Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 6 / Эътироф

Устюрт газ-кимё мажмуасини қуриш лойиҳасига юксак халқаро мукофот топширилди

Илгари хабар берилганидек, «Reuter Thompson» жаҳондаги етакчи ахборот агентлигининг нуфузли халқаро нашри – «Project Finance International» Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуасини қуриш лойиҳасини лойиҳавий молиялаш битимини нефть-кимё ва газ-кимё секторидаги 2012 йилнинг энг яхши лойиҳаси, деб эътироф этганди.

2013 йил 30 январь куни Лондонда «Project Finance International» мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда юксак мукофот «Ўзбекнефтгаз» МХК ҳамда лойиҳани амалга ошириш учун ташкил қилинган Жанубий Кореянинг «Kogaz», «Lotte Petrochemicals» компаниялари ва «Uz-Kor Chemicals» қўшма корхонаси консорциуми вакилларига топширилди.

Нуфузли «Хилтон Парклейн» меҳмонхонасида бўлиб ўтган тантанали тақдирлаш маросимида бутун дунёдан энг муҳим инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этадиган энг йирик халқаро экспорт-импорт агентликлари, инвестицион ва тижорат банклари, консалтинг компаниялари ҳамда юридик фирмаларнинг 400 нафардан зиёд вакиллари қатнашди.

Тақдирлаш маросимини очар экан, «Project Finance International» PFI нашрининг бош муҳаррири лойиҳавий молиялашнинг бой тарихи мобайнида Ўзбекистоннинг лойиҳаси илк бор тақдирланаётганини алоҳида таъкидлади. Айни пайтда Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилишини лойиҳавий молиялаш нафақат Ўзбекистон, балки бутун МДҲ газ-кимё сектори учун бу турдаги илк битим эканини қайд этди. Айнан ушбу факт лойиҳанинг инновационлиги билан бирга, уни йилнинг энг яхши битими, деб топиш учун асос бўлди.

Тадбир ташкилотчилари, сўнгги йилларда кузатилаётган жаҳон молия бозорларидаги беқарорлик ва юқори даражали ноаниқликка қарамай, Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши лойиҳаси учун Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг суверен кафолатисиз 2,54 миллиард доллар миқдоридаги кредит маблағларининг жалб этилиши алоҳида эътирофга сазовор эканлигини таъкидлади. Ушбу битимнинг бундай юксак муваффақияти Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган ислоҳотлар «Ўзбек модели»нинг юқори самарадорлигидан яна бир далолатдир.

Ўзбекистонда ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши натижасида сиёсий, ижтимоий ва макроиқтисодий барқарорлик тобора мустаҳкамланмоқда, хорижий сармоядорлар ва кредиторларнинг мамлакатимизга инвестиция киритишга интилиши ва қизиқиши ортмоқда. Ушбу омил Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши баробарида, халқаро сармоядорлар ва кредиторлар учун қулай шарт-шароит яратиш, мамлакатимизда ўз соҳасининг етакчи халқаро компаниялари иштирокида лойиҳавий молиялаш асосида кенг кўламли саноат лойиҳаларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилишини лойиҳавий молиялаш битимига берилган ушбу юксак мукофот етакчи халқаро инвестицион банклар, хорижий сармоядорлар ва кредиторларнинг эътиборини ўзига кенг жалб қилди. Уларнинг вакиллари тантанали маросимда Ўзбекистоннинг лойиҳалари халқаро миқёсда улкан эътибор қозонаётганлигини таъкидлаб, мамлакатимизда амалга ошириладиган янги йирик лойиҳаларда иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

ЎзА.

Прочитано: 2553 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика