Спорт нафақат инсон танасини, балки унинг руҳиятини ҳам соғломлаштиради, уни ишга, ўқишга ва умуман ҳаётга ундаб туради. Руҳан ва жисмонан тетиклик эса божхоначилар учун ҳаёт тарзига айланиши шартдир.
ДБҚ ва Ўзбекистон волейбол федерацияси ҳамкорлигида божхона органлари ходимлари ўртасида ўтказиб келинган волейбол бўйича мусобақалар ҳақиқий спорт беллашувига айланди. Дастлаб Қўмитанинг таркибий тузилмалари – ҳудудий божхона бошқармалари, Миллий кинология маркази, Олий ҳарбий божхона институти ва «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари таркибидан иборат жами 17 та жамоа аъзолари жойларда куч синашдилар. Саралаш босқичларидан муносиб тарзда ўтган 8 жамоа финалда беллашиш учун пойтахтдаги Олий ҳарбий божхона институтининг спорт залида жам бўлишди.
Мусобақанинг финал босқичи республикамизнинг энг кучли волейболчи божхоначиларини аниқлаб берди: якуний натижаларга кўра ОҲБИ жамоаси 3-ўринни, сурхондарёлик божхоначилар 2-ўринни, бухоролик божхоначилар 1-ўринни қўлга киритишди. Шу тариқа ДБҚ Кубоги Бухорога йўл олди.
Нурбек САЛОМОВ.