Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Олий хўжалик суди ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбати тадбиркорлик субъектлари билан хўжалик судлари ўртасида электрон ҳужжат айланишини янада кенгайтириш масалаларига бағишланди.
Давлатимиз раҳбарининг 18.07.2012 йилдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4455-сон Фармони бу борадаги кафолатларни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир.
2013 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақларига масофадан хизмат кўрсатиш, «Интернет-банкинг» тизими орқали солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш, юкларни божхонада расмийлаштириш, юридик шахсларнинг кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқларини «ягона ойна» тамойили бўйича рўйхатга олиш, даъво аризалари ва илтимосномаларни хўжалик судларига бериш каби тартиб-таомилларни электрон шаклда амалга ошириш учун шароитлар яратилди.
2014 йилнинг охирига қадар барча тадбиркорлик субъектлари статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларни топширишнинг электрон тизимига тўлиқ ўтади. Бу тадбиркорларнинг вақти ва маблағини тежаш билан бирга, ортиқча бюрократик тўсиқларнинг олдини олади.
Жорий йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судида шикоят аризалар ва илтимосномаларни қабул қилиш бўйича марказлашган дастур жорий этилгани тадбиркорлар учун катта қулайлик бўлди. Олий хўжалик суди расмий сайтида жойлаштирилган «Электрон қабулхона» тизимида ҳужжатлар электрон шаклда қабул қилинмоқда.
ЎзА материаллари асосида тайёрланди.