуруҳга хўжалик юритувчи субъектларнинг ташаббус тарзидаги ва мажбурий аудиторлик текширувларини ўтказувчи аудиторлик ташкилотлари, бундан очиқ акциядорлик жамиятлари, банклар ва суғурта ташкилотлари мустасно, тўртинчи гуруҳга фақат ташаббус тарзидаги текширувларни амалга оширувчи аудиторлик ташкилотлари киради.
Шуни таъкидлаш лозимки, ҳозирги вақтда аудиторлик фаолияти ички ва ташқи омилларининг йиғма баҳоси саналадиган аудиторлик компаниялари рейтинги умуман аудит сифатининг кўрсаткичи эмас, балки аудиторлик хизматлари бозори ҳолатининг умумий индикатори ҳисобланади.
Аудиторлик ташкилотларининг рейтинг баҳосини ўтказиш тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон аудиторлар палатасининг uzaudit.uz, Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмасининг naaа.uz сайтларида жойлаштирилган, уни бевосита «Аудитрейтинг» МЧЖдан олиш мумкин.
Равшан ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон аудиторлар палатасининг раиси.