Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 6 / Қонунбузарликлар фош этилди

Тилла «жомадон»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.10.1997 йилдаги «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини мувофиқлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-1871-сон Фармонига мувофиқ республикамиздан тилла ва заргарлик буюмларини экспорт қилиш фақатгина Вазирлар Маҳкамаси кўрсатмасига асосан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади.

Афсуски, мазкур тартибга риоя қилмасдан, тилла ва заргарлик буюмларини юртимиз сарҳадлари орқали ноқонуний олиб ўтишга уринаётган кимсалар баъзида учраб туради. Яқинда «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари замонавий назорат-рентген аппарати ёрдамида йирик миқдордаги тилла буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйишди.

«Тошкент-Истанбул» рейси бўйича парвозга шайланаётган пойтахтлик О.Сайидносировнинг безовталаниши божхоначиларда бежиз шубҳа уйғотмаган экан: унга тегишли бўлган қўл юки назорат-рентген аппаратидан ўтказилганда, монитордаги тасвирларнинг шубҳали тус олиши божхоначиларни жомадон тутқичларини ҳам синчиклаб кузатишга ундади. Амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида тутқичлар очиб кўрилганда, уларнинг орасига қуйма тиллалар жойлаштирилгани фош қилинди.

2012 йил мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 371 та қонунбузарлик ҳолатларида салкам 34 кг тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Аммо дастлабки суриштирувларга кўра божхона баённомасида ва оғзаки суриштирувлар пайтида маълум қилинмаган оғирлиги 2,3 кг дан ортиқ тилланинг қаердан пайдо бўлиб қолганини юк эгаси – О.Сайидносиров ҳам «билмас» экан.

Худди шу баҳонани рўкач қилган яна бир фуқаро – Учтепа туманида истиқомат қилувчи Б.Жўраев Туркияга парвози олдидан жомадонининг кўз илғамас қисмларига жойлаштирилган 5,2 кг дан ортиқ қуйма тиллаларни кўриб, гўёки ҳайратга тушди.

Унинг ҳамроҳи М.Илҳомованинг баҳонаси эса сал бошқачароқ тус олди: у ўзига нотаниш бўлган кимсанинг илтимосини рад қила олмай, унинг жомадонини Истанбулга етказишни зиммасига олибди. Қарангки, бу аёлга тегишли жомадоннинг таркибий қисмлари ўрнига 4,7 кг дан ортиқ қуйма тиллалар моҳирлик билан яширилган, бу ҳам етмагандек, божхоначиларни чалғитиш мақсадида устидан қора рангга бўялган ҳам экан.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

«Тошкент-Аэро» ИБК

Ахборот хизмати.

Прочитано: 2344 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика