Norma.uz

Ходим орамиздан кетса...

 

– Меҳнат шартномасини ходимнинг вафоти муносабати билан бекор қилиш (Меҳнат кодекси (МК) 106-моддасининг 5-банди) раҳбарнинг тегишли буйруғи билан амалга оширилади, унда МКнинг тегишли банди ва моддаси кўрсатилган ҳолда бекор қилишнинг асоси кўрсатилади. Унинг нусхаси марҳумнинг яқин қариндошларига тилхат олган ҳолда топширилади.

Ходимнинг вафот этган кунигача олинмаган иш ҳақи унинг оила аъзоларига, шунингдек меҳнатга қобилиятсизлиги туфайли вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган шахсларга берилади.

Вафот этган ходимнинг меҳнат дафтарчаси унинг яқин қариндошларига тилхат ёздириб олиш йўли билан топширилади ёки уларнинг талабларига кўра почта орқали жўнатилади.

Унинг «Иши тўғрисидаги маълумотлар» бўлимида ёзувнинг тартиб рақами ва санаси кўрсатилгандан сўнг 3-устунга «Меҳнат муносабатлари бекор қилинди» деб ёзилиб, 4-устунда эса буйруқнинг санаси ва тартиб рақами кўрсатилади. Ушбу ёзув белгиланган тартибда тасдиқланади1.

Меъёрий ҳужжатларда марҳум оиласининг аниқ қайси аъзосига ходим вафот этган кунгача олинмаган унинг иш ҳақи, меҳнат дафтарчаси ва дафн этишга нафақа берилиши кераклиги кўрсатилмаганлиги сабабли амалиётда улар одатда корхона маъмуриятига ФҲДЁ органи томонидан берилган ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ва ўлим тўғрисидаги маълумотноманинг асл нусхаси, ўз паспортининг нусхаси ва марҳум билан қариндошлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ёки никоҳ гувоҳномаси, шунингдек тегишли аризаларни тақдим этган оила аъзосига берилади.

Бундан ташқари, агар оила аъзоси ёки ўз зиммасига марҳумни дафн этиш мажбуриятини олган шахс унинг учун нафақа олиш тўғрисида ариза ва зарур ҳужжатларни тақдим этса, ходимнинг асосий иш жойидан унга бундай нафақа тайинланиши керак. Нафақа олиш учун ходим вафот этган кундан бошлаб кўпи билан 6 ой мобайнида мурожаат қилиш мумкин. Дафн этишга нафақа энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида тўланади. Уни корхона кассири ариза берувчининг паспорти ва корхона бухгалтери томонидан расмийлаштирилган қайднома асосида нақд пул билан тўлайди2.

Ягона ижтимоий тўловни тақсимлаш, шунингдек харажатларни қоплаш бўйича суммаларнинг тўланишини ва юридик шахсларнинг давлат ижтимоий суғуртаси харажатлари бўйича тўловларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга3 кўра бюджетдан ташқари Пенсия жам-ғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари юридик шахсларнинг талабномалари бўйича дафн этишга нафақа тўловларини молиялаштирадилар.

Ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда, иш берувчи зиммасига, дафн этишга нафақани тўлашдан ташқари, боқувчининг оиласига етказилган зарарни МКнинг 192–194-моддаларида белгиланган тартиб ва миқдорларда қоплаш мажбурияти юкланади.

 

1Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (Меҳнат вазирлиги ва Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

2Дафн этишга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 14.06.2011 йилдаги 174-сон қарори билан тасдиқланган).

3МВ, ДСҚ ва МБ бошқарувининг АВ томонидан 9.09.2011 йилда 2262-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

Ленара ХИКМАТОВА,

юрист.

Прочитано: 885 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика